Жаҳон | 21:32 / 21.08.2024
27110
14 дақиқада ўқилади

Курск амалиёти: Украина яна бир йўналишда хавф солмоқда

Украина қуролли кучлари Курск областига бостириб кирганидан икки ҳафтадан ортиқроқ ўтганидан кейин ҳам Россия армияси рақибни тўлиқ тўхтата олгани йўқ. Украина қўшини эгалланган ҳудудларда нафақат мустаҳкам ўрнашиб, бу ҳудудларни кенгайтирмоқда ва захира кучларини олиб келмоқда, балки, катта эҳтимол билан янги ҳарбий ҳаракатлар майдонини тайёрламоқда – Курск областининг Глушково районида Россия таъминот йўллари кесиб қўйилмоқда.

Фото: EPA

Украина қуролли кучлари дастлабки кунларда Курск областида эгаллаб олишга муваффақ бўлган ҳудуднинг камчиликларидан бири шунда эдики, у моҳиятан уч томони Россия назоратидаги ҳудудлар билан ўралган ханжар шаклини ҳосил қилганди. Бу эса украинлар учун ноқулайлик туғдирарди, чунки бу «ханжар» уч томондан артиллерия ўқларига нишон бўлади.

BBC рус хизмати шарҳловчиси Павел Аксенов фронтдаги сўнгги воқеаларни таҳлил қилди.

Икки ҳафталик жанглар давомида Украина қуролли кучлари олдинга чуқур кириб боришга интилмади, балки қанотларга ҳужум қилиб, эгалланган ҳудудларни икки ёнга кенгайтиришга ҳаракат қилди. Энди бу Россия ҳудудига санчилган ханжар эмас, балки чегара бўйлаб чўзилган кенг ҳудудга айланди.

Шу билан бирга, украинларнинг Курск областига босқинининг илк кунларига хос бўлган шиддатли темп анча паст тезликдаги юриш ҳаракатлари билан алмашди.

Ҳозирда Украина қуролли кучлари эгаллаб турган ҳудуд чегараларини аниқ белгилаш қийин, биринчидан, уруш мавҳумликлари туфайли — ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан маълумотлар ёки жуда кечикиб келмоқда, ёки бундай маълумотларни тасдиқлаш жуда қийин бўлади.

Иккинчидан, доим ҳам бирор қишлоқда кичик бир отряд тургани ҳудуд устидан назорат ўрнатилганини англатмайди — украинларнинг разведка отрядлари Россия ҳудуди бўйлаб анча ичкари кириши мумкин, аммо бу мазкур ҳудудлар Украина назоратига ўтди, дегани эмас.

Украина қуролли кучлари қўшни мамлакат ҳудудига каттагина куч олиб кирганини Россия мудофаа вазирлигининг жанглар ва отишмалар тўғрисидаги баёнотлари ҳам тасдиқлайди.

Душанба тонгида вазирлик ўз ҳисоботида Курск областининг РФ армияси томонидан ўққа тутилган аҳоли яшаш манзилларини санаган: Борки, Богдановка, Вишневка, Викторовка, Косица, Любимовка, Меловой, Снагост.

Ушбу аҳоли яшаш манзиллари ҳудудларида жанглар давом этмоқда ва улар айни вақтда қайси томон назоратида эканини аниқ айтиб бўлмайди. Улар Россия мудофаа вазирлиги сводкасига киритилгани факти украин манбаларидаги маълумотларни тасдиқлайди: Украина ҳозирда назорат қилаётган ҳудудлар Боркидан шимоли-ғарбдаги Коренево чеккаларигача (улар орасидаги масофа қарийб 50 километр) чўзилади ва шимолда Мартиновки ва Косицагача (чегаранинг энг яқин нуқтасигача масофа 15 километр) кириб борган.

Борки Украина назорати остидаги ҳудуднинг ўнг қанотида, Коренево — чапда жойлашган.

Россия Украина босқини бошланиши заҳоти Курск областига захира кучларни юборишни бошлаганди

Россия мудофаа вазирлиги сводкасида Вишневка, Снагост ва Викторовка қишлоқларини ҳам учратиш мумкин. Ушбу ҳудудларда ҳам жанг кетаётгани шуни кўрсатадики, Украина қуролли кучлари чегара бўйлаб ғарбга — Суджа районидан Глушково райони ичкарисига қараб интилмоқда.

Чегара бўйлаб ҳаракатланиш қулайроқ, бу таъминот йўли узайиб кетмаслигини таъминлайди.

