Жамият | 09:48 / 14.08.2024
8374
2 дақиқада ўқилади

Андижонда Ucell ходими компаниянинг қарийб 450 млн сўм пулини онлайн биржага тикиб, ютқазиб қўйди

25 ёшли йигит компаниянинг Пахтаобод тумани филиалида катта сотувчи вазифасида ишлаган. У компаниянинг мижозлар тўлови сифатида қабул қилинган 448 млн сўм маблағини ўз банк картасига ўтказиб олган ҳамда Bitcoin олди-сотдиси учун “Binance” криптовалюта биржасига тикиб юборган. Бироқ омади келмай, пулларни ютқазиб қўйган.

Фото: Depositphotos

Пахтаобод туманида Ucell ходими компаниянинг катта миқдордаги пулини онлайн биржада ютқазиб қўйди. Унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судда кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди.

Kun.uz танишган ҳукмда келтирилишича, 1999 йилда туғилган А.И. Ucell компаниясининг Пахтаобод тумани филиалида катта сотувчи вазифасида ишлаган. Йигит 2023 йилнинг октябр ойида компания томонидан мижозларга тўловлар учун ўтказилган 198 млн 900 минг сўм пулни Paynet иловасидан фойдаланиб, ўзининг номидаги банк пластик картасига ўтказиб олган. Сўнгра ушбу маблағни Bitcoin олди-сотдиси учун Binance криптовалюта биржасига тикиб юборган. 

А.И. 2023 йил ноябр ойида шу усулда компаниянинг 249 млн 907 минг сўм маблағини ўз банк картасига ўтказиб, яна онлайн биржага тиккан. Аммо унинг омади келмаган ва компаниянинг жами 448 млн сўмдан ортиқ пулини ютқазиб қўйган.

Судда А.И. айбига иқрор бўлиб, етказилган зарарни қоплаганини, қилган ишидан пушаймонлигини айтган ва ўзига нисбатан қонуний енгиллик беришни сўраган.

Суд қарори билан А.И. Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) содир қилганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 1 йил давлат ҳамда давлат улуши иштирокидаги корхоналарда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Мавзуга оид