Жаҳон | 13:57 / 15.08.2024
5766
3 дақиқада ўқилади

“Шимолий оқим” қувурларини портлатишни шахсан Зеленский маъқуллаган — The Wall Street Journal

Украина президенти Володимир Зеленский “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим–2” газ ҳайдаш қувурларини портлатиш режасини шахсан маъқуллаган, деб ёзмоқда The Wall Street Journal (WSJ) ўз манбаларига таяниб.

Фото: wort.lu

Зеленский аввалига режани маъқуллаган, деган режадан хабардор офицер ва яна уч киши. Кейинроқ АҚШнинг Марказий разведка бошқармаси режадан хабардор бўлиб қолиб, Украина президентидан уни бекор қилишни сўраганида, Зеленский тўхташ тўғрисида буйруқ берган, бироқ Украина қуролли кучларининг собиқ бош қўмондони Валерий Залужний унга қулоқ солмаган, дейилади нашр материалида.

WSJ билан суҳбатда айни дамда Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси бўлиб ишлаётган Валерий Залужний операция ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтган.

Нашрнинг қайд этишича, газ ҳайдаш қувурини портлатиш украиналик мулозимлар томонидан 2022 йилнинг майида далил қолдирмаслик учун оғзаки муҳокама қилинган. WSJ маълумотларига кўра, режани яхтада йўлга чиққан бир неча дайверлар амалга ошириши керак бўлган. Вазият шунчаки денгизда сайрдек кўриниши учун яхтада ҳаттоки аёл киши бўлган. Қўпорувчиликни амалга оширишда ҳомийлик қилишга украиналик ишбилармонлар ҳам жалб қилиниши лозим бўлган.

14 август куни Германиянинг Süddeutsche Zeitung, Die Zeit ва ARD нашрлари газ ҳайдаш қувурларини портлатиш иши бўйича ҳибсга олиш учун ордер берилганини хабар берган. Жумладан, бу ишга алоқадорликда Украинанинг уч фуқароси ва бир нафар аёл ҳам гумон қилинмоқда. Улар дайверлар сифатида қувурларга портловчи моддалар ёпиштириб чиққан бўлишлари мумкин. Шу куни гумондор украиналиклардан бири Володимир Ц. июл ойининг бошларида Полшадан Украинага қайтиб киргани маълум бўлган.

Бутун операция 300 минг долларга тушган, деб ёзади WSJ. Ғаввослар жуфт-жуфт бўлиб ишлашган ва денгиз тубидаги қувурга октоген моддали портловчи қурилма жойлаштиришган. Германия полицияси кейинроқ яхтада портловчи модда қолдиқлари, бармоқ излари ва ДНК намуналарини топган.

2022 йилнинг 26 сентябрида Болтиқ денгизи тубидан ўтувчи «Шимолий оқим» ва «Шимолий оқим–2» газ ҳайдаш қувурлари қўпорувчилик натижасида шикастланган эди. Россия президенти Владимир Путин бунда ғарбни айблаган. Швеция, Дания ва Германия мазкур ҳодиса бўйича суриштирувларни бошлаган. Швеция ва Дания айбдорларни топа олмаган. 2024 йилнинг июлида Германия ҳукумати қўпорувчилик ҳаракати бўйича олиб борилаётган суриштирув бўйича бирор тафсилот ошкор этилмаслигини таъкидлаган эди.

27 июл куни Венгрия бош вазири Виктор Орбан Евро Иттифоқи давлатларининг “Шимолий оқим” газ ҳайдаш қувурларида содир этилган қўпорувчилик бўйича сукут сақлаётганини таслим бўлиш акти, деб атаган. Унинг сўзларига кўра, қўпорувчилик АҚШнинг кўрсатмаси асосида амалга оширилган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид