Жаҳон | 18:38 / 12.08.2024
4377
2 дақиқада ўқилади

Эрон вице-президенти ўн кунлик ишидан кейин истеъфога чиқди

Муҳаммад Жавод Зариф ўз ишидан қониқмаганини тан олди.

Фото: AFP

АҚШ билан мулоқот тарафдори бўлган Эроннинг стратегик масалалар бўйича вице-президенти Муҳаммад Жавод Зариф истеъфога чиқди. У ўн кун давомида лавозимда ишлаган.

«Ўз ишимнинг (янги Вазирлар Маҳкамасини шакллантириш бўйича маслаҳат кенгаши раҳбари сифатида) натижасидан қониқмадим», деб ёзди Зариф ижтимоий тармоқда.

Масъуд Пизишкиён 5 июл куни бўлиб ўтган Эрон президентлик сайловида ғалаба қозонганидан кейин Зариф Маслаҳат кенгашига раис бўлган эди. У вазирликка номзодларни танлаб олиши ва 11 август куни тасдиқлаш учун парламентга тақдим этиши лозим эди.

У ўзи ваъда қилгандек, «махсус қўмиталарнинг эътиборини аёллар, ёшлар ва этник озчиликларни жалб этишга қарата олмаганини» таъкидлади.

Муҳаммад Жавод Зариф 2013 йилдан 2021 йилгача Эрон ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган. Собиқ вазир 2015 йилда Эрон ядро дастури бўйича битим тузишда фаол иштирок этган ва Америка расмийлари билан доимий мулоқотда бўлган. У 2024 йилги президентлик сайловида ислоҳотчи номзод Масъуд Пизишкиённинг асосий тарафдорига айланди.

Зариф истеъфога чиққандан кейин ҳам университетдаги фаолиятини давом эттирмоқчи. У 2007 йилдан бери Теҳрон университетининг халқаро муносабатлар мактабида дарс беради.

Мавзуга оид