Жаҳон | 21:25 / 14.08.2024
4904
2 дақиқада ўқилади

Таиланд суди конституцияни бузган бош вазирни лавозимдан озод қилди

У ўтмишда коррупция бўйича судланган шахсни вазир этиб тайинлагани учун айбланган.

Фото: EPA

Таиланд Конституциявий суди бош вазир Сеттха Тхависинни этика қоидаларини қўпол равишда бузганликда айбдор деб топиб, уни лавозимидан четлатди, деб хабар беради Bangkok Post. Сиёсатчи суд қарорини ҳурмат қилишини билдирди.

Тхависин баҳорда 2008 йили коррупция ишида айбланиб, олти ой муддатга қамоқ жазосига ҳукм этилган адвокат Пичит Чуэнбанни ўз кабинетига вазир этиб тайинлагани сабабли Конституцияда қайд этилган этика қоидаларини бузганликда айбланди. Тергов версиясига кўра, Пичит Чуэнбан икки нафар ҳамкасби билан Олий суд ходимларига тушлик учун мўлжалланган қутилар ичига 2 миллион бат (57 минг доллар) сотилган қоғоз пакетни яшириб, пора беришга уринган.

Жорий йил баҳорда Чуэнбан вазир этиб тайинланганида Тхависин ушбу қарор қонунга мос равишда юридик маслаҳатлар асосида қабул қилинганини айтганди. Чуэнбан ўз лавозимини тарк этган.

Чуэнбан, шунингдек, собиқ бош вазир Таксин Чинават ҳамда унинг рафиқаси манфаатларини ҳимоя қилгани билан ҳам танилган. Ҳукуматнинг собиқ раҳбари Таиланд банки тузилмасидан ер сотиб олишда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ишида айбланган. 2008 йилда Таксин Чинават икки йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.

Мамлакатда янги бош вазир сайлангунга қадар унинг вазифасини ҳукумат раҳбарининг ўринбосари Пумтам Вечаячай бажариб туради.

Мавзуга оид