Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
40 мингдан ошган Ғазо қурбонлари, Украина назоратига ўтган Суджа, рус блогерларини даромаддан мосуво қилган YouTube — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
2023 йилнинг 7 октябридан буён Ғазо секторида Исроил ҳужумлари туфайли 40 мингдан ошиқ одам ўлдирилди ва бу эксклав аҳолининг 1,8 фоизини ташкил этади.
Бу ҳақда Фаластин статистика бюроси хабар қилмоқда. Бюронинг маълумотларига кўра, қамал қилинган эксклавда ўлдирилганларнинг 24 фоизи ёшлар бўлган.
Маҳаллий соғлиқни сақлаш органи хабарига кўра, шанба куни Ғазо секторидаги ат-Табиин мактабига Исроил армиясининг зарба бериши натижасида 100 дан ортиқ тинч аҳоли вакиллари ўлдирилган, ўнлаб одамлар ярадор қилинган.
Айни пайтда Ғазо секторида 3,5 мингдан ортиқ болалар озиқ-овқат етишмаслиги натижасида ўлим хавфига дуч келган. Расман 34 киши очликдан ўлгани қайд этилган.
Маълумотларга кўра, Ғазо секторида ярадор бўлган 90 мингдан ортиқ одамларнинг 70 фоизи ёш болалар ва аёллардир, 10 мингдан ортиқ инсон бедарак йўқолган ҳисобланади, икки миллион киши эса ўз турар жойларидан мажбуран кўчирилиб сарсон қилинган.
Ғарбий соҳилда эса Исроил рейдлари туфайли ўлдирилган фаластинликлар сони 620 нафарга етди, уларнинг 75 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлардир.
Исроилнинг 10 ойлик зулмидан сўнг Ғазонинг катта қисми вайроналарга айланган. Озиқ-овқат, тоза ичимлик сув, дори-дармон ва ёқилғи етказишга Исроил томонидан тўсиқ қўйилган.
Май ойида БМТ Халқаро суди Жанубий Африка Республикасининг Ғазода геноцид юз бераётгани тўғрисидаги даъво аризаси бўйича вақтинчалик чоралар эълон қилган, Исроилга Рафаҳдаги ҳарбий операцияларни зудлик билан тўхтатиш, инсонпарварлик ёрдамлари етказиш учун чегараларни очиш талабини қўйган эди. Исроил бу талабларни назар-писанд қилгани йўқ.
Исроилдаги келишмовчиликлар
Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг ҲАМАС устидан тўлиқ ғалаба қозониш тўғрисидаги сўзларини “сафсата” деб атаган.
Тарқатилаётган маълумотларга кўра, Галлант Исроил парламенти — Кнессетнинг мудофаа ва ташқи сиёсат қўмитаси аъзолари олдида чиқиш қила туриб, нега ЦАҲАЛ Ливанда уруш бошламаётгани тўғрисидаги саволига жавоб берган. Галлант бу саволга саркастик жавоб бериб, “қаҳрамон” сиёсатчилар ҳақида сўзлаб берган.
“Мен тўлиқ ғалаба ва бошқа сафсаталарни лақиллаётган қаҳрамонларни эшитиб турибман. Масала муҳокамага қўйилса улар дадиллашиб қолишади”, деган Галлант. Мудофаа вазири ҳарбийларни “қўрқоқликда” айблаётган бош вазир ҳукуматнинг ёпиқ мажлисларида улар камера қаршисида турганидек дадил эмаслигига шама қилган.
“Ливан билан уруш учун шарт-шароитлар айни пайтда уруш аввалидагига нисбатан мутлақо тескари”, – деган Галлант.
У шунингдек, Исроил сиёсий ҳокимияти “гаровда ушлаб турилганларни қайтариш учун шарт-шароитлар ҳозирлашга мажбур” эканини айтиб, айнан Исроил ҲАМАС билан келишувга эришиш учун тўсиқ қўяётганини тан олган.
ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Иззат ар-Ришк Йоав Галлантнинг сўзларини изоҳлаган.
ҲАМАС вакилининг сўзларига кўра, ҳаракат устидан тўлиқ ғалабага эришиш сафсата экани ва келишувга эришишга Исроил тўсиқ қўяётгани ҲАМАСнинг сўзларини исботлашини айтган.
Ар-Ришк Нетаняҳу бутун дунё ва гаровдагиларнинг оила аъзоларини алдаётгани, уни асирларнинг ҳаёти қизиқтирмаслиги, у келишувга эришишни истамаслигини айтган: “Уни ташвишлантираётган ягона нарса — урушни давом эттириш ва янада кенгайтириш”, деган ар-Ришк.
“Дунё агрессия ва қирғинбарот урушни тугатиши учун Нетаняҳу ва унинг ҳукуматига босим ўтказиши керак”, — деган ҲАМАС вакили.
Унинг қўшимча қилишича, ҳаракат АҚШ президенти Жо Байденнинг баёноти ҳамда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг келишувга эришиш бўйича резолюциясига кўниб, юмшоқлик ва позитив кайфият намойиш этишган, бироқ алалоқибат Нетаянҳунинг муросасизлигига дуч келишган.
Эроннинг Исроилга зарбаси
Эрон Исроилга 24 соат ичида зарба бериши мумкин, деб хабар бермоқда Американинг Fox News телеканали ўз манбаларига таяниб.