Украина қўшинларининг ҳаракат йўналиши ўзгаришига айнан нима сабаб бўлганини айтиш қийин: бир томондан, Украина қуролли кучларига ҳудудни кенгайтириб, қанотлар ҳимоясини яхшилаш фойдали, бошқа томондан — Россия захира кучларни тезда олиб келишга ва украинлар ёриб ўтган йўналишда марказдан чуқурроқ кириб боришини тўхтатишга муваффақ бўлди.

Масалан, Мартиновка атрофида жанглар украин босқинининг илк кунидан буён давом этмоқда. Бу қишлоқ Суджадан атиги беш километр шимолроқда жойлашган. Яъни украинларнинг Россия ичкарисига ҳаракати жуда тез тўхтатилган.

Шунинг учун, Украина қуролли кучлари назорати остидаги ҳудудларни ён томонга кенгайтириш сабаблари номаълумлигича қолмоқда. У россияликларнинг ҳаракатлари натижаси бўлиши ҳам, олдиндан тайёрланган режанинг бир қисми бўлиши ҳам мумкин.

Уч кўприк

Глушково райони Украина чегарасига туташ бўлиб, у аллақачон уч томондан ўраб олингани аён бўлди. Ғарб ва жанубда Украина давлати ҳудуди, шарқда эса — Курск областининг Суджа районининг катта қисмини ишғол этган Украина қуролли қисмлари жойлашган.

Глушково районини ғарбдан шарққа томон оқувчи Сейм дарёси кесиб ўтган ва ҳудудни иккита нотенг қисмга ажратган — жанубдаги катта қисм Украинага чегарадош, кичикроқ қисми шимолий соҳилда қолган.

Глушково районида мудофааланган рус қўшини таъминоти Кариж, Званное ва Глушково посёлкалари ҳудудида Сейм дарёси орқали ўтган учта кўприк орқали олиб борилган. Бу кўприклар — Россия мудофаасидаги энг заиф нуқталар эди ва улар аллақачон зарбага учради.

Разведка дрони орқали олинган кадр. Унда Глушково қишлоғи ҳудудида Сейм дарёси устидан ўтган кўприкда авиабомба портлаши акс этган. Кўприкнинг ўтиш йўли яксон этилган. Кўприк ўртасидаги оқ доғлар — портлаш туфайли олдинроқ GMLRS ракеталари зарбаси натижасида ҳосил бўлган тешиклардан кўтарилган тутун булути

16 август куни украин авиацияси Глушковода олдинроқ йўлланган зарбалардан шикастланган кўприкни буткул қулатди. Икки кун ўтиб украинлар Званноедаги иккинчи кўприкка ҳам зарба беришди. У буткул яксон бўлмаган, аммо у оғир зирҳли техникаларни ўтказиб бўлмайдиган даражада яроқсиз ҳолга келган.

Душанба тонгида эса учинчи кўприкка ҳам зарба берилгани ҳақида хабар пайдо бўлди, аммо бу маълумот мустақил манбалар орқали тасдиқланмаган. Нима бўлганда ҳам ишонч билан айтиш мумкинки, Украина қуролли кучлари бу кўприкни ҳам ишдан чиқаришга ҳаракат қилади.

Агар бу кўприк ҳам қулатилса, унда Глушково районидаги рус қўшинлари таъминоти масаласи ҳаддан ташқари қийинлашади — дарё узра понтон кечувлар ўрнатиш мумкин, аммо бундай қурилмалар ракета ва артиллерия зарбалари қаршисида жуда заифдир.

Шунга қарамай, Россия армияси аллақачон бундай ўтиш йўлларини барпо этишга киришган. Глушково қишлоғи ҳудудида шундай кечув йўли 16 август куниёқ, кўприк вайрон бўлиши ортидан пайдо бўлган.

Якшанба куни сунъий йўлдош орқали олинган фотосуратларда ушбу ҳудуддаги иккинчи кечув йўлини ҳам кўриш мумкин. Сешанба кунига келиб эса у тасвирлардан йўқ бўлиб қолган. Мазкур понтон кечув йўқ қилингани ҳақида ишончли далиллар пайдо бўлмади, аммо уни шунчаки русларнинг ўзи олиб ташлашида ҳам маъно йўқ.

Шу билан бирга, россияликларнинг дронлари Украина Россия ҳудудидаги кўприклар ва понтон кечувларга зарба беришда фойдаланаётган GMLRS ракеталари учириладиган қурилмаларни қидирмоқда.

Россиялик ҳарбий мавзуга ихтисослашган блогерлар тасдиқлашича, Россия камида битта HIMARS қурилмасини йўқ қилган. Россия ва Украинанинг йўқотишларини очиқ манбалар орқали кузатиб борувчи Oryx тадқиқот лойиҳаси ушбу йўқотишни йўқ қилинган ва шикастланган HIMARS тизимлари рўйхатига киритган.

