Ғазодаги бозорга ҳужум, Арманистон сиёсатини қоралаган Лукашенко ва ютуберга айланган Криштиану Роналду — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
«Ғазо Исроилнинг давом этаётган қамали ва ҳужумлари натижасида соғлиқ ва атроф-муҳит учун ҳалокатли оқибатлар ёқасида турибди», — деган Ғазо муниципалитети вакили Ҳусни Муҳанна Shabab ахборот агентлигига.
У халқаро ҳамжамиятни “жуда кеч бўлмасдан аввал зудлик билан аралашиш”га чақирган. Унинг қўшимча қилишича, Ғазо кўчаларида йиғилиб қолган 150 минг тоннадан зиёд чиқинди касалликлар, ҳашаротлар ва кемирувчилар кўпайишига сабаб бўлмоқда.
Муҳаннанинг қайд этишича, Исроил қамали Ғазони нафақат ҳаётий зарур маҳсулотлардан маҳрум қилмоқда, шунингдек муниципиал хизматларнинг чиқинди тўплаш жойларига боришига ҳам монелик қилмоқда ва бу кризисни янада чуқурлаштирмоқда.
17 август куни Ғазода илк бор полиомиелит юқтириш ҳолати қайд этилди, БМТ ва халқаро ташкилотлар болаларни полиомиелитга қарши эмлаш учун зудлик билан ҳуманитар пауза эълон қилишга чақирган.
Исроил Ғазонинг катта қисмини вайронларга айлантирган. Бу эса исимлик сув, озиқ-овқат, дори-дармон, ёқилғи ва электр таъминоти каби асосий маҳсулотлар тақчиллигини келтириб чиқарган ва қамал қилинган эксклавда касалликлар тарқалиши учун замин яратган.
Исроилнинг бу ҳаракатлари даҳшатли ноинсонийлик намунаси, деб аталмоқда.
20 август куни Исроил армияси Дайр ул-Балаҳдаги бозорга ракетда ҳужуми берган. 9 киши, жумладан икки ёш бола ўлган. Бу зарба мажбуран кўчирилган фаластинлик қочқинлар қўним топган мактабга берилган ва камида 20 кишининг ҳалок бўлиши ва ўнлаб инсонларнинг яраланишига олиб келган зарбадан кўп ўтмасдан амалга оширилган.
Сўнгги сутка ичида Исроил агрессияси қурбонлари сони камида 50 кишини ташкил этган. 7 октябрдан буён Ғазода қурбон бўлган фаластинликлар сони 40 минг 223 кишини ташкил этмоқда, 92 минг 871 киши ярадор бўлган. Ўлдирилганларнинг учдан икки қисми ёш болалар ва аёллардир.
Украинанинг Курскдаги операцияси
Украина қуролли кучлари Курск областига бостириб кирганидан икки ҳафтадан ортиқроқ ўтганидан кейин ҳам Россия армияси рақибни тўлиқ тўхтата олгани йўқ.
Украина қўшини эгалланган ҳудудларда нафақат мустаҳкам ўрнашиб, бу ҳудудларни кенгайтирмоқда ва захира кучларини олиб келмоқда, балки катта эҳтимол билан янги ҳарбий ҳаракатлар майдонини тайёрламоқда.
Икки ҳафталик жанглар давомида Украина қуролли кучлари олдинга чуқур кириб боришга интилмади, балки қанотларга ҳужум қилиб, эгалланган ҳудудларни икки ёнга кенгайтиришга ҳаракат қилди.
Шу сабаб украинларнинг Курск областига босқинининг илк кунларига хос бўлган шиддатли темп анча паст тезликдаги юриш ҳаракатлари билан алмашди.
Украина қуролли кучлари қўшни мамлакат ҳудудига каттагина куч олиб кирганини Россия мудофаа вазирлигининг жанглар ва отишмалар тўғрисидаги баёнотлари ҳам тасдиқлайди.
Украина қуролли кучлари яхши тайёрланган тузилмалар билан Курск областида кутилмаган ҳужумни амалга ошириш орқали тактик муваффақиятга эришди. Дастлабки зарбадан кейинги шок ҳолати ўтиб кетганида, Россия Курск областида мудофаани қуришга ҳаракат қилмоқда.
Ҳозир Украина қуролли кучлари қисмларини бир ҳамлада ортга чекинтириш ҳақида гап кетмаяпти, бунинг учун фронтнинг бошқа участкаларидаги кучларни қайтариб келиш талаб этилади. Россия Курск мудофааси учун қўшин йиғаётганига қараганда, қўмондонлик Украинадаги фронт бўлинмаларини заифлаштиришни истамаяпти.
Шу туфайли Курск областига йирик кучлар эмас, фронтнинг турли жойларидан олинган кичик қисмлар ташланмоқда.
Россиядаги мустақил нашрлар хабар қилишича, Курск областига шошилинчда ҳатто Ҳаво-космик кучларининг мотоўқчи полки каби экзотик бўлинмалар ҳам олиб келинган. Улар орасида доимий жойлашув манзили Белгород областида бўлган «Север» қўшинлар гуруҳига мансуб бўлинмалар кўпчиликни ташкил этади.
Украина ҳам Курск областига захира кучларини олиб келмоқда. Аввалроқ Россия ҳудудидаги амалиётда Украина қуролли кучларининг 22-механизациялашган бригадаси ҳамда 82-десант-штурм бригадаси бўлинмалари, шунингдек бошқа қисмлар иштирок этаётгани ҳақида гаплар чиққанди.
Украина қуролли кучлари юриш суръатини пасайтирган бўлса-да, кўприкларни вайрон қилишга бўлган уринишлар Глушково районида юриш бошлашга тайёргарлик бўлиб кўринмоқда.
