Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон болалари тақдирида муҳим қонун: болани уриш, таҳқирлаш, тиланчиликка жалб этиш жазоланишга сабаб бўлади
Сўнгги йилларда болаларга нисбатан зўравонликлар сони ошиши ортидан Сенатнинг эллик бешинчи ялпи мажлисида болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонун маъқулланди. Янги қонун билан болага нисбатан зўравонликнинг деярли барча шакллари эътироф этилмоқда. Зўравонликдан жабрланган болалар учун ҳимоя ордерлари берилади, куну-тун ишлайдиган ишонч телефонлари йўлга қўйилади.
Сенаторлар томонидан маъқулланган қонунда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, жумладан, улар учун ҳимоя ордерлари берилиши кўзда тутилмоқда.
Қонунни ишлаб чиқишда Дания, Финляндия, Германия, Грузия ва бошқа давлатларнинг боланинг энг устун манфаатларини таъминлашга оид тажрибаси ўрганилган. Шунингдек, уни ишлаб чиқиш ва уни парламентда кўриб чиқиш учун тайёрлашда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги, ЮНИСЕФ, Болалар омбудсмани, Бош прокуратура, ИИВ, ММТВ, ССВ ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирок этган.
Қонун билан болага нисбатан зўравонликнинг деярли барча шакллари эътироф этилмоқда. Бунда нафақат зўравонликнинг жисмоний, жинсий, руҳий шакллари, балки ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, мажбурлаш, буллинг каби шакллари мавжудлиги қонунан тан олинмоқда.
Қонунан болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича умумий ва индивидуал чоралар белгиланяпти.
Хусусан:
– зўравонликдан жабрланган болага ҳимоя ордерини расмийлаштириш;
– оилада болага ота-онаси еки яқин қариндошлари томонидан боланинг ҳаёти ва соғлиғига хавф соладиган зўравонлик ҳолатлари аниқланганда, болани оиладан олиб қўйиш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш;
– зўравонликни содир этган ёки уни содир этишга мойил шахсларга хулқ-атворини тузатиш чораларини қўллаш ва бошқалар.
Қонун билан болани тарбиялашда жисмоний жазони, шафқатсиз ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ва жазо турларини қўллаш тақиқланмоқда. Ота-оналар томонидан фарзандларига нисбатан ҳеч бир ҳолатда зўравонлик қилиниши ёки бирор ножўя ҳаракати учун уриш, ҳақоратлаш, калтаклаш ёки унинг соғлиғига бошқача зиён етказувчи жисмоний жазо қўллаш мумкин эмас.
UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижиога кўра, ушбу қонун Ўзбекистонда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сари муҳим қадам бўлди.
“Бу қонун болаларга нисбатан зўравонлик, камситиш ва эксплутация ҳолатларига қарши ҳар томонлама ҳуқуқий ҳимояни таъминлайди, шунингдек, у ҳар бир боланинг хавфсиз муҳитда ўсиб-улғайиш ҳуқуқини ҳимоя қилади. Бундан ташқари, қонун бола ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияларга тўла мос келади ва Ўзбекистон болаларни ҳамма жойда – уйда, мактабда ва жамиятда ҳимоя қилиш мажбуриятини зиммасига олганини тасдиқлайди.
UNICEF ушбу қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилишни қўллаб-қувватлаганидан фахрланади ва биз унинг тўла амалга оширилишини таъминлаш учун ҳукумат билан яқин ҳамкорликни давом эттирамиз.
Ушбу қонун шунчаки қонунчиликдаги бир норма эмас, балки у Ўзбекистон фарзандларининг келажаги учун мажбурият ҳамдир”, дейди Реҳина Кастижио.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вакили бу қонуннинг қабул қилиниши билан агентлик зиммасига катта масъулият ва мажбурият юкланаётганлигини таъкидлади:
“Ижтимоий ходим зўравонлик содир этилганлиги ҳақидаги хабарни олганида зудлик билан васийлик ва ҳомийлик органлари, ички ишлар органи, заруриятда соғлиқни сақлаш бўлимлари билан биргаликда унинг ҳаётий вазиятини комплекс баҳолайди. Унинг ҳаётига ва соғлиғига бевосита таҳдид солувчи хавф омилларини аниқлайди.
Шуни фарқлаш лозимки, қонунда “зўравонликдан жабрланган” ҳамда “хавфи остидаги бола” алоҳида кўрсатилмоқда. Ижтимоий ходим ва бошқа масъуллар ҳамкорлигидаги баҳолаш асосида боланинг ижтимоий вазияти хавф даражаларига ажратилган ҳолда баҳоланади. Аниқланган хавф омиллари ва даражасидан келиб чиқиб, бола ҳамда унинг ота-онасига оилани мустаҳкамловчи, унинг оиласида зўравонликка барҳам бериш юзасидан кўмаклашувчи психологик, ҳуқуқий, тиббий, ижтимоий ёрдам кўрсатилади.
Бироқ зўравонликдан жиддий жабрланган ва юқори хатар аниқланганида эса унинг хавфсизлигини таъминлаш учун уни зўравонликни содир этган ота-онасидан олиш чораларини кўради. Албатта бу чора якуний чора бўлсада, асосий мақсад – боланинг келгусида бўлиши мумкин бўлган давомий зўравонлик хавфидан ҳимоя қилиш.
Зўравонликдан жабрланган ёки хавфи остида бўлган болаларимизни аниқлаш, зўравонликка қарши муросасиз курашишда кенг жамоатчиликнинг ёрдами муҳим. Энг аввало, ҳар бир инсон зўравонлик учун жавобгарлик муқаррар эканлигини, зўравонликнинг аянчли оқибати нафақат бола учун, балки зўравоннинг ўзи учун ҳам кечирилмас якунга олиб келиши мумкинлигини унутмаслиги лозим”, дейди у.
Вакилнинг қўшимча қилишича, қонун қабул қилиниши муносабати билан боланинг ҳимояланишини, зўравоннинг хулқ-атворини ўзгартиришга қаратилган чораларни тартибга солувчи кўплаб янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади. Зўравонликдан жабрланган болалар учун куну-тун ишлайдиган ишонч телефонлари йўлга қўйилади. Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга жавобгарликни кучайтирувчи ўзгаришлар киритилади.
Мавзуга оид
12:23 / 28.05.2025
Ҳайвонларни идентификация қилиш жараёнлари тартибга солинади
08:50 / 22.05.2025
Қозоғистонда ота-она қарамоғисиз қолган бола Ўзбекистонга қайтарилди
08:50 / 21.05.2025
4 ойда зўравонликка учраган 2 мингдан ортиқ хотин-қизга ёрдам кўрсатилди
18:08 / 10.05.2025