Жаҳон | 14:52 / 14.08.2024
4595
3 дақиқада ўқилади

Пентагон: АҚШ Эроннинг эҳтимолий ҳужумига тайёр

АҚШ мудофаа идораси Яқин Шарқдаги вазиятни «жуда жиддий» деб атади. 

Фото: Ken Hammond / Courtesty of the U.S. Air Force / Getty Images

АҚШ мудофаа идораси (Пентагон) Яқин Шарқдаги вазият «жуда жиддий», аммо АҚШ Эроннинг Исроилга қарши эҳтимолий ҳужумига «тайёр» эканини маълум қилди

Кундалик брифингда Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер «Яқин Шарқдаги вазият жиддий» эканлигини таъкидлади, шунинг учун Пентагон раҳбари Ллойд Остин минтақага қўшимча мудофаа қуроллари ва ўқ-дориларини юборишни буюрди. 

У, шунингдек, Эрон шу ҳафта Исроилга ҳужум қилиши мумкинлигини таъкидлади. 

«Мен улар қачон ҳужум қилишини башорат этишга ёки тахмин қилишга уринмайман, фақат шуни айтмоқчиманки, биз (эҳтимолий ҳужумга) жиддий қарашимиз керак. Шунинг учун биз тайёр бўламиз», - деди Райдер. 

АҚШ вазиятни юмшатиш, ўз кучларини ҳимоя қилиш ва Исроил мудофаасини қўллаб-қувватлашга интилмоқда, деди у. 

Райдернинг таъкидлашича, минтақада ҳеч ким «қарама-қаршилик кучайишини истамайди ва мавжуд вазият минтақавий можарога айланиб кетишини хоҳламайди». 

«Дипломатиянинг ишлаши учун ҳар доим вақт бор», деди Райдер ва АҚШ «бу имкониятлардан фойдаланиши керак бўлган вазиятга тушиб қолмаслигига» умид билдирди. 

«Агар биз Исроилни ҳимоя қилиш учун ундан фойдаланишимиз керак бўлса, буни қиламиз», деди у. 

Пентагон матбуот котибининг қўшимча қилишича, Қўшма Штатлар «кенгроқ минтақавий можарони тўхтатишга, Эрон ўч олиш ва потенциал катта куч ишлатиш билан таҳдид қилаётган ўта кескин вазиятда Яқин Шарқда минтақавий урушнинг олдини олишга ва Исроилни ҳимоя қилишга ёрдам беришга уринмоқда». 

Теҳронда Ҳамас етакчисининг ўлдирилиши

Фаластиннинг Ҳамас ҳаракати сиёсий бюроси раиси Исмоил Ҳания Эрон янги сайланган президенти Масъуд Пезешкиён инаугурация маросимида иштирок этиш учун Теҳронга келганди. 

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси 31 июл куни эрталаб Эрон пойтахтида Исмоил Ҳания қароргоҳига зарба берилгани ҳақида маълумот тарқатди. 

Эрон ва Ҳамас Исроилни қотилликни уюштирганликда айблади. Бироқ Исроил расмийлари воқеа юзасидан изоҳ беришдан ўзини тийди. 

Исмоил Ҳания 2017 йил 6 май куни Ҳамас сиёсий бюроси раҳбари этиб сайланган эди. У бу лавозимда Холид Машъал ўрнини эгаллади. 

Мавзуга оид