Жаҳон | 08:40 / 21.08.2024
2883
2 дақиқада ўқилади

Ҳаррис Демократик партия номзоди сифатида тасдиқланганини қабул қилди

«Биз сизнинг номзодларингиз бўлишдан фахрланамиз», деди Тим Уолц билан Милуокида бўлган Камала Ҳаррис.

Фото: J. Scott Applewhite/AP/picture alliance

Камала Ҳаррис Иллинойс штатининг Чикаго шаҳрида бўлиб ўтган партия миллий қурултойида Демократик партиядан номзод сифатида тасдиқланганини қабул қилди. 20 август, сешанба куни АҚШ вице-президенти Висконсин штатининг Милуоки шаҳридан видео-алоқа орқали қурултойга қўшилди.

CNN Ҳарриснинг сўзларидан иқтибос келтирган: «Биз сизнинг номзодларингиз бўлишдан фахрланамиз. Бу халқ кучига асосланган кампания ва биз биргаликда олдинга янги йўл очамиз», дея қўшимча қилди у. АҚШнинг барча штатлари ва ҳудудларидан келган делегатлар қурултойда 59 ёшли Ҳаррисни ёқлаб овоз беришди, аммо бу фақат расмиятчилик бўлди. 

Ҳаррис ва унинг вице-президентликка номзоди, Миннесота губернатори Тим Уолц Милуокида сайловолди митингини ўтказади. 

Амалдаги маъмуриятда ишлаётган вице-президент август ойи бошида виртуал овоз беришда кўпчилик делегатлар томонидан қўллаб-қувватланиб, амалда Демократик партиядан президентликка расмий номзод бўлди. 

Тахминан ярим миллиард доллар йиғилди

Ҳаррис Қўшма Штатлардаги иккита йирик сиёсий партиядан биридан номзод бўлган биринчи оқ танли бўлмаган аёлдир. У ўзининг асосий нутқи билан 22 август куни, қурултойнинг сўнгги кунида сўзлайди. 

21 июлдан бошлаб, у пойгага киришганидан бери тўрт ҳафта ичида Ҳаррис сайловолди ташвиқотига ҳисса сифатида ярим миллиард долларга яқин маблағ тўплади, дея хабар беради Reuters манбаларга таяниб. Бу кўрсаткич амалдаги президент Жо Байден номзодини қўймаслик тўғрисида қарор қабул қилгунга қадар тўплаган маблағлар билан биргаликда жами бир миллиард доллардан ортиқни ташкил қилди. Агентликнинг қайд этишича, АҚШ тарихида ҳеч қачон чегарадан бунчалик тез ошиб ўтилмаган. 

Мавзуга оид