Уларда бунинг учун кучлар қанчалик етарли эканини айтиш қийин, аммо нима бўлганда ҳам мазкур ҳудудда украинларга қарши турган рус қўшини бошқа участкалардаги каби жанговар куч бўлиб кўринмаяпти.
Арманларга «ташлаган» Лукашенко
Бералус президенти Александр Лукашенко Россия давлат телевидениесига берган интервюсида Арманистоннинг ғарб давлатлари билан яқинлашишига ҳаракатини танқид остига олиб, арманлар «биздан бўлак ҳеч кимга керак эмас», деган.
«Сиёсатни кўрмаяпсими? Мен ҳаттоки эътибор ҳам қилмагандим, Арманистон ҳақида гапиришни ҳам истамайман. Бу қандай сиёсат бўлди? Арманлар биздан бўлак кимга ҳам керак? Улар ҳеч кимга керак эмас», – деган Лукашенко биз деганда Беларус ва Россияни назарда тутиб.
«Қанақа Франция, қанақа Макрон? Эртага Макрон бўлмайди ва ҳамма Арманистонни унутади», – деган у.
Лукашенконинг баёнотлари Арманистонни жаҳллантирди. Еревандаги Беларус элчихонаси олдида норозилик намойиши бўлиб ўтди. Йиғилганлар элчихона биносини картошка, тухум ва помидорлар билан «ўққа» тутишган ва ҳукуматдан Беларус билан дипломатик алоқаларни узишни талаб қилишган.
Воқеаларга Беларус мухолифати етакчиси Светлана Цихановская ҳам ўз муносабатини билдирган.
«Биз Александр Лукашенко томонидан Арманистон ва арман халқи манзилига айтилган эътирозли ҳақоратларни қаттиқ қоралаймиз. Бу диктатор беларусларни ҳам, арманларни ҳам Кремл манфаатлари учун сотди. Беларуслар дўстона Арманистоннинг дўстона халқини қўллаб-қувватлайди ва мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилади», — деди Светлана Цихановская.
Сайёра бўйлаб одимлаётган MPOX
2024 йилнинг бошидан буён Конго демократик республикасида камида 16,7 мингта mpox сувчечаги ҳолати аниқланган. Бу сайёрамиз бўйлаб аниқланган ҳолатларнинг 95 фоизини ташкил этади. Шу пайтгача бу юқимли касалликдан ўлганлар сони 600 га яқинлашган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг жиддий ташвишланишига қарамасдан, жамоатчилик саломатлиги соҳасида фавқулодда ҳолат эълон қилиш барча мамлакатларнинг ўз ҳудудларида сувчечак ҳодисаси пайдо бўлишига диққат-эътиборли бўлиш ва ҳолатга тайёр туришни таъминлашга қаратилган.
Mpox сувчечаги вируси сичқон ва олмахон каби кемирувчилар ёки вирус юқтирган одамлар воситасида тарқалади.
Касалликнинг энг кенг тарқалган сабабларидан бири — танадаги тошмаларга тегиниш, вирус юқтирган инсоннинг кийимлари, чойшаблари ва у ишлатган бошқа буюмлардан фойдаланишдир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти аввалига «маймун сувчечаги» деб атай бошланган касалликнинг номини кўплаб ирқчилик кайфиятидаги гап-сўзлардан сўнг «mpox» деб ўзгартиришга қарор қилган.
Ташкилотнинг қайд этишича, mpox COVID-19 сингари пандемия билан таҳдид қилмаяпти, чунки вирус ҳаво-томчи йўли билан эмас, асосан яқин жисмоний алоқа орқали юқади.
Садир Жапаров чиқинди йиғиштирди
Қирғизистон президенти Садир Жапаров тоғларда сайёҳлар ташлаб кетган чиқиндиларни йиғиб, юртдошларини табиатни асрашга чақирди.
Сиёсатчи бу жараён акс этган видеони Facebook саҳифасига жойлаштирди.
«Табиатга бефарқ бўлмайлик, бир-биримизни назорат қилайлик, тарбиялайлик, ўрнак бўлайлик», деган Жапаров.
Президент сўзларига кўра, «кимдир, қаердандир келиб» тартиб-интизом ўрнатиб бермайди. Жапаров, шунингдек, мамлакат фуқароларини бир кун билан яшамасликка чақирган.
Криштиану Роналду ютуберга айланди
Португалиялик машҳур футболчи Криштиану Роналду ўзининг шахсий YouTube-каналини очди ва биринчи куниёқ рекорд ўрнатди.
У видеохостинг тарихида 1 миллион обунчани ҳаммадан тезроқ йиғди. Бунинг учун юлдуз футболчига атиги бир ярим соат кифоя қилди.
Криштиану Роналду уз видеоблогида спорт, оиласи, саломатлик, тўғри озиқланиш, бизнес ҳамда ҳаётдаги қийинчиликларни қандай енгиб ўтиш ҳақида ҳикоя қилишни мўлжалламоқда.
Ушбу янгилик ёзилаётган паллада Криштиану Роналдунинг обуначилари сони 13 миллиондан ошган эди.
Мавзуга оид
14:13 / 09.11.2024
Ғазодаги ҳарбий жиноятлар, НАТОдан Украинага янги ёрдам ва Ғарбни очкўзликда айблаган Путин — кун дайжести
15:34 / 08.11.2024
Ғазодаги касалхоналарга ҳужум, ҳусийчиларнинг огоҳлантириши ва Трампдан умид қилаётган Гуржистон — кун дайжести
13:12 / 07.11.2024
Ливан қишлоғига ҳужум, Трамп ғалабасидан хурсанд Исроил вазирлари ва Германияда парчаланган коалиция — кун дайжести
14:30 / 06.11.2024