Ўзбекистон | 09:38 / 22.08.2024
5313
3 дақиқада ўқилади

Аҳолининг аксарият қисмида маймунчечакка қарши жамоавий иммунитет бор - Санэпидқўмита

Мамлакатда истиқомат қилаётган 1980 йилдан аввал туғилган катта ёшдагилар чечак (халқ тилида - чинчечак) касаллигига қарши тўлиқ эмланган. Aйнан шу қатламда жамоавий иммунитет мавжуд, боиси чинчечакка қарши эмлашдан кейин ҳосил бўлган иммунитет маймунчечакка қарши ҳам ишлайди ва касалликнинг кенг тарқалиш хавфини пасайтиради.

Республика аҳолисининг аксарият қисмида маймунчечакка қарши жамоавий иммунитет мавжуд. Бу ҳақда Санэпидқўмита ахборот хизмати хабар берди.

Маймунчечак – вирусли инфекция бўлиб, организмнинг умумий заҳарланиши ҳамда терида ўзига хос тошмалар тошиши билан кечади. 

Қайд этилишича, маймунчечак касаллиги республика ҳудудига кириб келиши эҳтимоли жуда кам. Маймунчечак касаллиги қайд қилинаётган Европа мамлакатларида беморлар ва мулоқотда бўлганларга нисбатан алоҳидалаш чоралари олиб борилмоқда, эпидемияга қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар эса тўлиқ самара бермоқда.

Билдирилишича, мамлакатда истиқомат қилаётган 1980 йилдан аввал туғилган катта ёшдагилар чечак (халқ тилида чинчечак) касаллигига қарши тўлиқ эмланган. Aйнан шу қатламда жамоавий иммунитет мавжуд, боиси чинчечакка қарши эмлашдан кейин ҳосил бўлган иммунитет маймунчечакка қарши ҳам ишлайди ва касалликнинг кенг тарқалиш хавфини пасайтиради.

ЖССТ Европа иттифоқи маълумотларига кўра маймунчечак эпидемияси COVID-19 пандемияси даражасида глобал муаммо туғдирмайди.  ЖССТ Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге дунёнинг қатор мамлакатларида mpox (маймунчечак) вируси тарқалиши билан боғлиқ эпидемик вазият юзасидан баёнот берар экан, ваҳимага берилишга ҳожат йўқ деб таъкидлади. Унинг фикрича, “маймунчечак коронавирус даражасидаги ўта жиддий муаммо эмас,  - биз mpox вируси билан қандай курашиш кераклигини биламиз”.

Касаллик тарқалиши олдини олиш мақсадида:

  • маймунчечак касаллиги бўйича эпидемиологик нохуш давлатларга  сафарларни чеклаш;
  • иш юзасидан хизмат сафарига борилган тақдирда, ёввойи ҳайвонлар ва кемирувчилар (маймунлар, каламушлар) билан мулоқотда бўлмаслик;
  • жамоат жойларига чиқишда шахсий гигиенага қатъий риоя қилиш;
  • тана ҳарорати кўтарилган ёки тошмалар тошган йўловчилар билан бирга ҳаракатланишга тўғри келганда имкон қадар санитария-муҳофаза (ижтимоий) масофани сақлаш, тиббий ниқоблардан фойдаланиш, қўлларни зарарсизлантирувчи воситалар билан ишлов бериш;
  • жамоат транспортларида тиббий ниқоблардан фойдаланиш, транспортдан тушгандан сўнг қўлларни зарарсизлантирувчи воситалар билан тозалаш тавсия этилади.

Мавзуга оид