Жамият | 18:52 / 13.08.2024
11879
7 дақиқада ўқилади

“Талабаларим олдида уялиб қолмаслик учун тил ўргандим” – 67 ёшида инглиз тилидан B2 даражасини олган отахон

Абдуғофур Ҳотамов ТАТУнинг Самарқанд филиалида дарс беради. У 10 ой давомида ўқиб, инглиз тилидан B2 сертификатини олган. “Кўплаб ахборот технологияларига алоқадор терминлар инглиз тилида, талабаларнинг олдида уялиб қолмаслик учун инглиз тили курсига қатнай бошладим”, - дейди у Kun.uz’га берган интервюсида. Абдуғофур ота кунига 2-3 соат инглиз тили билан мустақил шуғулланганини айтади.

Ёш ўтгани сари тил ўрганиш қийин, аммо олдингизга мақсад қўйишингиз керак”

Ҳозир ёшим 67 дан 68 га қараб кетяпти, лекин шунда ҳам устозим Камронбек билан 10 ой давомида инглиз тилини ўрганиб, CEFR топширишга қарор қилдим ва имтиҳон топшириб B2 сертификатини олдим.

Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалида доцентман, техника фанлари бўйича фалсафа докториман (PhD). 60 ёшимгача телекоммуникация бўйича ишлаганман. 2023 йил 1 октябр куни ўқув марказга бориб инглиз тилидан курсга ёзилдим. Ўқитувчим – Камронбек Исаев, ўртамиздаги ёш фарқи 49-50 ёш, лекин устозимнинг билимлари яхши бўлгани учун октябрдан то июл ойигача қаттиқ ўқитди. Чунки ўқитувчининг талаби жуда кучли эди. Ўзим ҳам берилган топшириқларни бажаришга ҳаракат қилардим, июн ойида халқаро CEFR имтиҳонини топшириб кўрдим ва муваффақиятли жавоб келди.

Абдуғофур Ҳотамов

Илмий ишим сабабли чет элга чиқиб келишим керак эди, четга чиқиб келдим. Инглиз тилини ўрганишдан асосий мақсадим, кўплаб ахборот технологияларига алоқадор терминлар инглиз тилида бўлгани сабабли талабаларнинг олдида уялиб қолмаслик учун инглиз тили курсига қатнай бошладим. Устозим Камронбекдан билмаган нарсаларимни ўрганиб олдим. Албатта ёш ўтгани сари одамга тил ўрганиш қийин бўлар экан, аммо мен шу нарсани қила оламан деб олдингизга мақсад қўйишингиз керак экан. Тил ўрганишдан асосий мақсад – талабаларга инглизча терминларнинг таржимасини ўзим тушуниб айтиш.

Мақсад аниқ бўлса имкон топилади” – Камронбек Исаев (Абдуғофур Ҳотамовнинг устози)

Ҳозирги вақтда 18 ёшдаман ва охирги 3 йил мобайнида инглиз тилидан дарс бериб келяпман. Абдуғофур ака энг муваффақиятли талабаларимдан бири. Ёши катта ўрганувчилар жуда кўп учрайди, аммо шу ёшда тил ўрганишни охиригача олиб бора олган талабалар кам. Чунки кўпчилик 30 ёки 40 ёшдан ўтгандан кейин ўзларига турли стереотипларни ўйлаб топишади. Ёш тўсиғини олиб ташлаш керак деб ҳисоблайман. Талабаларимга ҳар доим “Мақсад аниқ бўлса имкон топилади”, – деб айтаман. Чунки асосий тўсиқ моддий томонга бориб тақалмайди. Одам истаса, вақт топа олади бу нарсага.

Абдуғофур Ҳотамов ва Камронбек Исаев

Малайзияда ўзим эркин эркин мулоқот қила олдим” – Абдуғофур ота

Бугунги кунда изланишдаман. Doctor of science даражасини олиш ниятидаман. Талабалар билан ишлаш менга ёқади, талаблар гавжум бўлиб турган аудиторияга кирганда уларга шунча йиллар давомида тўплаган билимимни ўқитишдан завқланаман. CEFR топширганимдан кейин билимимни синаш мақсадида хорижга бир ойга бориб келдим. Малайзияда бўлиб қайтдим.