Ҳарбий ҳаракатлар ҳудудини иҳоталаш

Россиялик ҳарбий мухбир Владимир Романовнинг ёзишича, Украина қуролли кучлари кўприкларга зарба беришдан ташқари Е38 йўлида FPV-дронлардан фойдаланмоқда.

Бу маълумотни бошқа манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ, аммо Курск областига босқин бошланган илк кунлардаёқ турли шарҳловчилар украинлар ушбу йўлни олов назоратига олишга интилишини тахмин қилишганди. Бу ҳақда, хусусан, россияликларнинг «МИГ России» номли ҳарбийлашган канали 8 август куниёқ ёзган.

Америкадаги Урушларни ўрганиш институти 14 август кунги ҳисоботида россияликлар шошилинч тарзда Е38 шоссеси бўйлаб мудофаа иншоотлари қуришга киришгани ҳақида хабар қилган. Унда айтилишича, россиялик ҳарбийлар 12 август куни хандақ ва танкларга қарши ўралар қазий бошлаган.

«Звезда» телеканал кадрида Е38 шоссеси орқали олиб ўтилаётган ҳарбий техника акс этган

Бу шоссе Россия фронт ортида жойлашган Рилск ва Лгов шаҳарларига олиб боради. Йўл тўқнашув чизиғидан анча узоқда бўлса ҳам (масалан, асосий жанглар кетаётган Мартиновка қишлоғигача ушбу йўлдан масофа 42 км чиқади), бу участкада амалда чегара чегара чизиғига параллел ўтган ва уни рокада йўл дейиш мумкин, яъни фронт чизиғи бўйлаб ўтган ва қўшимча кучларни олиб келишда фойдаланишга қулай бўлган йўл.

Россия тезда захира кучларни тортиб келиб, украин қўшинининг Курск области ичкарисига ҳаракатини тўхатгани туфайли украинлар бу йўлни назоратига ололмади.

Аммо ушбу йўлни кесиб қўйишга ёки олов назоратига олишга уринишларнинг ўзи (шунингдек, Сеймдаги кўприкларга зарбалар берилиши) ғарб ҳарбий назариясида «ҳарбий ҳаракатлар ҳудудини иҳоталаш» деб аталадиган нарсага жуда ўхшаб кетмоқда.

Бу атама рақиб гуруҳи таъминотини издан чиқариш учун комплекс чораларни назарда тутади. Бу орқали рақибнинг жанговар самарадорлигини сезиларли даражада пасайтириш мумкин.

Украина қуролли кучлари 2022 йил кузида Херсонда шундай йўл тутганди, ўшанда фронторти ҳудудлардаги кўприклар ишдан чиқарилгач, Россия қўшинларини Днипро дарёсининг ўнг соҳилидан чап соҳилга олиб ўтишга мажбур бўлганди.

Украинларнинг Германиядан қабул қилиб олган «Мардер» жанговар пиёдалар машинаси Курск областида

Шу тариқа, Сейм устидан ўтган кўприкларга зарбалар йўлланиши шундан гувоҳлик бермоқдаки, Украина қуролли кучлари, катта эҳтимол билан, Глушково районига ҳам ҳарбий ҳаракатлар майдони сифатида қарамоқда.

Аммо украин кучларининг Курск областида босиб олинган ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган умумий ҳаракатлари Глушково районида ҳам кечаётганига қарамай, Украина қуролли кучларининг ушбу ҳудудни ҳам эгаллаб олиш нияти қанчалик жиддий эканини айтиб бўлмайди.

Нима бўлганда ҳам, Россиядагилар воқеаларнинг шундай ривожи хавфини тушуниб турибди ва расмийлар ушбу райондан ҳам аҳолини эвакуация қилмоқда.

Қарама-қаршилик

Украина қуролли кучлари яхши тайёрланган тузилмалар билан Курск областида кутилмаган ҳужумни амалга ошириш орқали тактик муваффақиятга эришди.

Энди, дастлабки зарбадан кейинги шок ҳолати ўтиб кетганида, Россия Курск областида мудофаани қуришга ҳаракат қилмоқда.

Ҳозирда Украина қуролли кучлари қисмларини бир ҳамлада ортга чекинтириш ҳақида гап кетмаяпти, бунинг учун фронтнинг бошқа участкаларидаги кучларни қайтариб келиш талаб этилиши тайин.

