Жаҳон | 23:47 / 14.08.2024
4415
3 дақиқада ўқилади

Х ижтимоий тармоғи ноқонуний ишдан бўшатилган ходимига 550 минг евро компенсация тўлайди

Илон Маск ижтимоий тармоқни сотиб олганида барча ходимларга электрон мактуб йўллаб, қолишни истаганлардан «ҳа» тугмасини босишни сўраган. Тугмани босмаган ходим эса «ўз хоҳишига кўра» ишдан бўшатилган.

Фото: Getty Images

Ирландия Меҳнат муносабатлари комиссияси (WRC) Х ижтимоий тармоғига (собиқ Twitter) меҳнат муносабатларини бузган ҳолда ишдан бўшатилган собиқ ходим учун ярим миллион евродан ортиқ компенсация тўлаш мажбуриятини қўйди. Бу комиссия фаолиятида қайд этилган рекорд даражадаги жарима, деб хабар беради Irish Independent.

Ишдан бўшатилган ходим Гэри Руни 2013 йилдан бери Twitter’да ишлаган. 2022 йил октябрда миллиардер Илон Маск компанияни сотиб олганида Руни Дублин офисида таъминот хизматига раҳбарлик қилган. Маск Twitter’нинг барча ходимларига компаниянинг янги концепцияси ёзилган электрон мактубларни йўллаган. Миллиардер хабар охирига ҳавола қолдирган бўлиб, «янги Twitter’нинг бир бўлаги» бўлишга рози бўлган ходимлар у ердаги «ҳа» тугмасини босиши керак бўлган. Қарор қабул қилиш учун 24 соат муддат берилган.

Гэри Руни «ҳа» тугмасини босмаган ва уч кундан кейин электрон почта орқали компания «унинг ўз хоҳиши билан ишдан кетиш қарорини қабул қилиши» ҳақида хабар олган. Шу ондан бошлаб унинг Twitter тизимларидан фойдаланиши чекланган. Руни «ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзмагани» меҳнат шартномасини бузиш бўйича ҳеч қанақа битим олмагани ва уни имзоламаганини» айтиб бош офисга мурожаат қилган. Кейин эса Меҳнат муносабатлари комиссиясига шикоят киритган. Рунининг сўзларига кўра, у юборилган мактубни фейк, спам ёки зарарли дастурий таъминот деб ўйлаган ва уни дарҳол очмаган. Ўқиб кўрганида эса тезда қарор қабул қилиши қийин кечган.

WRC Гэри Руни адолатсиз равишда ишдан бўшатилган деб ҳисоблади. Комиссия қарори билан Twitter даъвогарга 2023 йил январдан 2024 майга қадар ишлаб топиши мумкин бўлган 350 минг евро, шунингдек, кейинги ойлар давомида даромаддан айрилгани учун 200 минг евро миқдорида компенсация тўлаши керак. Х ҳозирча комиссия қарорига ҳеч қандай изоҳ бермади.

Мавзуга оид