Жаҳон | 10:31 / 17.08.2024
2622
3 дақиқада ўқилади

Антониу Гутерриш: Дунё Ғазо жанубида фаластинликлар азоб-уқубати кучайиб бораётганини кузатиб ўтирибди

Бош котиб сўнгги ҳафталарда минтақадаги оқова сувларда полиомиелит вируси аниқланганини таъкидлади.

Фото: Reuters

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерришнинг айтишича, Исроил ўз ҳужумларини кучайтиришда давом этаётган Ғазо жанубида фаластинликлар азобланишини «дунё кузатиб ўтирибди». 

Гутерриш БМТнинг Ню-Йоркдаги қароргоҳида берган матбуот баёнотида: «Ғазодаги фаластинликлар учун бундан ҳам ёмони нима бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ўтирар эканмиз, жанубдаги азоб-уқубатлар кучайиб бормоқда ва дунё буни кузатиб ўтирибди», деди. 

Бош котиб Ғазо гуманитар нуқтайи назардан «эркин қулаш»ни бошдан кечираётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сўнгги ҳафталарда минтақадаги оқова сувларда полиомиелит вируси аниқланган. Бу энди вирус Ғазода хавф остида бўлган юз минглаб болаларда аниқланиши мумкинлигини англатади. 

«Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ғазодаги 340 000 дан ортиқ болалар учун полиомиелитга қарши эмлаш кампаниясини бошлашга тайёрланмоқда», деди бош котиб. 

Сиёсатчи, шунингдек, Ғазода сув таъминоти ва санитария тизимлари қулаши, аксарият шифохоналар хизмат кўрсата олмаслиги ва хавфсизлик муаммолари туфайли одамларнинг «доимий қочқинлиги» каби муаммоларни тилга олди. 

«Можаро режали эмлашни жиддий равишда бузди. Бу қизамиқ ва гепатит А каби бошқа олдини олиш мумкин бўлган касалликларнинг тарқалишини кучайтирди», — деди БМТ раҳбари. 

«Мен барча томонлардан кампания учун гуманитар танаффуслар бўйича зудлик билан аниқ кафолатлар беришларини сўрайман. Полиомиелитга қарши энг самарали вакцина тинчлик ва зудлик билан гуманитар сулҳни таъминлашдир. Уруш бор экан, полиомиелитга қарши эмлаш кампаниясини амалга ошириш мумкин эмас. Полиомиелит сиёсатдан устун бўлиши керак, у барча бўлинишлардан муҳимроқдир. Нафақат Ғазодаги фаластинлик болалар, балки қўшни давлатлар ва бутун минтақа учун ҳалокатли оқибатларга олиб келадиган ёвузликни енгиш бизнинг умумий бурчимиздир», — деди Антониу Гутерриш.

Мавзуга оид