Жаҳон | 10:37 / 25.08.2024
4658
3 дақиқада ўқилади

АҚШ бошқа давлатларда Россия банкларининг филиал очишига қарши санкциялар билан таҳдид қилди

Вашингтон ғарб санкцияларини айланиб ўтиш мақсадида ўз ҳудудида Россия банкларига филиаллар очишга рухсат берган мамлакатларни таъқиб этиш ниятида, дея таъкидлаган АҚШ молия вазири ўринбосари Уолли Адейемо.

Фото: АҚШ молия вазири ўринбосари Уолли Адейемо. Фото: VOAnews

“Биз нафақат улар очган филиални, улар билан ишлаётган ва сизнинг юридикциянгиз остидаги бошқа тузилмалар ва компанияларни таъқиб қиламиз. Мамлакатлар ҳар қандай рус банклари ва шуъба корхоналарини очишни бас қилишлари керак, чунки улардан бизнинг коалициямиз томонидан ўрнатилган санкцияларни айланиб ўтишда фойдаланилади”, — дея Адеймодан иқтибос келтирмоқда Financial Times.

Унинг сўзларига кўра, бу чоралар Россия томонидан ҳарбий эҳтиёжлар билан боғлиқ товарларни импорт қилишни қийинлаштиришга қаратилган қоидалардаги сўнгги ўзгаришлардир.

Адейемонинг қайд этишича, АҚШ янги мамлакатлардаги у қадар катта бўлмаган банкларга Хитой, Туркия ва БААдаги йирик молия ташкилотлари босим туфайли Россия контрагентлари билан ишлашни бас қилганидан сўнг эътибор қарата бошлаган.

Унинг фикрича, глобал молияда “Ғарбнинг етакчилиги” кўпгина йирик банкларнинг ғарб босимига кўнишга мажбурлай олади.

“Чунки улар Россиядан кўра АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва коалициямизнинг бошқа аъзолари билан кўпроқ бизнес олиб боришади. Улар доллар, евро, фунт ёки иенадан узилиб қолишни исташмайди”, — деган у.

Ўтган жума куни АҚШ ҳукумати Украинадаги уруш учун Россияга қарши санкцияларнинг янги пакети жорий қилинаётганини эълон қилган эди. Қора рўйхатга Россия дохил Осиё, Европа ва Яқин Шарқдаги 400 га яқин жисмоний ва юридик шахслар киритилган, дейилади АҚШ молия вазирлигининг релизида.

Гап “Россияга жанговар ҳаракатлар олиб боришда кўмаклашаётган”, санкцияларни айланиб ўтишда ёрдам бераётган, жумладан ҳарбий маҳсулотлар қўшмақсадли товарлар етказиб бераётган инсонлар ва ташкилотлар, шунингдек Россия иқтисодиётини хомашё савдосидан келаётган даромад билан бойитаёган компаниялар ҳақида бормоқда.

Санкциялар остига Россия энг йирик рангли металлургия компанияси “Норилский никел”нинг асосий корхоналари ҳам тушган. АҚШнинг хорижий активлар устидан назорат бошқармаси (OFAC) маълумотларига кўра, «қора рўйхат»га «Норникел»нинг асосий, Россияда никел ва кобалтнинг 85 фоизини, миснинг 70 фоизини, платина гуруҳидаги металларнинг 95 фоизини ишлаб чиқарувчи қутб чизиғидан юқоридаги филиали киритилган.

Бундан ташқари, “Норникел”нинг Чита областида жойлашган Бастринск кон бойитиш комбинати ҳам санкция остига тушган. Бу корхона мис ва темир ишлаб чиқариб уни Хитойга сотиш билан шуғулланарди.

Мавзуга оид