Жаҳон | 14:48 / 21.08.2024
2611
3 дақиқада ўқилади

РҚХга Курск яқинида фуқароларни қидириш бўйича 1500 та ариза келиб тушди

Курск областининг юзлаб аҳолиси Украина қуролли кучлари минтақага ҳужуми бошланганидан сўнг ғойиб бўлган қариндошларини қидирмоқда. Фирибгарлар уларнинг оғир аҳволидан фойдаланиб қолмоқда.

Фото: Владимир Гердо / ТАСС

11 августдан 19 августга қадар Россия Қизил Хоч жамиятига (РҚХ) Курск области аҳолисидан қариндошларни излаш бўйича 1500 дан ортиқ ариза келиб тушди, деб ёзади «Ведомости» газетаси 20 август куни ташкилотга таяниб. РҚХ маълумотларига кўра, шу вақт ичида бедарак йўқолган юз киши билан алоқа ўрнатиш мумкин бўлган.

Айни пайтда, «Лиза алерт» қидирув гуруҳи журналистларга август ойи бошидан бери Курск областида бедарак йўқолганларни қидириш бўйича 779 та сўров келиб тушганини маълум қилди. Улардан 111 таси ҳозирда «Топилди. Тирик» ҳолати билан ёпилган. 

РҚХнинг аниқлик киритишича, статистик маълумотлар такрорий аризаларни ўз ичига олиши мумкин - агар улар турли қариндошлар томонидан турли ташкилотлар орқали параллел равишда топширилган бўлса. 

6 август куни Украина қуролли кучларининг Россия Федерацияси Курск областига ҳужуми бошланганидан кейин ҳудуддаги икки мингдан ортиқ киши алоқага чиқишни тўхтатган. «Ведомости» газетаси бедарак йўқолганларни қидириш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари кўпаяётгани ҳақида огоҳлантирмоқда. Интернетда чоп этилган қидирувдаги шахснинг ташқи қиёфаси тавсифидан фойдаланиб, ҳужумчилар қариндошларини уни кўрганликларига ишонтиради ва қўшимча маълумот олиш учун улардан пул талаб қилади. 

Курск областининг тезкор штаби маҳаллий аҳолига бедарак йўқолган қариндошлари ҳақидаги маълумотларни очиқ манбаларда эълон қилмасликни тавсия этди. 

Украинанинг Курск областидаги ҳужуми 

2024 йил 6 августдан бери Украина қуролли кучлари Курск областида ҳужумкор операция ўтказмоқда. Россия мудофаа вазирлиги ва Россия Telegram-каналлари хабарларига кўра, Украина қўшинлари Россия Федерацияси чегара ҳудудининг бир қисмини қўлга олиб, ўнлаб километр ичкари томон кирган. Коренев ва Суджа районларида жанглар кетмоқда. У ерда Россиядан келадиган табиий газ Украинанинг газ транспорт тизимига кириб, кейин Европа Иттифоқига транзитга ўтадиган ягона нуқта - «Суджа ГИС» жойлашган. Бундан ташқари, минтақада Курск атом электр станцияси бор. 

19 август куни Украина президенти Володимир Зеленский Украина қуролли кучлари Россия Федерациясининг Курск областидаги 1250 квадрат километрдан ортиқ ҳудуд ва 92 та аҳоли пунктини назорат қилаётганини айтди. Аввалроқ Зеленский Украина қуролли кучларининг Курск яқинидаги ҳужумидан мақсад «агрессор ҳудудида буфер зона яратиш» эканини билдирганди. 

Шу куни, 19 августда Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўша вақтга келиб Курск областининг тўққиз чегара туманидан 121 мингдан ортиқ одам эвакуация қилинганини хабар берди. Идора маълумотларига кўра, 18 августдан 19 августга қадар бир кунда 650 нафардан ортиқ аҳоли ҳудудни тарк этган. 

Мавзуга оид