Ўзбекистон | 09:35 / 22.08.2024
1110
3 дақиқада ўқилади

Эксперт гуруҳлари Ўзбекистон сиёсий партиялари тақдим этган имзо варақаларини кўздан кечирди

Эксперт гуруҳлари сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларини кўздан кечиришди.

Фото: "Дунё" АА

МСК маълумотига кўра, сайлов қонунчилигига кўра, Марказий сайлов комиссияси томонидан Қонунчилик палатаси сайловида иштирок этувчи сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши ҳамда беш кунлик муддатда текшириб чиқиши белгилаб қўйилган.

Шундан келиб чиқиб, Марказий сайлов комиссияси томонидан жорий йил 10 август куни "Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи эксперт гуруҳларини тузиш тўғрисида" қарор қабул қилинган эди.

Эксперт гуруҳи аъзолари таркибига Ички ишлар вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг Ҳужжатлар криминалистик экспертизаси лабораториясининг хатшунос экспертлари, Тошкент давлат юридик университети, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилди.

Ушбу эксперт гуруҳлари томонидан Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг тегишли Низом талабларига қатъий риоя қилган ҳолда сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни, шу жумладан сиёсий партияларни қўллаб-қувватловчи имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини, имзоларнинг ҳақиқийлиги текшириш жараёнлари бўлиб ўтди. Имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ҳам иштирок этди.

Эксперт гуруҳлари томонидан текшириш учун сайловчиларнинг ҳар бир сиёсий партияни қўллаб-қувватлаб берилган имзолари бир хил миқдорда, ҳар бир маъмурий-ҳудудий тузилмадан, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридан тенг нисбатда танлаб олинди.

Эксперт гуруҳи аъзолари имзо варақасининг тўғри тўлдирилганлигига, тузатишларга йўл қўйилганига, ўчириб ёзилган тузатишлар борлигига, турли шахслар томонидан тўлдирилганлигига, ўхшаш имзолар борлигига, тасдиқланган тузатишлар борлигига эътибор берган ҳолда ҳар бир имзо варақасини кўздан кечирдилар.

Визуал текширувда нуқсонлар ёки шубҳали ҳолатлар аниқланган имзо варақалари пухтароқ текшириш учун саралаб олиниб, соҳанинг профессионал мутахассислари бўлган криминалист, хатшунос экспертлар томонидан ёзувларни катталаштириб кўрсатувчи махсус асбоблар ёрдамида диққат билан текширилди.

Агар МСК томонидан танлаб олинган имзо варақаларини текшириш натижасида имзо варақалари қонун бузилган ҳолда тузилганлиги аниқланса мазкур имзо варақалари сиёсий партиянинг ваколатли вакилига қайтарилади ва унга камчиликларни бартараф этиш учун икки кунлик муддат берилади.

Эксперт гуруҳлари имзо варақаларини текшириш натижаларига кўра якуний хулоса тайёрлайди. Марказий сайлов комиссияси Эксперт гуруҳларининг хулосасини инобатга олган ҳолда сиёсий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида иштирок этиши ва депутатликка номзодлар кўрсатишига ижозат бериш масаласини кўриб чиқиб, тегишли қарор қабул қилади.

Мавзуга оид