Фан-техника | 14:26 / 23.08.2024
2802
3 дақиқада ўқилади

Буюк Хитой деворида сайёҳларга дронлар билан овқат етказиш хизмати йўлга қўйилди

Буюртмани етказиб берган дронлар ортга қайтишда ўзи билан чиқиндиларни олиб кетади

Буюк Хитой деворида саёҳат қилаётган туристлар энди егуликни ҳаво орқали олиши мумкин. Пекин четидаги истеҳкомнинг энг гавжум Бадалин қисмида дронлар ёрдамида инновацион етказиб бериш тизими жорий этилди.

Илгари етказиб бериш пиёда курьерлар томонидан амалга оширилар ва кутиш деярли бир соатга чўзиларди. Энди дронлар буюртмани беш дақиқада етказа олади. Буюртма бериш учун туристлар махсус ҚР-кодни сканерлаши керак.

Товарлар орасида нафақат сув, озиқ-овқат ва музқаймоқ, балки зарурат туғилганда дори-дармонлар ҳам мавжуд. Қизиғи шундаки, ортга қайтишда дронлар бўш шишалар ва қадоқларни ташиб, ҳудудни тозалашга ёрдам беради. Бу ходимларнинг ишини осонлаштиради ва объектда тозаликни сақлашга ҳисса қўшади.

Янги дрон хизмати Хитой озиқ-овқат етказиб бериш гиганти Меитуан томонидан эълон қилинди. Унга кўра, дронлар мўътадил шамол ва ёмғирда ҳам уча олади, бир парвозда 2,3 килограмгача юк ташиши мумкин.

Дрон орқали етказиб бериш нархи атиги 4 юанни (56 цент) ташкил қилади. Буюртмалар соат 10:00 дан 16:00 гача қабул қилинади, шундан сўнг дронлар чиқиндиларни қайта ишлаш станцияларига етказиб беради, дейилади хабарда.

Бироқ дронлар ҳануз инсон ёрдамига муҳтож.

Овқатга буюртма келиб тушгандан кейин, Meituan ходими маҳсулотни энг яқин меҳмонхона томига олиб чиқади ва дронга маҳкамлайди. Сўнг оператор дронни Бадалиндаги қўриқлаш хизмати минорасига қараб учиради. Минорада бошқа ходимлар дронни кутиб олади ва егуликни буюртмачига олиб беради.

Учар бизнес

Сўнгги йилларда Хитойда дронлар орқали етказиб бериш хизмати жадал ривожланмоқда.

2016 йилда электрон тижорат гиганти JD қишлоқ жойларда етказиб бериш учун учувчисиз учар аппаратларнинг биринчи синовини бошлаганди. Ушбу дронлар 15 килограммгача юкни максимал 20 километр масофага ташиш орқали эгри-бугри тоғ йўллари бўйлаб машинада етказиб бериш вақтини тўрт соатдан 20 дақиқагача қисқартирган.

Қишлоқ жойларида логистикани яхшилашдан ташқари, дронлардан Хитой мегаполислари аҳолисига озиқ-овқат маҳсулотларини қисқа вақтда етказиб бериш учун ҳам кенг фойдаланилмоқда.

Meituan компанияси дронлар хизматини 2021 йилда бошлаган. Ҳозирда компания бир нечта шаҳарларда 30 дан ортиқ дрон йўналишларини бошқаради, улар бўйича 300 000 дан ортиқ буюртмалар олади. Аҳоли зич жойлашган шаҳарларда курьер дронлар олдиндан белгиланган маршрутлар бўйича учиш майдончаларидан (одатда томлар) махсус киоскаларгача боради.

Мавзуга оид