Жаҳон | 09:31 / 12.08.2024
11472
2 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги: Курскда Украинанинг чуқур кириб боришга уриниши олди олинди

Украина ҳарбийларининг Курск вилояти Беловский туманига киришга уриниши тўхтатилди, деб хабар берди Россия Мудофаа вазирлиги.

Фото: Anatoliy Zhdanov/Kommersant/Sipa USA/picture alliance

Россия Мудофаа вазирлиги 11 август, якшанба куни берган хабарга кўра, Россия қуролли кучлари Украинанинг Курск вилоятига чуқур кириб боришга уринишини тўхтатди. Идора маълумотларига кўра, Коренев туманида жойлашган Толпино, Журавли ва Общий Колодез аҳоли пунктлари ҳудудларида фаол ҳарбий ҳаракатлар олиб борилган.

Бундан ташқари, «Украина қуролли кучларининг Курск вилояти Беловский туманига бостириб киришга уриниши тўхтатилди», — дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида. Аввалроқ маҳаллий ҳокимият органлари якшанбага ўтар кечаси Украина ҳарбийлари сешанба кунидан бери жанговар ҳаракатлар давом этаётган Суджа билан ёнма-ён жойлашган Беловский туманига киришга урингани ҳақида хабар берган эди.

Бу ҳақда, хусусан, туман маъмурияти раҳбари Николай Волобуев гапирди. У минтақадаги вазиятни «барқарор, аммо таранг» деб атади. «Кеча Украинанинг Беловский тумани ҳудудига кириб бориши қайд этилди, бизнинг ҳимоячиларимиз вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлишди, ҳозирда Беловский ва Обоянский туманларида ҳарбий тўқнашувлар йўқ», деб ёзди Курск вилояти губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов. 

Курск вилоятида жанглар

Украина Қуролли кучлари 2024 йил 6 августдан буён Курск вилоятида ҳарбий операция ўтказмоқда. Коренев ва Суджа туманларида фаол жанглар кетмоқда. 10 август куни Белгород, Брянск ва Курск вилоятларида аксилтеррор операцияси режими жорий этилди. 

Украина ҳукумати УҚКнинг Курск вилоятидаги ҳарбий ҳаракатларига расман изоҳ бермаяпти. Украина хавфсизлик хизматининг юқори мартабали мулозими AFP агентлигига айтишича, операцияда «минглаб» украиналик ҳарбийлар иштирок этяпти. Унинг сўзларига кўра, ҳужумнинг мақсади - Россия кучларини «чўзиш» ва мамлакатни «беқарорлаштириш».

Мавзуга оид