Жаҳон | 19:19 / 12.08.2024
7806
4 дақиқада ўқилади

«Асосийси — Трампни енгиш ва демократияни қутқариш». Байден президентлик пойгасидан чиқишини изоҳлади

АҚШ президенти бўлажак сайловдаги эҳтимолий мағлубияти ягона сабаб эмаслигига ишончи комил.

Фото: Reuters

Жо Байден президентлик пойгасидан чиқиш тўғрисидаги қароридан кейинги илк интервюсида айтишича, Демократик партия ўзининг асосий вазифасини бажаришига халал бермаслик учун сайловдан номзодини олишга қарор қилган. Унинг фикрича, бу вазифа — Доналд Трампни енгиш ва АҚШда демократияни сақлаб қолиш эди.

Президент Байден билан интервю якшанба куни Американинг CBS телекомпанияси эрталабки дастури эфирида намойиш этилди.

«Сўровлар кўрсатдики, биз тенгма-тенг кетаётгандик, кураш охирги паллагача давом этган бўларди, — деган Байден. — Аммо, Вакиллар палатаси ва Сенатдаги кўплаб демократ ҳамкасбларим пойгада уларга зарар етказишим ҳақида ўйладилар. Ўзим ҳам пойгада қолишим унинг мавзусига айланишидан хавотирда эдим. Бу [Конгресс кампаниясига соя соладиган] масала бўларди. Сиз мендан „нима учун Нэнси Пелоси шундай деди“, „нима учун ундай бўлди“ деб сўраб, интервю олган бўлардингиз. Ва мен бу одамларни чалғитади деб қарор қилдим. Бу биринчиси».

Байденнинг сўзларига кўра, иккинчи мулоҳаза шунда эдики, у биринчи муддатининг бошидаёқ «ўтиш даври президенти» бўлиш ва эстафетани кейинги авлод вакили бўлган кимгадир топшираман деб ўйлаган.

«Мен учун энг муҳим вазифа олдингидек — ва мен ҳазиллашмаяпман — демократияни сақлаб қолиш, — дея давом этган Байден. — Шундай қилиб, президент бўлиш катта шараф бўлса ҳам, мен мамлакат олдида бурчим борлигига ишонаман — қилиш мумкин бўлган энг муҳим ишни қилиш, бу муҳим иш эса — биз Трампни мағлуб этишимиз шарт, шарт, шарт!»

Жо Байден 24 июл куни, президентлик пойгасидан чиқиш ҳақда эълон қилган миллатга мурожаати вақтида ҳам демократияни қутқариш зарурати ҳақида гапирганди.

Ноябр ойида 82 ёшда бўладиган Жо Байден CBS учун интервюсида «қанчалик қари эканини ҳам айта олмаслиги»ни билдирган, шу билан бирга, ўз ҳолатини мутлақо нормал деб баҳолашини таъкидлаган.

Июн ойида Трампга қарши кечган дебат (шундан кейин Демократик партиянинг кўплаб етакчи арбоблари Байденни сайловда иштирок этиш фикридан қайтара бошлаганди) борасида президент у ўшанда шунчаки қаттиқ толиққани ва қолаверса касал бўлиб қолгани ҳақидаги гапини такрорлаган.

Байден CBS журналистига Республикачи партиянинг номзоди айтаётган гаплар Трамп ғалаба қозонган тақдирда АҚШда демократия тақдиридан жиддий хавотир олишга мажбур қилишини таъкидлаган.

У Трамп 2021 йил 6 январида Капитолийни штурм қилганларнинг барчасини қамоқхоналардан чиқариб юбормоқчи эканини эслатган.

«У уларни афв этмоқчи. Бу ҳақда ўйлаб кўринг. Аввал Ку-клукс-клан аъзолари ўзларини танитмаслик учун капюшон кийиб юришган. Трамп президентлиги даврида улар соядан чиқишди, капюшонларини ечишди, чунки улар Оқ уйда иттифоқчиси борлигини биларди. Ва у ҳам уларнинг тарафини олди», — деган Байден.

Амалдаги президент агар ноябрда Трамп ютқазадиган бўлса, ҳокимият ўтказилиши тинч ва осойишда ўтиши билан якунланишига ишончи комил эмас. Трамп барча далилларга қарамай, ҳозиргача олдинги сайловларда ютқазганини тан олмай келади.

«У нимани гапираётганини яхши билади. Биз буни жиддий қабул қилмаймиз, у эса жиддий гапирмоқда. Унинг бу чиқишларининг барчаси „агар биз ютқазсак, қон тўкилиши бўлади“ қабилида», — дейди Байден.

Байденнинг фикрича, Трамп ва унинг иттифоқчилари, давлат ва жамият институтларини менсимайди, ҳолбуки айнан улар демократия асосларидир.

„Қон тўкилиши“ ҳақидаги сўзлари учун Доналд Трамп бунда ўзи мағлубиятга учрайдиган тақдирда АҚШ иқтисодиётида юзага келадиган вайронгарчиликни назарда тутганини айтган.

Мавзуга оид