Жамият | 09:57 / 18.08.2024
7028
2 дақиқада ўқилади

Хоразм ва Жиззахда пул эвазига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бермоқчи бўлган шахслар ушланди

Бир ҳолатда 2 400 доллар ва 1,2 млн сўм, бошқасида 1 700 доллар олаётган шахслар қўлга тушган.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Хоразм вилояти Боғот тумани ва Жиззах вилояти Дўстлик туманида ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Департаментнинг Боғот туман бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Х.Б. 5 нафар фуқарога гўёки вилоят ЙҲХБда ишловчи танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб бериши эвазига фуқаро С.М.дан 2 400 доллар ва 1,2 млн сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, департаментнинг Дўстлик туман бўлими ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.Ж. фуқаро Ф.Б.га ўзини Жиззах шаҳридаги “Д.Ш.” МЧЖ автомактаби инструктори деб таништириб, унга “В”, “С” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериши эвазига 1 700 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид