Жаҳон | 19:12 / 18.08.2024
6866
3 дақиқада ўқилади

Украина Курскда Сейм дарёси устидан ўтган яна бир кўприкни йўқ қилди

 «Званное» қишлоғидаги кўприк HIMARS ракеталари ёрдамида берилган зарбалар оқибатида йўқ қилинган — у орқали Россия ҳарбий қисмларининг таъминоти амалга оширилган.

Фото: Видеодан кадр

Украина ҳарбийлари Курск вилоятидаги Сейм дарёси устидан ўтган яна бир кўприкка зарба берди. Бу ҳақда мамлакат Ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешук маълум қилди.

«Курск йўналиши. Яна бир кўприк минус! Ҳаво кучлари авиацияси аниқ зарбалар орқали душманнинг логистик имкониятлардан маҳрум қилишни давом этмоқда, бу жанговар ҳаракатларнинг боришига сезиларли таъсир кўрсатяпти», — деб ёзади у ўзининг Telegram каналига.

Фото: Telegram / Astrapress

Mash’нинг ёзишича, «Званное» қишлоғидаги кўприк HIMARS ракеталари ёрдамида берилган зарбалар оқибатида йўқ қилинган. ASTRA нашрига кўра, ушбу кўприк орқали Россия ҳарбий қисмларининг таъминоти амалга оширилган.

Бундан олдин Украина Қуролли кучлари (УҚК) Россия Федерацияси ҳудудидаги ҳужум пайтида Курск вилояти Глушково шаҳрида Сейм дарёси устидаги кўприкни вайрон қилганди.

Baza ва Mash телеграм-каналлари хабарига кўра, кўприкка Американинг HIMARS қурилмасидан ракеталар билан урилган, шундан сўнг таянч устунлардан бири қулаб тушган. Mash ёзишича, кўприкка зарбадан кейин Глушково туманининг чегара қисми, жумладан, Теткино, Попово-Лежачи, Волфино қишлоқлари ва 27 га яқин бошқа аҳоли пунктлари билан алоқа узилган. 

15 август ҳолатига кўра Украина Қуролли кучлари Курск вилоятида турли йўналишларда 500 метрдан 1,5 километргача бўлган масофада олдинга силжиган ва ҳозирда 1150 квадрат километр майдондаги 82 аҳоли пункти Украина армияси назорати остида. Умуман олганда, операция бошланганидан бери Украина Қуролли кучлари Курск ҳудудига 35 километр масофага кирган.

Россия Мудофаа вазирлиги 15 август куни ўз ҳисоботида Россия армияси Курск вилоятидаги Крупец қишлоғи устидан назоратни қайта тиклагани, шунингдек, бир неча қишлоқлар яқинида Украина қуролли кучлари ҳужумларини қайтарганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 8 октябрь тонгида Керч бўғози орқали ўтувчи темирйўл кўпригида портлаш рўй бериши оқибатида автомобиль кўпригининг бир қисми қулаб тушган эди. Ўшанда ёнилғи тўлдирилган бир неча цистерналар ёниб кетган, кўприк бўйлаб автомобиль ва поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилганди.

Мавзуга оид