Жаҳон | 11:59 / 12.08.2024
11304
5 дақиқада ўқилади

Россия ва Украина Запорижжя АЭСдаги ёнғинда бир-бирини айбламоқда. Бу ҳақда нималар маълум?

Якшанба куни кечқурун Европадаги энг йирик атом  электр станциясига алоқадор объектда ёнғин чиққанидан кейин Киев ва Москва бунда бир-бирини айбламоқда. Икки томон ҳам ёнғин радиациявий хавфсизликка таъсир қилмаганини тан олишмоқда, шу билан бир вақтда Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) каби бундай ҳодисаларнинг эҳтимолий хавфидан огоҳлантирмоқда.

Скриншот: UKRAINIAN PRESIDENCY/HANDOUT

Украина президенти Володимир Зеленский аввалроқ Запорижжя АЭСдаги ёнғин россиялик ҳарбийлар томонидан уюштирилганини айтганди, ҳудуд 2022 йилдан буён Россия оккупацияси остида қолмоқда. Запорижжя областининг босиб олинган қисмига Кремл томонидан тайинланган губернатор Евгений Балицкий ёнғинга Украина томони зарбаси сабаб бўлганини маълум қилган. Reuters агентлиги ёнғин Украина кучлари Россиянинг Курск области ҳудудига бостириб киришидан бир неча кун ўтиб рўй берганига эътибор қаратган.

Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг олти реакторга эга АЭСнинг улкан ҳудудида бўлиб турган экспертлари «кечқурун бир неча портлаш» овозлари эшитилганидан кейин «станциянинг шимоли-ғарбий қисмидан чиққан» қуюқ тутунни кўришган.

«[Кузатувчилар] бугун гўёки станциянинг градирняларидан бирига дрон ҳужуми рўй бергани ҳақида хабар қилишди. АЭХА бош директори Рафаэл Мариано Гросси бу ядровий хавфсизликка таъсир қилмаслигини тасдиқлади», — дейилган ташкилот баёнотида.

Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси асосий ёнғин соат 23:30 га келиб ФВВ ўт ўчирувчилари томонидан ўчирилганини маълум қилган. Корпорациядагилар тасдиқлашича, градирнялардан бирига «украинларнинг иккита дрони тўғридан тўғри келиб урилган, натижада ички конструкциялар аланга олиб ёнғин юзага келган».

Градирня — атмосфера ҳавосининг йўналтирилган оқими билан катта миқдордаги сувни совитиш учун мўлжалланган қурилмадир. «Росатом»га кўра, совитиш минорасининг ички конструкцияларига «жиддий зарар» етказилган, «бу ҳодисани ядровий терроризм факти сифатида тавсифлаш мумкин».

Худди шу вақтда Россия ФВВ аниқлик киритишича, ишламаётган совитиш минораси шикастланган, пластик буғ тутиб қолувчилар аланга олган. Украинанинг «Энергоатом» компанияси ҳам градирнялардан бири ва бошқа қурилмаларга зарар етказилганини маълум қилган.

«Энергоатом» бирор далил келтирмаган ҳолда Россия АЭС градирняларидан ҳарбий техника ва портловчи қурилмаларни сақлашда фойдаланишини билдирган, ёнғинга эса бепарволик ёки қасддан ўт қўйиш сабаб бўлганини тахмин қилган. Зеленский ҳам «россиялик оккупантлар Запорижжя атом станциясида ёнғин уюштиргани» ҳақида айтганди.

Украина томони ҳам, Россия томони ҳам ёнғин радиациявий фонга таъсир қилмаганини айтмоқда. Украина фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати мамлакат ҳудудида радиациявий вазият барқарорлиги, «ошиб кетиш қайд этилмагани»ни маълум қилган. Украина ИИВ раҳбари Игор Клименко техноген тарзда келиб чиқадиган радионуклидлар кузатилмаганини билдирган.

«Ҳозирча радиация кўрсаткичлари нормада, — деган Зеленский. — Аммо россиялик террорчилар атом станция устидан назоратни сақлаб қоларкан, нормал вазият бўлиши имконсиз. Россия Запорижжя АЭСни эгаллаб олган илк кунидан буён ундан фақат Украинани ҳам, бутун Европа ва дунёни ҳам шантаж қилиш учун фойдаланмоқда».

АЭСда станция периметри ташқарисида, совитиш ҳовузи шимолида жойлашган иккита градирня мавжуд, аммо улардан фақат Запорижжя тўлиқ куч билан ишлаганида фойдаланилади, ҳозирда эса унинг фаолияти музлатилган.

«[Ёнғиндан] етказилган зарар фаолияти олтита ўчириш блок хавфсизлигига тўғридан тўғри таъсир кўрсатмаган, — дейилади АЭХА баёнотида. — Аммо унинг майдони ёки атрофидаги ҳар қандай ёнғин олов хавфсизлик учун муҳим аҳамиятга эга объектларга ҳам тарқалиш хавфини туғдиради».

АЭСнинг россияликлар томонидан тайинланган маъмурияти АЭХА кузатувчиларига радиация даражаси ошиш хавфи йўқлигини тасдиқлаган, чунки айтилаётган ҳужум рўй берган жойда радиоактив материаллар бўлмаган, дейилади баёнотда. Кузатувчилар радиация даражасини текшириб, у ўзгаришсиз қолганига ишонч ҳосил қилишган.

Запорижжя АЭСдаги ёнғин Украинанинг Россиянинг Курск областига бостириб кирганига қарийб бир ҳафта бўлганида рўй берди, Курск областида Курск АЭС жойлашган.

Европада энг йирик атом электр станция ҳисобланган Запорижжя АЭС 2022 йил февралида, Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинининг илк кунларида эгаллаб олинганди. Станциянинг олтита ядровий реактори ҳозирда «совуқ тўхташ» режимида. Бу эса реакторлар ёпилгани ва улар паст босим остида ушлаб турилишини англатади. Охирги реактор худди шу тарзда жорий йил апрелида музлатилганди.

Мавзуга оид