Жаҳон | 21:55 / 19.08.2024
5446
3 дақиқада ўқилади

Британиялик мултимиллионер Майкл Линч яхтаси чўкиб кетганидан сўнг бедарак йўқолди

Қиймати 35 миллион евро турадиган 56 метрли Bayesian яхтаси 19 август кечаси Портичелло шаҳри соҳиллари яқинида торнадо туфайли чўкиб кетган. Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлган ва яна олти киши бедарак йўқолган.

Фото: The Daily Telegraph

Италия жанубидаги Палермо қирғоқларига ёпирилган торнадо натижасида Bayesian суперяхтаси ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида британиялик мультимиллионер Майк Линч бедарак йўқолди, деб хабар беради The Telegraph.

Қиймати 35 миллион евро турадиган 56 метрли Bayesian яхтаси 19 август кечаси Портичелло шаҳри соҳиллари яқинида торнадо оқибатида чўкиб кетган.

Кема бортида жами 22 киши бўлган, уларнинг аксарияти — британлар. Ҳалокат жойи яқинидан сузиб ўтаётган елканли кема экипажи 15 кишини қутқаришга муваффақ бўлган, Линч ва яна беш киши расман бедарак йўқолган шахслар сифатида эълон қилинган.

59 ёшли Линч дастурий таъминот ортидан бойиган, ОАВ уни «британиялик Билл Гейтс» деб атайди. Forbes 2015 йилда унинг бойлигини миллиард долларга баҳолаган эди.

Линч ўн йилдан ортиқ муддат давомида 2012 йили унинг Autonomy компаниясини сотиб олиб, бизнесмен ва топ-менежментни бухгалтерия ҳисоботини сохталаштиришга айблаган Hewlett Packard билан судлашган. Шу сабабдан 2018 йилда АҚШ Адлия вазирлиги Линчга нисбатан фирибгарлик айбловини эълон қилган, 2024 йил июнда ўтказилган судда Линч тўлиқ оқланган эди.

Омон қолган аёл ҳикояси

Яхта ҳалокатидан омон қолган аёл қизи денгизга чўкиб кетмаслиги учун уни қандай ушлаб турганини сўзлаб берди. Шарлотта исмли аёл, турмуш ўртоғи ва бир ёшли қизи Bayesian'дан қутқарилган 15 киши орасида бор эди.

Шарлоттанинг айтишича, яхта чўкаётган вақтда унинг оиласи палубада бўлгани сабаб омон қолган. «Икки сонияга қизимни денгизда йўқотиб қўйдим, кейин жунбишга келган тўлқинлар орасида уни қучоқлаб олдим», — дейди аёл.

Шарлоттанинг сўзларига кўра, у ўз фарзандини «қўлларини тепага кўтарган ҳолда, сув юзасида ушлаб турган». «Қоп-қоронғи эди. Сув ичида кўзларимни оча олмасдим. Ёрдам сўраб бақирдим, аммо атрофимда фақат бошқаларнинг қичқириғи эшитиларди», — дея қўшимча қилади у.

Шарлоттанинг қайд этишича, қутқарув қайиғи шиширилиб, 11 киши унга чиқиб олган. Оиланинг уч нафар аъзоси шифохонага етказилган.

Мавзуга оид