Ғазодаги уруш ва гаровдагилар тақдири. Нетаняҳу ва мудофаа вазири ўртасида баҳс юзага келди
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Йоав Галлант Ғазода ушлаб турилганларни озод этиш учун ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани борасида бир-бирини танқид қилди.
Галлант Нетаняҳунинг Ҳамас устидан тўлиқ ғалабага эришиш мақсадини «сафсата» деб атаган, Нетаняҳу бунга жавобан мудофаа вазирини Исроилга қарши риторикада айблаган.
Бу келишмовчилик минтақадаги вазият кескинлашиши эҳтимоли бўйича хавотирлар ортаётган паллада юзага келди: Исроилдагилар Теҳронда Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ва Байрутда «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали қўмондони Фуад Шукр ўлдирилганига жавобан Эрон ҳамда унинг Ливандаги прокси гуруҳи томонидан жавоб қайтарилишини кутмоқда, АҚШ эса Яқин Шарқдаги ҳарбий мавжудлигини оширмоқда.
«Гаровга олинганларни озод этиш бўйича музокаралар тўхтаб қолишига қисман Исроил сабабчи бўлди», — дея Галлантнинг душанба куни парламент қўмитаси учун ёпиқ брифингда айтган сўзларидан иқтибос келтирган Исроил нашрлари.
Галлант Исроил қаршисида турган, мамлакат шимолида «Ҳизбуллоҳ» ва Ғазода Ҳамас билан можарога барҳам бериши мумкин бўлган ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув ҳамда урушда кескинликни кучайтириш бўйича танловларни муҳокама қилган.
«Мен ва бутун мудофаа вазирлиги биринчи вариантни қўллаймиз», — деган у ва Нетаняҳу уруш мақсади сифатида Ғазода Ҳамас устидан тўлиқ ғалабага эришишни белгилаб олганини «бемаънилик» деб атаган.
Галлантнинг сўзлари ОАВда пайдо бўлганидан бир неча соат ўтиб Нетаняҳу жавоб чиқишини амалга оширди, унинг канцелярияси эълон қилган баёнотда Галлант гаровдагиларни озод этиш бўйича келишувни хавф остига қўйишда айбланади.
«Галлант Исроилга қарши риторика билан чиққанида, у келишувга эришиш имкониятларига зарар етказади», — деган Нетаняҳу ва Ҳамас етакчиси Яҳё Синвар — «келишув йўлидаги ягона тўсиқ бўлгани ва шундай бўлиб қолаётгани»ни айтган.
Нетаняҳу Исроил учун урушдаги мақсад «тўлиқ ғалаба», Ҳамасни яксон этиш ва ўтган йил 7 октябрида гаровга олинганларнинг қолганларини ҳам озод этиш эканини таъкидлаган.
«Бу бош вазир Нетаняҳу ва хавфсизлик кабинетининг аниқ кўрсатмаси бўлиб, у барча учун, жумладан Галлант учун ҳам мажбурийдир», — дейилади бош вазир идораси баёнотида.
«Бугун Ташқи ишлар ва мудофаа қўмитасида ўтказган хавфсизлик масалалари бўйича брифинг вақтида мен урушнинг мақсадларига эришиш, Ҳамас йўқ қилинмагунича ва гаровга олинганлар қайтарилмагунича курашни давом эттириш ниятида эканимни қайд этдим», дейилади Галлантнинг бунга жавобан берилган баёнотида.
У шунингдек уруш бошланганидан буён тинмаётган, жумладан душанба куни ҳам рўй берган «ахборот сизиб чиқиши»ни қоралаган.
Нетаняҳунинг «Ликуд» партияси аъзоси бўлган Галлант бундан олдин ҳам бош вазир билан низолашган.
Ўтган йили у оммавий намойишлар келиб чиққанидан кейин Нетаняҳу ҳукуматини Исроил суд тизимини қайта ташкил этиш бўйича таклифни амалга оширишни тўхтатишга чақирганди.
