Ўзбекистон | 13:00 / 17.08.2024
1829
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон элчиси Қозоғистондаги дипломатик миссиясини якунлаяпти

Остонадаги дипломатик миссиясини якунлаётган Ўзбекистон элчиси Саидикром Ниёзхўжаев 15 август куни Қозоғистон бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу томонидан қабул қилинди.

Фото: Дунё

Қозоғистон ТИВ маълумотига кўра, учрашув чоғида вазир икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли сўнгги йилларда Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатлари стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлади.

Қозоғистон Президентининг фармонига мувофиқ, вазир амалга оширилган улкан ишлар ва элчининг икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун Саидикром Ниёзхўжаевни олий давлат мукофоти – II даражали "Достық" ордени билан тақдирлади ва унинг келажакдаги фаолиятида янги муваффақиятлар тилади.

Саидикром Ниёзхўжаев 2018 йилнинг март ойида Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси этиб тайинланган эди. Бунга қадар у Ўзбекистон президенти администрацияси ва турли давлат органларида масъул лавозимларда, жумладан, давлат маслаҳатчиси ўринбосари, иқтисодиёт вазири ўринбосари лавозимларида ишлаган. 

Шунингдек, Саидикром Ниёзхўжаев 2015-2018 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида ҳам фаолият олиб борган.

Мавзуга оид