Жаҳон | 22:45 / 19.08.2024
6031
3 дақиқада ўқилади

Марказий Америкадаги энг ифлос дарёлардан бири қандай тозаланаётгани тўғрисида маълумот берилди

Ушбу дарё орқали оқим бўйлаб пастга ташиладиган чиқинди дунё океанларига ҳар йили келиб тушадиган жами пластик чиқиндиларнинг тахминан 2 фоизини ташкил этади.

Фото: 4ocean/Clynton Guzman

Гватемаланинг энг узун дарёси Мотагуа орқали ҳар йили океанга 40 миллион фунт (18 миллион килограмм) чиқинди келиб тушади, деб хабар беради CNN.

Қайд этилишича, бу Марказий Америкадаги энг ифлос дарёлардан бири бўлиб, Гондурас кўрфазига, охир-оқибат эса Кариб денгизига қуйилишидан олдин Гватемала орқали 486 километрга чўзилган. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, Мотагуа дарёси орқали оқим бўйлаб пастга ташиладиган чиқинди дунё океанларига ҳар йили келиб тушадиган жами пластик чиқиндиларнинг тахминан 2 фоизини ташкил этади.

«Ҳар 60 сонияда океанга (бутун дунёда) бир самосвал пластик келиб тушади», — дейди пластик чиқиндилар орқали ифлосланишга чек қўйишга мўлжалланган Американинг 4оcean стартапи бош директори Алекс Шулц.

Шулц 4оcean’га 2017 йилда дўсти Эндрю Купер билан Бали, Индонезияга сафарларидан кейин асос солган. Ўшанда улар океанга келиб тушадиган пластик чиқиндилар кўламидан ҳайратга тушишган. Компания океанлар, дарё ва соҳил бўйларидаги чиқиндиларни тўплаб, уни билакузук, қурилиш материаллари ёки ёнилғи каби маҳсулотларга айлантиради ва уларни сотади. Компания қайта ишлаб бўлмайдиган маҳсулотларни чиқинди полигонларига юборади. Бугунги кунда унинг Гватемалада, Флорида ва Индонезияда жамоалари бор бўлиб, 2017 йилдан бери улар 37 миллион тоннадан ортиқ чиқинди тўплаган.

4оcean Гватемаладаги маҳаллий бригадалари томонидан амалга ошириладиган миссиясига қўшимча сифатида Мотагуа дарёси этагидан оқим бўйича сузадиган 48 километрли тўрларни жойлаштирган. Мустаҳкам материалдан ишланган тўр чиқиндиларни тутиб қолиб, ёввойи ҳайвонларга зарар етказмайди.

«Мотагуа дарёси орқали оқадиган чиқинди ва пластикнинг катта қисмини ёмғирлар мавсумидан олдин тутиб қолиш ниятидамиз», — дейди 4оcean’нинг Гватемаладаги менежери Кевин Кухлоу.

Унинг сўзларига кўра, ёмғирлар мавсуми аввалида тўрга шикаст етказган. Ўтган йили кучли шамол тўрни маҳкамланган жойидан силжитиб юборган ва унинг бир қисми оқим бўйича оқиб кетган. Бу ҳолат такрорланмаслиги учун 4оcean дарё ўзанида чуқурлар қазиб, тизимни мустаҳкам қотириб чиққан.

Компания ҳисоб-китобларида келтирилишича, 2023 йилда тўр ўрнатилганидан бери 45 минг килограмм чиқинди тўпланган. Бу умумий ҳажмдаги чиқиндиларнинг кам қисмини ташкил этсада, компания бу орқали маҳаллий ҳамжамиятни пластикни дарёга ташламаслик борасидаги огоҳлигини ошириш ниятида.

4оcean — Мотагуа дарёсида пластик тўплаш билан шуғулланувчи ягона компания эмас. 2023 йилда The Ocean Cleanup нотижорий ташкилоти Мотагуа дарёсига келиб қуйиладиган Лас-Вакасе ирмоғига ўз тўсиқларини ўрнатган. Яқинда у яна бир тўрини ўрнатиш ниятини эълон қилди.

Шулцнинг сўзларига кўра, океандан чиқиндиларни йиғиб олиш муаммони ҳал этмайди. Барчаси таълимга, одамлар, корпорациялар ва пластик ишлаб чиқарувчилар қарашларини ўзгартиришга боғлиқ.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид