Жамият | 20:43 / 21.08.2024
43136
7 дақиқада ўқилади

Ҳам вақтни, ҳам пулни ўғирлаш усули – содда одамлар “видео томоша қилиш орқали пул ишлаш”га ишонтирилмоқда

Бугунги даврда кўп ва осон пул топиш иштиёқи алданишга мойил кишиларни бир неча сонияда бор-будидан айириши мумкин. Бунинг учун махсус ишлаб чиқилган юзлаб фирибгарлик платформалари ёки дастурлардан бирининг “тўрига илиниш” кифоя. Мақолада сўнгги бир неча ойда Ўзбекистонда тарғиботи кучайтирилган шундай платформалар ҳақида сўз юритилади.

Фото: Kun.uz

Сўнгги ойларда республиканинг турли ҳудудларида пул тикиш ва маълум бир топшириқни бажариш – видео томоша қилиш орқали даромад кўришни таклиф қилувчи платформалар тарғиботи кучайди. Ҳатто вилоятларда уларнинг филиаллари ташкил этила бошланди. Кўплаб одамлар ушбу платформаларга пул тикиб, вақтини видео кўриш билан ўтказмоқда. Бу навбатдаги молиявий пирамида бўлиши мумкин.

Whats: парда ортида нима бор?

Ўзбекистонда оммалашаётган хавфли дастурлардан бири бу Whats ҳисобланади. Ушбу дастур ижтимоий тармоқлардаги бир нечта гуруҳлар орқали фаол тарғиб қилинмоқда. Унда маълум миқдорда пул тикиб, кунлик топшириқларни бажариш орқали даромад кўриш таклиф этилади. Топшириқлар эса турли видеоларни кўриш ва уларга лайк босишдангина иборат.

Дастурда бир нечта даражалар бор. Масалан, W1 даражада 180 минг сўм пул тикиб, кунига 6 та вазифани бажариш орқали ойига 180 минг сўм даромад олиш таклиф қилинади. Шартнома муддати бир йилни ташкил этади. Яъни 180 минг сўм тикиш орқали кунлик топшириқларни бажариб, ойига 180 минг сўмдан бир йил давомида 2 млн 160 минг сўм даромад олиш мумкинлиги айтилади.

Шу тариқа, даражага қараб депозит қилинадиган сумма, кунлик топшириқ ва ойлик даромад ошиб боради. W4 даражада 2,8 млн сўм қўйиш орқали ҳар куни 40 вазифани адо этиб, ойига 3 млн 840 минг сўм, йилига 46 млн 80 минг сўм топиш таклиф қилинади.

Гуруҳларда “Whats Group” компанияси бош директори Pit исмли шахс эканлиги айтилади. Бироқ бирор гуруҳда ушбу шахснинг фотосурати, видеоси ёки бошқа аниқ маълумотларини учратиш қийин.

Компания бош офиси АҚШнинг Калифорния штатида жойлашгани, у Whatsapp мессенжерининг бўлими эканлиги, тахминан 1 млн онлайн ходимларга эгалиги, унинг глобал бизнеси дунёнинг кўплаб давлатларини қамраб олгани айтилади.

Ушбу дастур навбатдаги молиявий пирамидалардан бири холос. Буни англаш учун бир нечта жиҳатларга эътибор қаратишнинг ўзи етарли.

Масалан, Whats гуруҳида компаниянинг Ўзбекистон ҳукумати билан алоқаси борлиги айтилади. Яъни даромад пулини ечиб олишда гўёки Ўзбекистон ҳукумати 15 фоиз даромад солиғи ушлаб қолишни талаб қилмоқда экан. Ушбу солиқдан қочиш учун эса “Binance” платформаси орқали USDT (криптовалюта)дан фойдаланиш таклиф этилган.

Аслида бу солиқдан қочишга эмас, “тўппа ўмариш” осон бўлиши, қолаверса, ноқонунийлиги боис эркин пул ўтказмалари “ёпиқлиги” учун танланган йўл. Қолаверса, Ўзбекистонда даромад солиғи 15 фоиз эмас, 12 фоизни ташкил этади. Шунингдек, таърифлангани каби глобал даражадаги компания Ўзбекистон ҳукумати билан келишувга эришади-ю, буни расмий ОАВ ёритмаслиги эҳтимолдан анча йироқ.

Бундан ташқари, Whatsapp’нинг расмий сайти ва бошқа манбаларида Whats лойиҳаси ҳақида бирор маълумот йўқ. Агар бу ҳақиқатдан Whatsapp бўлими бўлганида ўз тармоқлари орқали лойиҳа реклама қилинган бўлар эди.

Гуруҳларда “Whats” номидаги хусусий корхона гувоҳномаси ҳам эълон қилиниб, бу орқали одамларни Whats лойиҳаси фаолиятига Ўзбекистонда қонуний рухсат берилганлигига ишонтиришга уриниш бўлмоқда.

Аслида бироз ҳуқуқий тушунчаси бор бўлган одам исталган номда хусусий корхона очиш мумкинлигини англар ҳамда унинг фаолият турини текшириб кўрган бўларди. Масалан, “Whats” хусусий корхонаси 2024 йил 28 март куни давлат рўйхатидан ўтказилган. 10 млн сўм устав капиталига эга бўлган хусусий корхонанинг фаолияти “тўловларни йиғиш бўйича агентликлар ва кредит бюролари фаолияти” сифатида кўрсатилган.

Корхона таъсисчиси ва раҳбари Whats лойиҳасининг Хатирчи туманидаги филиалини ташкил қилган.

 

Умуман олганда, ҳудудларда лойиҳанинг кўплаб филиаллари ташкил этилмоқда. Бу орқали дастурга кўпроқ одам жалб этишга ҳаракат қилиняпти.

Aif: вақтингизни беҳуда ўтказманг

Ҳам пул, ҳам вақтингизни ўғирлаш учун махсус ишлаб чиқилган дастурлардан навбатдагиси Aif ҳисобланади. Ушбу дастурнинг ҳам ишлаши Whats’ники билан деярли бир хил: рўйхатдан ўтасиз, пул тикасиз, берилган видеоларни кўриш ва лайк босиш орқали кунлик топшириқни бажарасиз.

Aif дастурида “ставка”лар қуйидагича: 50 USDT (1 USDT тахминан 1 АҚШ долларига тенг) тикиб, 150 USDT, 21 минг USDT тикиб, 63 минг USDT ишлаб топиш мумкинлиги айтилади. Қўйилган сумма миқдорига қараб даромад миқдори ҳам ошириб борилган.

Одамларнинг лойиҳага қўшилиш жараёни сустлашганда турли акциялар ҳам ўтказилиб турилади.

Кейинги вақтларда “Видеога лайк босганим учун менга тўлашаётган бўлса, нега бошида пул тикишим керак?” дея ўйлаб кўрмаганлар Aif билан ухлаб, Aif билан уйғонмоқда.

Тўр бирдан тортилади

Whats ёки Aif каби дастурларнинг “умри” нари борса 1 йил бўлиши мумкин. Негаки, оммавий жалб қилишлардан сўнг тикилган пуллар маълум бир даражага етганида “тўр бирдан тортилади”, ҳудудларда очилаётган филиаллар ёпилиб, дастурнинг ўзи эса қумга томган томчи каби бир неча дақиқада ғойиб бўлади. Бошланишига берилган бироз маблағ эса ҳар доимги каби шунчаки ишончга кириш учун ишлатилган хўрак бўлиб чиқади. Буни Parker мисолида ҳам кўргандик.

Бу каби дастурларнинг яна бир шубҳали томони шундаки, уларда рўйхатдан ўтиш учун карта рақамини киритиш ҳам талаб этилмоқда. Бу эса киберфирибгарликлар тури кунора кўпайиб бораётган бугунги даврда хавфли бўлиши мумкин.

Kun.uz яна бир бор юртдошларимизни бундай дастурларга ишонмасликка, пуллари ва вақтларини сарфламасликка чақириб қолади.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Мавзуга оид