Фан-техника | 21:14 / 24.08.2024
3332
2 дақиқада ўқилади

Хитой саноат роботлари бўйича дунёдаги энг йирик бозор бўлиб қолмоқда

2024 йил июл ҳолатига кўра, Хитойда роботлар билан боғлиқ 190 мингдан ортиқ самарали патент олинган — бу бутун дунёдаги патентларнинг салкам учдан икки қисми демакдир.

Фото: Xinhua

Хитой кетма-кет 11 йилдан дунёдаги энг йирик саноат роботлари бозори бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Хитой саноат ва ахборотлаштириш вазири ўринбосари Син Гобин Пекинда ўтказилган Бутунжаҳон робототехника конференциясида маълум қилди.

Мавжуд маълумотларга кўра, 2023 йилда Хитойда саноат роботларини ишлаб чиқариш ҳажми 430 минг жамланмага етган, мамлакатда янги ўрнатилган роботлар қуввати сўнгги уч йил ичида жаҳон бозорининг ярмидан кўпини ташкил этган.

Вазир ўринбосарининг қўшимча қилишича, Хитой ўн йиллик жадал ривожланишдан сўнг глобал робототехника ўсишининг кучли рағбатлантирувчи омилига айланган.

Син Гобиннинг таъкидлашича, ўтган йиллар давомида Хитой робототехникаси инновация ва ривожланиш борасида, бионик технологияларни тадқиқ қилиш ва ишлаб чиқишда янги ютуқларга эришган.

2024 йил июл ҳолатига кўра, Хитойда роботлар билан боғлиқ 190 мингдан ортиқ самарали патент олинган — бу бутун дунёдаги патентларнинг салкам учдан икки қисми демакдир.

Син Гобиннинг сўзларига кўра, Хитой турли соҳаларда роботларни ўзлаштиришни рағбатлантириб, «Робот плюс қўллаш» ташаббусини ривожлантирмоқда. Охирги 10 йилда Хитойнинг ишлаб чиқариш секторида ҳар 10 минг ишчига тўғри келадиган роботлар сони 49 тадан 470 тага кўпайган.

Халқаро робототехника конференцияси 21 август куни Пекинда очилди. Унда дунёнинг турли давлатларидан келган 169 та компания, жумладан Tesla ва Siasun каби гигантлар ҳам иштирок этмоқда. Иштирокчи компаниялар меҳмонларга 600 дан ортиқ роботларни намойиш этяпти.

Мавзуга оид