Жаҳон | 15:02 / 20.08.2024
1347
2 дақиқада ўқилади

Австралия ва Индонезия мудофаа тўғрисида шартнома тузди

Австралия ва Индонезия 2012 йилги мудофаа шартномасини янгилади. Янги келишув, хусусан, мудофаа кучларининг қўшма машғулотлари параметрларини тартибга солади.

Фото: X / AlboMP

Австралия ва Индонезия мудофаа соҳасида ҳамкорлик шартномаси тузди. Бу ҳақда 20 август, сешанба куни Австралия бош вазири Энтони Албанезе маълум қилди.

ABC News аниқлик киритганидек, гап 2012 йилги мудофаа пактини янгилаш ҳақида кетмоқда. Унинг сўзларига кўра, Австралия расмийлари янги келишувларни 2006 йилнинг ноябрида икки томонлама хавфсизлик битими тузилганидан бери энг муҳим стратегик ҳужжатлардан бири деб ҳисоблайди.

Янги ҳужжат, хусусан, икки давлат мудофаа кучларининг қўшма машғулотлари параметрларини тартибга солади. Бу дипломатик ва сиёсий келишмовчиликлар туфайли хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик сусайган мураккаб даврда муҳим аҳамиятга эга, деб эслатади ABC News. 

«Ушбу тарихий шартнома... мамлакатларимиз бир-бирининг хавфсизлигини таъминлаши учун муҳим пойдевор бўлади», деди Албанезе ва келишувнинг яқин кунларда расман имзоланиши кутилаётганини қўшимча қилди

Индонезия сайланган президентининг Австралияга ташрифи 

Австралия бош вазири Албанезе ва мудофаа вазири Ричард Марлз 19-20 август кунлари Канберрада Индонезиянинг сайланган президенти Прабово Субиантони қабул қилди. Бу Субиантонинг феврал ойида Индонезиядаги умумий сайловлардан кейин Австралияга биринчи ташрифи. 

Томонлар иқтисодиёт, хавфсизлик ва экология соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш жиҳатларини муҳокама қилмоқда. Бу йил икки давлат дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 75 йиллигини нишонламоқда.

AUKUS доирасидаги ҳамкорлик 

2021 йил сентябр ойида Австралия, АҚШ ва Британия Хитойга қарши AUKUS деб номланган янги блок ташкил этишини эълон қилди. Шартноманинг бир қисми сифатида Вашингтон ва Лондон Канберрага ўзининг ядровий сувости флотини яратишда ёрдам беришга ваъда қилди. 

2023 йил октябр ойида Британия Мудофаа вазирлиги AUKUS доирасида сувости кемаларини қуриш учун 4 миллиард фунт стерлинг (4,6 миллиард евро)лик янги шартнома имзолади. 

Мавзуга оид