Жаҳон | 15:10 / 13.08.2024
18624
3 дақиқада ўқилади

FT: Россия флоти Европага ядро зарбалари беришга тайёрланган

Ғарб манбалари Россия Федерациясининг нишонига айланиши мумкин бўлган Европадаги НАТО объектлари тасвирланган хариталарни FT’га кўрсатди. 

Фото: Вячеслав Прокофьев / Sputnik / pool / Reuters

Россия ҳарбий-денгиз флотини НАТО билан юзага келиши мумкин бўлган можарода ядровий каллакларни олиб юришга қодир ракеталар билан Европадаги нишонларга ҳужум қилишга тайёрлаган. Бу ҳақда Financial Times газетаси 13 август, сешанба куни Ғарб манбалари журналистларга кўрсатган махфий материалларга таяниб ёзди. 

«2008 йилдан 2014 йилгача тузилган файлларда оддий жанговар каллакларни ҳам, тактик ядро қуролларини ҳам олиб юриши мумкин бўлган ракеталар нишонлари рўйхати мавжуд. Россия зобитлари ядро зарбаларини дастлабки босқичда қўллашнинг афзалликларини таъкидлаган», деб ёзади FT. 

Потенциал мақсадларга эга хариталар офицерлар учун тақдим этилган бўлиб, у Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли ҳужуми бошланишидан олдин тайёрланган, дейилади нашрда.

FT мақоласида таъкидланганидек, бу хариталар «оператив фойдаланиш учун эмас, балки тақдимот мақсадида» тузилган. Уларда Россия ҳарбий-денгиз кучлари учун 32 та нишон танлаб олинган - НАТОнинг Европадаги объектлари.

Европадаги қайси объектлар Россия зарбалари нишонига айланиши мумкин? 

Журналистлар бу борада қуйидаги тафсилотларни тақдим этди: «Россия Болтиқ флотининг нишонлари асосан Норвегия ва Германияда, шу жумладан Бергендаги ҳарбий-денгиз базаси, шунингдек радар объектлари ва махсус кучлар объектлари»; «Россия Шимолий флоти Англия шимоли-ғарбий қисмидаги Барроу-ин-Фурнессдаги сувости кемалар заводи каби мудофаа саноати объектларига ҳужум қилиши кутилган. Мақсад Халл яқинидаги (Йоркшир Шарқий райдинг графлигидаги Кингстон-апон-Халл шаҳри) саноат объекти бўлиши мумкин - у мўри трубаси билан белгиланган». 

Бошқа нарсалар қаторида, тақдимот Қора ва Каспий денгизлари ҳамда Тинч океанида тегишли стратегияни қандай қўллаш мумкинлигини акс эттиради, дейилади мақолада. «Бу сценарийлар Хитой, Эрон, Озарбойжон ва Шимолий Корея каби ҳозирги иттифоқчилар билан урушларни ўз ичига олади».

Тақдимотда, шунингдек, Россия ядровий қуролни сувусти кемаларида жойлаштириш имкониятини сақлаб қолгани айтилади. Экспертлар фикрича, бу вазият кескинлашиши ёки авариялар хавфи ошиши билан боғлиқ. Журналистлар таъкидлашича, Россия Федерациясининг бундай имкониятлари АҚШ ва СССР ўртасидаги 1991 йилдаги тегишли келишувни бузишдир. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид