Жаҳон | 15:18 / 16.08.2024
40131
5 дақиқада ўқилади

Mpox вируси тез тарқаляпти. У ҳақда нималарни билиш керак?

Қарийб 70 йил олдин аниқланган вирус охирги 3-4 йил ичида одамларга тезроқ юқа бошлади. У қанчалик хавфли?

Фото: Robyn Beck/AFP/Getty Images

Mpox қандай намоён бўлади?

Вирусни юқтирган одам дастлаб гриппга ўхшаш аломатларни сеза бошлайди. Жумладан, иситма, бош оғриғи, мушакларда оғриқ ва чарчоқ кабилар. Симптомлар бошланишидан олдин инфекциянинг инкубация даври 5-21 кунгача давом этади. Ўртача 6-13 кунни ташкил қилади. Вируснинг ўзига хос хусусияти — лимфа тугунларининг шишиши. Касаллик кучайгач терига бир неча босқичли тошмалар чиқа бошлайди. Яралар оғиз, оёқлар ва жинсий аъзоларда бўлиб, танада йирингли пуфакчалар пайдо бўлиши мумкин. Пуфаклар иситма пайдо бўлганидан кейин бир неча кун ичида ўзини намоён қилади.

Инфекциядан уч-тўрт ҳафта ўтгач, пуфакчалар охир-оқибат қорайиб, ўрнидан кўча бошлайди. Бироқ чандиқлар терида узоқ вақт сақланиб қолади. Симптомларни даволаш учун дори-дармонлардан ташқари махсус даво йўқ. Mpox билан курашиш ҳам кўпгина касалликлар каби бемор ёши, иммунитети ва касаллик босқичи кабиларга боғлиқ.

Маймун чечаги ёки Mpox?

Вируснинг маймун билан боғлиқлиги шундаки, у дастлаб Дания лабораториясида бир маймунда аниқланган. Лекин маймунга вирусдан азият чекмайдиган ва уни юқтирса ҳам ўлмайдиган бошқа турдаги ҳайвондан юққанини айтади Пенсилвания университети антропологи Саган Фриантн. Фриантн Нигерияда 15 йилдан кўпроқ вақт давомида маймун чечак касаллигини ўрганган. Унга кўра, маймун чечак вируси кемирувчилардан келиб чиққан бўлиши мумкин. Лекин бу ҳали тўлиқ исботланмаган. 2022 йил ноябр ойида ЖССТ вирус номини ирқчилик ва қораловчи тил туфайли mpox (monkeypox - “маймун чечак”дан) деб ўзгартирди.

Илк бемор

Фото: Getty Images

Mpox биринчи марта 1958 йилда Даниянинг Копенҳаген шаҳридаги лабораторияда Сингапурдан олиб келинган маймунларда аниқланган. Одамларда биринчи ҳолат 1970 йилда Конго Демократик Республикасидаги касалхонага ётқизилган тўққиз ойлик боладан топилган. Бемор маймунлар яшайдиган тропик ўрмон ҳудудида яшаган бўлса-да, у касалланган маймун билан алоқада бўлган ёки йўқлиги номаълум. Бола инфекциядан тузалганига қарамай, бир неча кундан кейин қизамиқ билан касалланиб, вафот этган. Касаллик Африканинг бошқа ҳудудларида ва 2003 йилда АҚШда ҳам аниқланади.

Касалликнинг навбатдаги тўлқини

Вируснинг I ва II синф кладаси бор. Касалликнинг 2022 йил майидаги тўлқинига II кладаси сабаб бўлган. Африка Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари маълумотлари шуни кўрсатадики, 2022 йил бошидан буён бутун қитъада 1,267 тасдиқланган Mpox ҳолатлари қайд этилган, камида 285 киши ўлган.

Касаллик 2024 йилнинг августида яна қайталади. ЖССТга кўра, вируснинг янги варианти Ib кладаси деб аталади ва у 2022 йилдагидан анча хавфли ва тез тарқалади. Бундан ташқари, II кладасида 99,9 фоиз бемор омон қолса, I кладанинг ўлим даражаси 10 фоиз экани айтиляпти. Шу сабаб ЖССТ айни дамда маймун чечаги вируси бўйича халқаро миқёсда фавқулодда ҳолат эълон қилган.

Фото: Getty Images

Вирус қандай юқади?

Ковид-19ни келтириб чиқарадиган вирусдан фарқли ўлароқ, Mpox осонликча юқмайди. Бунинг ўрнига у одамдан одамга ёки ҳайвондан одамга ўтиш учун яқин алоқа талаб қилади. Касалликнинг юқиши бўйича якуний хулосаларга келинмаган. Инфекция ташувчи ҳайвон билан яқин контактда бўлиш, кўз шиллиқ қаватлари, нафас йўллари ва зарарланган тери орқали вирус ўтиши исботланмади. Ҳозир британиялик олимлар вирус жинсий алоқа йўли билан ҳам юқишини исботлаган.

Вирусдан ҳимояланиш ва вакциналар

Чечак учун ишлаб чиқилган вакциналар Mpox’га қарши 80 фоизгача самарали экани исботланган. Вирусдан ҳимояланиш учун касал ёки ўлган ҳайвонлардан узоқроқ бўлиш, ҳайвон маҳсулотларини яхшилаб пишириш, қўл ва юзларни яхшилаб ювиш, вирус билан алоқаси бор одамдан узоқроқ юриш, кўпчилик ичида қўл ва юзга ниқоблар тақиш, қўлингиз тегадиган юзаларни тез-тез артиб туриш тавсия этилади.

БМТ ўзининг 2020 йилги ҳисоботида ҳайвонлардан одамларга ўтадиган янги касалликлар хавфи ортиб бораётгани, бу ҳайвонларнинг табиий яшаш жойларига бўлган инсон тажовузи ва иқлим ўзгариши натижасида келиб чиқаётгани айтилади.

Mpox Ковид-19дан кейин ҳайвонлардан одамларга тарқаладиган энг сўнгги касалликдир. Унинг нисбатан секин тарқалишини ва инфекциянинг олдини олиш учун вакциналар мавжудлигини ҳисобга олсак, бу Mpox эпидемиясини тўхтатиши мумкин. Аммо маймун чечак бу табиатнинг охирги касаллиги бўлмайди. Ва дунё кейинги воқеаларга тайёр ва ҳушёр бўлиши керак”, – дейди Фриантн.

Мавзуга оид