«Эрон ва унинг иттифоқчиларининг зарбаси 24 соатдан камроқ вақт ичида бошланиши мумкин», дейилади хабарда.
«Яқин Шарқдаги экспертлар ҳамма нарса муҳим нуқта томон кетаётганига амин», деб қўшимча қилади Fox News.
Аввалроқ АҚШ, Қатар ва Миср етакчилари ҲАМАС ва Исроилни 15 август куни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш келишуви бўйича музокараларни қайта бошлашга чақирган эди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг идораси ҳам Исроил делегацияси музокараларда иштирок этишини маълум қилди. Бир кун аввал ҲАМАС уларда иштирок этишдан бош тортаётганини эълон қилган эди.
Июл ойи охирида Теҳронда ҲАМАС сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳания ва Байрутда «Ҳизбуллоҳ» етакчисининг катта маслаҳатчиси Фуад Шукр ўлдирилганидан кейин Яқин Шарқдаги вазият кескин ёмонлашди. Эрон ва «Ҳизбуллоҳ» уларнинг ўлими учун Исроилдан қасос олишга ваъда беришди.
Украинанинг Россияга ҳужуми
Украина ҳукумати илк марта Қуролли кучларининг Россиянинг Курск областига қилган ҳужумига изоҳ берди.
Украина армияси Россия ҳудудининг 1000 квадрат километр ҳудудини назорат қилмоқда, деган Украина армияси бош қўмондони Олександр Сирский фронтдаги мудофаа ҳаракатлари ва Курск вилоятидаги операция ҳақида маълумот бера туриб.
Украина президенти Володимир Зеленский телеграм-каналида штаб-квартира йиғилишидан видео эълон қилинди. Украина президентининг таъкидлашича, Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони генерал Олександр Сирский «фронтдаги мудофаа ҳаракатлари ва Курск областидаги операция ҳақида маълумот берган».
Сирский учрашув чоғида Украина ҳарбийлари Россиянинг қанча ҳудудини назорат қилаётганини айтган. «Айни дамда Россиянинг 1000 квадрат километрга яқин ҳудуди бизнинг назоратимиз остида», деди Сирский.
Курск области раҳбари Алексей Смирнов 12 август куни Россия президенти Владимир Путин билан учрашувда Украина Қуролли кучлари Курск вилоятидаги 28 та аҳоли пунктини назорат қилаётганини айтди.
Бироқ Украинанинг OSINT-DeepState лойиҳаси Украина қуролли кучлари Курск вилоятидаги 44 га яқин аҳоли пунктини назорат остига олганини даъво қилмоқда.
Украина Қуролли кучлари 6 августдан буён Курск вилоятида ҳужум уюштирмоқда. Дастлабки кунларда Украина армияси бир нечта аҳоли пунктларини эгаллаб олди, шундан сўнг Украина Қуролли кучларининг олдинга силжиши секинлашди.
Бу орада Украина Курск областининг Суджа шаҳри эгалланганини маълум қилди. BRAVO Team махсус кучлар отряди Украина Қуролли кучлари Суджани назоратга олгани ҳақида иккита видео эълон қилди.
«Суджа шаҳри Украина Қуролли кучлари назорати остида, унда иштирок этган барча бригадалар ва баталионларга шон-шарафлар бўлсин», дейилади улардан бирининг остига ёзилган изоҳда.
Украина ва Россия Федерацияси расмийлари бу баёнотларга изоҳ бермади.
Рус блогерлари даромаддан айрилди
Google AdSense контекстли рекламалар сервиси Рунетдаги ишини тўлиқ йиғиштириб, Россиядаги фойдаланувчиларнинг қайд этиш ҳисобларини ўчиради. Тегишли билдиришнома 12 август куни россиялик ноширлар ва блогерларга жўнатилган, деб ёзади 3Dnews.
Шундай қилиб, YouTubeʼда ишловчи сайтлар эгалари ва блогерлар Google AdSenseʼга уланишдан ва реклама тармоғи тақдим этаётган хизматлардан тўлиқ мосуво бўлади.
2022 йил мартида Google Россия ҳудудида реклама кўрсатилишини ўчириб қўйган эди. Реклама хабарлари қидирув тизимида ҳам, YouTube ва шерик тармоқларда ҳам кўринмасди. Бироқ ноширлар ва YouTube блогерлар хориждан туриб қилинган томоша учун даромад олаверишар эди.
Россияда YouTube блоклана бошлагач, ҳамма VPNʼга уланиб томоша қила бошлади ва рекламалар қайта пайдо бўлиб, монетизациядан даромадлар оша бошлаган эди.
YouTube бунга дарҳол жавоб берган. Бу ҳолда реклама берувчиларнинг бюджети ҳавога совурилади. Чунки хорижий рекламаларнинг Россияда кўрсатилишидан маъни йўқ, боз устига, хорижий рекламаларнинг Россияда кўрсатилиши ҳам ғалати. Шу сабабли AdSense аккаунтлари шунчаки блоклаб қўйилди.
Россиялик йирик блогерлар учун бунинг таъсири деярли йўқ. Россиялик реклама берувчилар реклама учун Россияда пул тўлашади ва ундан солиқлар Россияда қолаверади. Бундан YouTube бир цент ҳам олмайди.
Бироқ AdSenseʼдаги даромадлардан кун кўрадиган кичик каналлар энди контент тайёрлашни умуман йиғиштириб қўйишлари мумкин.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025