Пентагон: Яқин Шарқдаги вазиятни диққат билан кузатяпмиз
АҚШ минтақадаги ҳарбий мавжудлигини кучайтирди ва вазият кескинлашган тақдирда Исроил ҳамда Америка кучларини ҳимоя қилишга тайёр, деди Сабрина Сингх.
АҚШ Мудофаа вазирлиги (Пентагон) Яқин Шарқдаги вазиятни диққат билан кузатиб боряпти ҳамда минтақадаги кескинликни пасайтиришга устувор аҳамият беришда давом этмоқда. Бу ҳақда АҚШ мудофаа идораси матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингх журналистларга маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар минтақадаги ҳарбий иштирокини кучайтирган ва вазият кескинлашган тақдирда Исроил ва Америка кучларини ҳимоя қилишга тайёр.
«Минтақавий тарангликнинг кучайиши муносабати билан биз Исроилни тийиб туриш ва ҳимоя қилиш позициясини эгаллаб, минтақадаги кескинликни камайтиришга эътибор қаратишда давом этамиз», деди Сингх.
Унинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Яқин Шарқдаги вазиятни диққат билан кузатишда давом этмоқда ва Исроилга ҳужум қилинган тақдирда «уни ҳимоя қилиш учун албатта етиб келади».
Пентагон матбуот котиби ўринбосарининг сўзларига кўра, АҚШ минтақадаги ҳарбий иштирокини оширишдан мақсад «минтақавий таранглик олдини олиш ва бу борада сигнал бериш». Қўшма Штатлар Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттиради, дея қўшимча қилди у.
Аввалроқ АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин F-35C қирувчи самолётлари билан жиҳозланган Abraham Lincoln авиаташувчисига эга зарба бериш гуруҳига Яқин Шарқдаги «масъулият ҳудудига ўтишни тезлаштириш»ни буюрган эди.
Мавзуга оид
20:42 / 09.11.2024
Оқ уй Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кейин Украинага ҳарбий ёрдам юборишни тезлаштирди
13:31 / 03.11.2024
АҚШдаги сайловлар: Яқин Шарқдаги уруш фонида исроилпараст лобби пуллари қаёққа кетяпти?
09:00 / 30.10.2024
Пентагон: КХДРнинг оз сонли аскарлари - РФнинг Курск областида
11:18 / 29.10.2024