Ўзбекистон | 11:29 / 14.08.2024
9782
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 230 та қоидабузарлик қилган аёл ҳайдовчининг Lacetti’си хатланиб, аукционда сотиб юборилди

Ҳайдовчининг тўланмаган жарималари миқдори 88 млн сўмга етган. Хатланган Lacetti аукцион савдоларига чиқарилиб, 92 млн сўмга сотилган. Савдодан тушган пул қарздорнинг жарималарини сўндириш учун йўналтирилади.

Фото: МИБ

Тошкент шаҳрида 230 та қоидабузарлик қилган ҳайдовчининг машинаси аукционда сотилди. Бу ҳақда Kun.uz’га МИБ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йил феврал ойида МИБнинг Шайхонтоҳур туман бўлими томонидан 174 та қоидабузарлик содир этган ҳайдовчининг Lacetti машинаси хатлаб олинган. Фуқарога 174 та маъмурий жаримадан қарийб 59 млн сўм миқдоридаги қарздорликни қопласа машина ўзига қайтарилиши тўғрисида тушунтириш берилган.

Аммо орадан 6 ой ўтиб, 174 та қоидабузарлик сони 230 тага кўпайган. Яъни ҳайдовчи машина хатланишидан олдин ҳам йўлларда тинимсиз ҳаракат қоидаларига риоя этмай ҳаракатланиб юрган. Бунинг оқибатда 60 кун ўтганидан сўнг барча қарздорликлари МИБ иш юритувига келиб тушаверган. Шу тариқа, ҳайдовчининг қоидабузарликлари сони 230 тага, жарималар миқдори эса 88 млн сўмга етган.

Қарздорнинг Lacetti’си аукцион савдоларига чиқарилган. Ўтказилган савдолар жараёнида машина аукцион қатнашчиси томонидан 92 млн сўмга сотиб олинган.

Қайд этилишича, ҳозирда аукцион савдолари орқали келиб тушган пул маблағлари қарздорнинг жарималарини сўндириш учун йўналтирилмоқда.

Мавзуга оид