У ерда одамлар икки тилда гаплашади кўпроқ, булар: малай тили ва инглиз тили. Устозимдан таржимон ёллайми деб сўраганимда, барчасини ўзингиз эплайсиз деган жавобни олганман. Ростдан ўзим эркин мулоқот қила олдим.

Доимий равишда инглиз тилида видеолар кўриш керак” – Камронбек

Абдуғаффор ака сингари одамларга дарс бериш жараёнидаги энг қизиқ томони бу улардаги дарсга бўлган қизиқишнинг устунлиги бўлган. Вазифаларни ҳам қолдирмасдан бажариб келишга ҳаракат қилганлар доим. Ҳаттоки Малайзияда бўлган вақтларида ҳам курсдан қолиб кетмасликлари учун улар билан онлaйн тарзда ишладик бирга. Ҳар хил инглиз тилидаги видеоларни тўхтатмаслик, бу катта ижобий жиҳат. Улар университетда доцент сифатида ишлайдилар, инглиз тилидан вазифаларни ўз вақтида бажариш улар учун қийин. Аммо шунда ҳам берилган топшириқларни ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилдилар

Абдуғафур ака топширган имтиҳон халқаро CEFR имтиҳони бўлиб, IELTS’га ўхшаб кетади. Миллий сертификат имтиҳонидан нархи ва баъзи нарсалари билан фарқ қилади.

Кунига 2-3 соат шуғулланаман” – Абдуғофур ота

Ўқитувчим билан 8-10 ой ичида натижага эришдик, чунки ўз устингизда ишласангиз албатта натижа бўлади. Университетдаги ишларимни бажариб бўлиб, кечқурун уйга келиб инглиз тилидан берилган топшириқларни бажарардим. Инглиз тили курси сешанба, пайшанба, шанба кунлари бўлиб ўтарди. Бундан ташқари университетдаги дарсларимга ҳам ярим соат тайёргарлик кўрардим.

Чунки бугунги кун талабалари анча билимли, уларнинг олдида уларнинг саволларига жавоб бериш учун ҳам тайёрланиб борардим. Инглиз тилидан ҳар куни 2-3 соат шуғулланаман. Бўлмаса натижага эришиш қийин. Таржима қилиш керак бўлса ёки speaking қилганимда телефонимга овозимни ёзиб олардим, кейин ўзимга ёқмаса ўчириб ташлаб яна қайтадан тайёргарлик кўриб гапирардим.

Тил ўрганиш одамни ёшартиради” - Абдуғофур ота

Баъзи одамлар ёшинг 70 га борганда илмнинг нима кераги бор дейишади. Илм олишдан тўхтамаслик керак. Менинг устозларимнинг кўпчилиги 90 ёшларида ҳам илм қилиб юришибди. Қариликда билим олиш қийин, албатта. Инглиз тили курсида мен билан бирга тил ўрганаётган ўқувчиларнинг аксарияти 6-7-синф ўқувчилари, улар билан бир партада ўтиришга уялган ҳолатларим ҳам бўлган, аммо қарияларга тил ўрганишни тавсия қиламан. Тил ўрганиш одамни ёшартиради. Тўғри, анча машаққатли. Ёшлар “I am very glad to see you” деган иборани бир марта такрорлаганида эсда қолдиришса, менда бу нарса 40 мартада эсда қолади, фарқимиз шу, аммо мен кўпроқ ҳаракат қилишим керак деб ҳисоблайман. Болаларга айтадиган гапим, ёшликда илм ўрганишга ҳаракат қилинглар. Ёшликдаги илм тошга ўйилган нақш бўлади, лекин қариликда ҳам илм олишга бирор чегара йўқ.

Мадина Очилова суҳбатлашди. 

Мавзуга оид