Ўзбекистон | 07:57 / 24.08.2024
1327
2 дақиқада ўқилади

Ҳудудларнинг мастер-режаларини ишлаб чиқиш тизими жорий этилмоқда

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ҳудуднинг мастер-режасини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш  тўғрисидаги низом қабул қилинди.

Фото: Kun.uz

Президент қарорига мувофиқ шаҳарсозлик ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, ҳудудлар қисмларининг яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ҳудудий ва иқтисодий ривожланишини режалаштириш ҳамда уларнинг иқтисодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун мастер-режаларни ишлаб чиқиш тизими жорий этилмоқда.

Мастер-режалар ёки батафсил режалаштириш лойиҳалари ҳудудларнинг аниқ муаммоларини бартараф этишга қаратилган шаҳарсозлик, ижтимоий-иқтисодий, экологик ва бошқа лойиҳавий ечимларни ўз ичига олади.

Ҳужжат билан Ҳудуд мастер-режасини ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тўғрисидаги низом тасдиқланди. У қуйидагиларни белгилайди:

  • ҳудуд мастер-режасини ишлаб чиқишга қўйиладиган талаблар;
  • мастер-режани келишиш ва тасдиқлаш тартиби;
  • ҳудуд мастер-режасини молиялаштириш манбалари.

Мастер-режа қуйидаги ҳолларда ишлаб чиқилади:

  • ҳудуднинг шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда;
  • ҳудуднинг табиий-иқтисодий салоҳиятидан етарлича фойдаланилмаганда;
  • мастер-режа асосида бўш ер участкаси аукционга қўйилганда;
  • қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва хўжалик мақсадидаги ерлар тоифасини ўзгартириш бўйича таклифлар тайёрлашда.

Батафсил режалаштириш лойиҳаси, қурилиш лойиҳаси ва ушбу ҳудуднинг дизайн-коди билан бирга ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган мастер-режа шаҳарсозлик ҳужжати сифатида қабул қилинади.

Шаҳарсозлик ҳужжати сифатида ишлаб чиқилган мастер-режани тасдиқлаш ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Мавзуга оид