Жаҳон | 16:00 / 21.08.2024
14697
3 дақиқада ўқилади

Россия давлат пропагандаси Курск области ерлари узоқ муддатга йўқотилганига халқни тайёрламоқда

РФ президенти администрацияси давлат пропагандачиларига аҳолини Курск области учун жанглар узоқ давом этишига тайёрлаш тўғрисида буйруқ берган, деб хабар қилмоқда “Медуза” Кремлга яқин манбаларига таяниб.

Фото: absatz.media

Уларнинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучларининг Россия ҳудудларидан бирига бостириб киришини ҳокимият “янги нормаллик” сифатида тақдим этишни, фуқаролар содир бўлган реалликка кўникиши ва унга нисбатан шокка туширувчи ҳолатдек муносабатда бўлишни бас қилишини кўзламоқда.

“Одамлар содир бўлаётган воқеаларни ақл бовар қилмас ҳол эмас, вақтинчалик бўлса ҳам янги нормал ҳол сифатида қабул қилишлари зарур. Нормадан оғиш билан яшаш қийин. Янги норма билан эса яшаш осонроқ”, — деган “Медуза”га РФ ПАнинг ички сиёсий блоки билан ҳамкорлик қилувчи медиатехнолог.

Кремлнинг ўйланмасига кўра, давлат ОАВлари россияликларга ҳудудларни қайтариш учун вақт талаб этилиши ва “кутиш зарурлиги”ни тушунтириши лозим бўлади, одамларнинг дастлабки шокларини эса ҳукумат “ижобий ирмоқ”қа буришни режалаштирмоқда. Бунинг учун президент администрацияси губернаторларига Курск областига ёрдам йиғишни ташкиллаштириш вазифаси топширилган.

Ойлик маошдан ихтиёрий-мажбурий йиғимлар бюджет соҳаси ҳамда айрим давлат корпорацияси ходимларининг гарданига тушиши мумкин, деган “Медуза”нинг ҳудудий мулозимлар орасидаги манбалари. Президент аппарати россияликларнинг бўлаётган ҳодисалардан безовталигига эътибор қаратган: ижтимоий фикр фонди сўровларига кўра, Курск области ҳудудининг эгалланишидан аҳолининг 45 фоизи ташвишланиб қолган — бу “Вагнер” ХҲКнинг 2023 йил июлидаги исёнидан буён кузатилган энг катта кўрсаткич.

Гарчи Курскда йўқотилган ҳудудларни тезда қайтариб олиш қийин бўлса-да, Кремлдагилар бу кўрсаткични тушириш вазифасини қўймоқда: “Медуза” манбаларининг сўзларига кўра, жанглар бир неча ой давом этиши мумкин. Боз устига, “ҳаммаси биз ўйлагандек бўлиб чиқса”, деган ҳукуматга яқин манбанинг айтишича, бу баҳолашлар “етарли даражада оптимистик” ҳисобланади.

20 август кечига кўра, Курск областининг 93 та аҳоли пункти ва 1,3 минг километр квадрат майдони Киев назорати остига ўтганини Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский маълум қилган.

Яқин фурсатлар ичида Украина кучлари майдонни бир ярим баробарга ошириши мумкин. Украина қуролли кучлари Курск области Глушково районида учта кўприкни уриб ташлагач, Сейм дарёсидан жанубда жойлашган ҳудудлар тўлақонли таъминотдан узилиб қолган.

Гарчи Кремл давлат пропагандасига таянаётган бўлса-да, бу фақатгина тактик айёрлик бўлиб, жамиятда борган сари тўпланиб келаётган толиқиш ва негативни бартараф этишга ожиз, деган сиёсатшунос Аббос Галлямов.

Мавзуга оид