Май ойида Галлант Ғазони урушдан кейин бошқариш бўйича режа йўқлиги Исроилни анклавни доимий равишда эгаллаб туришга мажбур қилиши мумкинлиги, бу эса «ҳеч қандай мақсадсиз қон тўкилиши ва қурбонлар»ни талаб қилишини айтганди.
AFP агентлиги хабарига кўра, исроиллик мулозимлардан бири шахси сир қолиши шарти билан, Нетаняҳу ўзига қарши чиққанига қарамай, Галлантни мудофаа вазири лавозимидан озод этмоқчи эмас.
Ҳамас сиёсий бюроси аъзоси Иззат ал-Ришк «Галлантнинг иқрори (…) биз доим айтиб келган гапларни тасдиқлайди» деган.
«Нетаняҳу бутун дунёни ва гаровдагиларнинг оилаларини алдаб келади, уни гаровдагиларнинг ҳаёти ташвишга солмайди ва у келишувга эришишни истамайди», — дея қўшимча қилган у.
Ҳамас вакиллари, Исроилдаги айрим таҳлилчилар ва танқидчилар бир неча марта Нетаняҳуни ўзининг сиёсий фойдаси учун ҳарбий ҳаракатлар узоқ чўзилишига интилишда айблаганди.
Исроил ва Ҳамас ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар бир неча бор турли сабабларга кўра барбод бўлди.
Воситачилар иштирокида музокараларнинг навбатдаги босқичи 15 август куни Доҳа ёки Қоҳирада бошланиши кутилмоқда. Шу кунларда Ҳамас янги режаларни ишлаб чиқишга вақт сарфламасдан, АҚШ президенти Жо Байден май ойида таклиф қилган режага қайтишни истаётганини маълум қилганди.
Ўтган ҳафтада Байден, шунингдек, Миср ва Қатар етакчилари учрашувда Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича «якуний» таклифни тақдим этишга тайёр эканликларини билдиришди.
Нетаняҳунинг идораси Исроил учрашувга музокарачилар жамоасини юборишини маълум қилган. Учрашувда Ҳамас вакиллари ҳам иштирок этиши бўйича аниқ маълумот йўқ. Якшанба куни Ҳамас ўз баёнотида урчашувда иштирок этишдан манфаатдор эмаслигини хабар қилиб, ташкилот аввалроқ ўт очишни тўхтатиш бўйича розилик берганини қўшимча қилганди.
Бу ҳафтада Байден маъмуриятидаги бир қанча юқори мартабали мулозимлар Ғазода ўт очишни тўхтатишга ундаш, Эрон ёки унинг тарафдорларининг Исроилга эҳтимолий ҳужумларининг олдини олиш мақсадида Яқин Шарқнинг турли мамлакатларига ташриф буюрди, деб хабар берган Америкадаги манбалар.
Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бёрнс Қатарга борган, Байденнинг Яқин Шарқ бўйича координатори Бретт Макгурк Мисрда ҳам, Қатарда ҳам бўлган, Оқ уйнинг катта маслаҳатчиси Амос Хохштейн Ливанга ташриф буюрган.
Душанба куни Оқ уй Байденнинг Буюк Британия, Франция, Германия ва Италия раҳбарлари билан биргаликдаги қўшма баёнотини эълон қилди, унда улар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган ва шундай дейишган: «Энди беҳуда вақт сарфлаш керак эмас».
Сиёсий етакчилар шунингдек «Эронни Исроилга ҳарбий ҳужум уюштириш бўйича доимий таҳдидларини тўхтатиш»га чақирган.
Бу вақтда эса исроиллик ҳарбийлар Ғазо жануби-ғарбидаги Хон Юнус шаҳри атрофида яшовчи тинч аҳоли вакилларига «гуманитар зоналар»га эвакуация қилишни буюриб, ўз юришини давом эттирмоқда. Аммо, кўплаб фаластинликларнинг сўзларига кўра, исроиллик ҳарбийлар гуманитар зоналар сифатида белгилаган ҳудудларда ҳам яшаш учун энг зарур бўлган воситалар етишмаяпти.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
17:37 / 21.11.2024
Халқаро жиноят суди Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер берди
10:31 / 21.11.2024