Россия Курск области мудофааси учун қўшин йиғаётганига қараганда, қўмондонлик Украинадаги фронт бўлинмаларини заифлаштиришни истамаяпти.

Россия шошилинч тарзда турли ҳудудлардан куч йиғмоқда, фронтнинг олдинги чизиғидагиларга тегмаяпти

Шу туфайли Курск областига йирик кучлар эмас, фронтнинг турли жойларидан олинган кичик қисмлар ташланмоқда.

Россиядаги мустақил нашрлар хабар қилишича, Курск областига шошилинчда ҳатто Ҳаво-космик кучларининг мотоўқчи полки каби экзотик бўлинмалар ҳам олиб келинган. Улар орасида доимий жойлашув манзили Белгород областида (географик жиҳатдан Курскка энг яқин жой) бўлган «Север» қўшинлар гуруҳига мансуб бўлинмалар кўпчиликни ташкил этади.

Украиналик ҳарбий блогер Константин Машовецнинг ёзишича, Россия Курск областидаги фронтга 14-армия корпуси таркибидан «беш-олти баталён» юборган.

Шунингдек, ОАВда Курск атрофига Херсон йўналишидаги 810-ва 155-денгиз пиёдалари бригадалари бўлинмалари ташлангани ҳақида хабарлар чиққанди.

«18 ёшли эркаклар»

Бундан ташқари, Россиядаги ижтимоий тармоқларда ва мустақил ОАВда Курск атрофига муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар ҳам жойлаштирилаётгани ҳақида хабарлар берилмоқда.

Ёш аскарлар чегара ҳудудлардаги жангларга ҳам жалб этилган, уларнинг кўпчилиги асир тушган, қурбонлар ҳам бор, аммо ҳозирча уларнинг сони аниқ эмас.

Бу вазият аллақачон резонанс келтириб чиқариб, Россия қуролли кучлари Бош ҳарбий-сиёсий бошқармаси бошлиғи ўринбосари (бир вақтнинг ўзида чеченларнинг «Ахмат» отряди командири) Апти Алаудинов бунга муносабат билдирди.

Лекин у ёш аскарлар тақдиридан ташвишланаётганларни хотиржам қиладиган сўзлар айтмади ва «18 ёшли эркак аскарларни болалар сифатида кўрмаслик кераклиги […] — улар ҳам барча қаторида ватан ҳимоячилари» эканини билдирди.

Муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар жангга юборилиши номаълум, аммо Курск областида сафарбар қилинганлар ва шартнома асосида хизмат қилувчилар билан тўлдирилган қисмларда ҳам муаммолар етарлича.

Турли нуқталардан парча-парча ҳолатда йиғилган гуруҳ дарҳол тўла жанговар ҳолатга кела олмайди — бундай бўлинмалар изчилликда ҳаракатланиши учун маълум вақт ўтиши керак бўлади.

Москвадагилар гуруҳ ичкарисида яхши йўлга қўйилган ҳамкорлик йўқлиги қанчалик катта муаммога айланиши мумкинлигини тушунади, шу туфайли мудофаа вазири ўринбосарлари, ҳарбий бошқарув органлари раҳбарлари ҳамда Бош штаб вакиллари даражасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилди. Лекин у фақат ҳафтада бир марта йиғилади.

Украина ҳам Курск областига захира кучларини олиб келмоқда. Аввалроқ Россия ҳудудидаги амалиётда Украина қуролли кучларининг 22-механизациялашган бригадаси ҳамда 82-десант-штурм бригадаси бўлинмалари, шунингдек бошқа қисмлар иштирок этаётгани ҳақида гаплар чиққанди.

Украина ва Россия гуруҳлари миқдори маълум эмас — бу маълумот уруш тумани ичида қолган.

Аммо нима бўлганда ҳам Курск областидаги фронтнинг янги участкасига қўшимча кучларни олиб ўтиш Украина қуролли кучлари учун осонроқ — Украинадаги фронт чизиғи катта ёй шаклини олган ва Россия унинг ташқи томонида, украинларнинг барча логистик йўналишлари эса ичкарида, бу эса россияликлар йўлини узун, украинларники қисқа бўлишини таъминлайди.

Украина қуролли кучлари юриш суръатини пасайтирган бўлса-да, кўприкларни вайрон қилишга бўлган уринишлар Глушково районида юриш бошлашга тайёргарлик бўлиб кўринмоқда.

Уларда бунинг учун кучлар қанчалик етарли эканини айтиш қийин, аммо нима бўлганда ҳам мазкур ҳудудда украинларга қарши турган рус қўшини бошқа участкалардаги каби жанговар куч бўлиб кўринмаяпти.

Мавзуга оид