Жаҳон | 11:30 / 22.08.2024
1454
3 дақиқада ўқилади

Тим Уолз вице-президентликка номзоди илгари сурилишини қабул қилди

Миннесота губернатори Демократик партиянинг Чикагодаги миллий қурултойида АҚШ вице-президентлигига номзод сифатида кўрсатилишини «шараф» деб баҳолади. Уолз ва Ҳарриснинг номзодларини собиқ президент Билл Клинтон қўллаб-қувватлади.

Фото: Jim Vondruska/Getty Images

Миннесота губернатори Тим Уолз Демократик партиядан вице-президентликка номзод сифатида илгари сурилишини қабул қилди. Бу «шараф», деди Уолз 21 август, чоршанба куни Чикагодаги Демократик партиянинг миллий қурултойида.

«Бугун барчамиз бу ерда гўзал ва оддий сабаб билан – бу мамлакатни севишимиз туфайли йиғилдик», деди у. 60 ёшли сиёсатчи ўз нутқида ҳаётининг босқичлари, хусусан, Небраска штатидаги кичик шаҳарчадаги болалиги ва америкача футбол мураббийи сифатидаги фаолияти ҳақида гапирди. 

Уолз ва Ҳаррисни Билл Клинтон қўллаб-қувватлади

Шу куни АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон қурултойда сўзга чиқиб, Уолз ва демократлар томонидан президентликка номзод сифатида кўрсатилган АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррисни қўллаб-қувватлади. Ҳаррис ва Уолз «америкалик, аммо ақл бовар қилмайдиган ҳаётий воқеаларга эга» икки лидердир, деди у. Клинтон ишонч билдиришича, Ҳаррис ва Уолз Қўшма Штатлар учун «тоза ҳаво» нафаси бўлади ва уларни сайлаган америкаликлар «бутун умри давомида бундан фахрланади». 

Чикагода мусиқачилар Стиви Уандер ва Жон Леженд, актриса Минди Калинг, актёр Кинан Томпсон ва телебошловчи Опра Уинфри ҳам чиқиш қилишди. 

Ҳаррис Демократик партия номзоди сифатида тасдиқланганини қабул қилди

Камала Ҳаррис Иллинойс штатининг Чикаго шаҳрида бўлиб ўтган партия миллий қурултойида Демократик партиядан номзод сифатида тасдиқланганини қабул қилди. 20 август куни АҚШ вице-президенти Висконсин штатининг Милуоки шаҳридан видео-алоқа орқали қурултойга қўшилди.

CNN Ҳарриснинг сўзларидан иқтибос келтирган: «Биз сизнинг номзодларингиз бўлишдан фахрланамиз. Бу халқ кучига асосланган кампания ва биз биргаликда олдинга янги йўл очамиз», дея қўшимча қилди у. АҚШнинг барча штатлари ва ҳудудларидан келган делегатлар қурултойда 59 ёшли Ҳаррисни ёқлаб овоз беришди, аммо бу фақат расмиятчилик бўлди. 

Мавзуга оид