Жаҳон | 12:09 / 12.08.2024
1857
5 дақиқада ўқилади

Венесуэла мухолифати бутун дунё бўйлаб норозилик акциялари ўтказишга чақирди

Мария Корина Мачадо ўз видеомурожаатида 17 август куни мухолифатнинг президентлик сайловларида эълон қилинган ғалабасини қўллаб-қувватлаш учун бутун дунё бўйлаб норозилик намойишлари ўтказишни таклиф этди.

Фото: Getty images

Венесуэла мухолифати республика раҳбари Николас Мадуронинг сайловларда расман эълон қилинган ғалабасига рози бўлмаган ҳолда 17 август куни «Венесуэла ва бутун дунё кўчаларида» глобал норозилик намойишлари ўтказишга чақирди. «Бу хабар бугунги Венесуэлада ўзини танимаётган, оиласи ажратилишидан чарчаган, овоз берган ва 28 июлда қарор қилинган нарса ҳурмат қилинишини истаганлар учундир», - дейди мухолифат етакчиси Мария Корина Мачадо 12 август, душанбага ўтар кечаси.

Мачадо, шунингдек, одамларни ўзлари яшаётган шаҳарда фаол бўлишга ва намойишларга қўшилиш учун «таклиф қилмоқчи бўлган ҳар бир киши билан» видеони баҳам кўришга чақирди. Мухолифат етакчисининг хабари чоп этилганидан кейинги дастлабки тўрт соат ичида бир ярим миллион марта кўрилган.

Сайловда иштирок этиши тақиқланганидан кейин сайлов бюллетенида Мачадо ўрнига келган мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалес Уррутиа алоҳида шундай деди: «Биз ғалаба қозондик, Венесуэла ғалаба қозонди. 17-куни кўришгунча». Иккала мухолифат етакчиси ҳам бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида яшириниб юрибди. Мачадо яқинда номаълум жойга олиб кетилган Венесуэла мухолифати вакиллари туфайли ўз ҳаётидан хавотирда эканини айтди, деб таъкидлади AFP.

АҚШ Мадурога президентликдан воз кечиш эвазига амнистия таклиф қилди

Оқ уй махфий музокаралар давомида Николас Мадурога амнистия эвазига Венесуэла президенти лавозимидан ихтиёрий равишда воз кечишни таклиф қилди, деб хабар берди The Wall Street Journal (WSJ) ўз манбаларига таяниб. Қўшма Штатларда Мадуро ва унинг юқори мартабали шериклари гиёҳванд моддалар савдоси ва хусусан, АҚШга кокаин олиб киришда иштирок этганликда айбланган.

WSJ суҳбатдошларининг таъкидлашича, Вашингтон Мадурога 2023 йилда Доҳадаги махфий музокаралар чоғида худди шундай шартларда амнистия таклиф қилган. Бироқ ўшанда Венесуэла раҳбари ҳокимиятдан муддатидан олдин воз кечиш шартларини муҳокама қилишдан бош тортган ва шундан бери унинг позицияси ўзгармаган. 9 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Мадуро Қўшма Штатлардан «Венесуэланинг ички ишларига аралашмасликни» сўради ва агар Вашингтон унга ҳурмат кўрсатса, у билан музокараларга очиқлигини таъкидлади.

Мадуро Венесуэла раҳбари этиб қайта сайланди

Венесуэлада президентлик сайловлари 28 июл куни бўлиб ўтди. Мамлакат ҳукумати назоратидаги сайлов комиссиясининг маълум қилишича, аввалроқ мамлакатни икки муддат президентлик лавозимида бошқарган Мадурони сайловчилар 51,2 фоизи қўллаб-қувватлаган. Бироқ халқаро кузатувчиларга сайловларда иштирок этишига рухсат берилмаган.

Мухолифатга кўра, овозлар адолатли саналганда Гонсалес тахминан 67 фоиз овоз билан сайловда ғалаба қозониши керак эди. Мадуронинг рақиблари Венесуэла бўйлаб тўғридан тўғри сайлов участкаларидан олинган бюллетенларнинг 80 фоиздан ортиғини эълон қилди. Сайловдан олдинги сўровлар ҳам Мадуронинг мағлубиятини башорат этган эди. 

Сайлов натижалари эълон қилингач, Каракас ва Венесуэланинг бошқа шаҳарларида сохталаштиришга қарши намойишлар бошланди. Полиция ва ҳарбийлар намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланган. Reuters агентлигига кўра, намойишлар чоғида камида икки киши ҳалок бўлган. 

ЕИ ва АҚШ Венесуэладаги сайлов натижаларини тан олмади 

Америка Қўшма Штатлари аввалроқ Гонсалесни «катта фарқ» билан сайловда ғолиб деб эълон қилган эди. Давлат котиби Энтони Блинкен Венесуэла ҳукуматини «Венесуэла сайлов қонунлари ва Венесуэла халқининг хоҳиш-истакларига мувофиқ ҳокимиятни тинч йўл билан ўтказиш бўйича мунозараларни бошлашга» чақирди.

Европа Иттифоқи халқаро миқёсда тан олинган орган томонидан сайлов протоколларини мустақил равишда кўриб чиқишга чақирди. Брюссел Мадуронинг иккинчи муддатга қонунийлигини тан олмади – мамлакатдаги аввалги сайловлар ҳам худди шундай сценарий бўйича ўтган, шундан сўнг Мадуро режими мухолифатни таъқиб қила бошлаган ва мамлакатда узоқ давом этган сиёсий инқироз бошланган. 

Мавзуга оид