Жаҳон | 14:50 / 25.08.2024
20706
8 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Курск областидаги жанглар Россияни  украин фронтидаги кучларнинг бир қисмини қайтаришга мажбур қилди

Ҳатто бу ҳам Украина қуролли кучлари юришини тўхтата олмаяпти. Аммо украинларнинг Донбассдаги мудофаасида — инқирозли ҳолат юзага келган. 

68th Separate Jaeger Brigade / Reuters / Scanpix / LETA

Россиянинг захира кучлари ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига етиб келганига қарамай, Украинанинг Курск областидаги юриши давом этмоқда. Украина қуролли кучлари чегара бўйлаб плацдармни кенгайтиришга ҳамда бир вақтнинг ўзида РФ ҳудуди ичкарисига кириб боришга уринмоқда. Бу вақтда эса РФ қуролли кучлари Донецк областида — Покровск шаҳри жанубида ва Торецк агломерациясида украин мудофаасини ёриб ўтган. Россиянинг юриши Украинанинг Курск областидаги ҳужумидан кейин тўхташ ўрнига сезиларли даражада кучайган.

Курск области

Курск областидаги энг шиддатли жанглар Суджа — Курск (Мартиновка қишлоғи ҳудудида), Суджа — Лгов трассаларида ҳамда Коренево райони марказида олиб борилмоқда, бу район маркази Украина қуролли кучларининг ғарб томон Рилск йўналишида ҳаракатланишини тўсиб турибди.

Украина қуролли кучлари Кореневони жанубдан ва шимолдан айланиб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Жанубда украин кучлари камида Снагост қишлоғининг бир қисмини эгаллаб олган, шунингдек Комаровкага кирган. Шимолда — Олговка эгалланган, бу ердан Коренево — Лгов темирйўли бўйлаб шимолга юрилган. Ҳамон Коренево ҳудудида аниқ фронт чизиғи йўқ, Россия қўшини пистирмалардан туриб ҳаракатланмоқда, шунингдек дронлар зарбалари билан украинларнинг мобил гуруҳларини тўхтатишга ҳаракат қилмоқда.

  • Украина қуролли кучлари Кореневодан жанубда, чегара ва Сейм дарёси ўртасида жойлашган ҳудудни иҳодалаш ҳаракатларини давом эттирмоқда. Украина авиацияси ва ракета қўшинлари мазкур ҳудудда Сейм устидан ўтган учта кўприкни ҳам йўқ қилган; россияликларнинг муҳандислик бўлинмалари понтон ўтиш йўлларини ўрнатишган; аммо ўз навбатида, улар ҳам бомбардимон қилинган. Катта эҳтимол билан ҳаво амалиётининг мақсади — Россия қўшинлари Глушково райони марказида тўпланишига йўл қўймаслик ҳисобланади, акс ҳолда бу ердан Украина қуролли кучларининг чегара бўйлаб жойлашган Коренево гуруҳи қаноти ва фронт ортига зарба берилиши мумкин.
  • Кореневодан шимоли-шарқда украин қўшини Каучук посёлкасини ушлаб қолиш ҳамда ҳаракатланиш қийин бўлган ҳудудлар бўйлаб Суджа — Лгов трассаси бўйидаги Кромские Бики посёлкасига етиб боришга муваффақ бўла олмади. Трассанинг ўзини россияликлар жануброқда — Малая Локняда ўрнатилган тўсиқлар билан ҳимоя қилмоқда.
  • Украина қуролли кучлари Суджадан шимолроқда, Мартиновка посёлкасида ва Суджа — Курск трассасида россияликлар мудофаасини ёриб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Катта эҳтимол билан, Мартиновка бир неча бор қўлдан қўлга ўтган; трассадан ғарбда Украина қуролли кучларининг мобил гуруҳлари Русский Поречний ва Нечаевда тўхтатилган; трассадан шарқда — Русская Конопелка учун оғир жанглар кетмоқда, аммо барибир украинлар Мартиновкани шарқдан айланиб ўтишган.
  • Ниҳоят, Русская Конопелкадан жанубда Украина қуролли кучларининг плацдармни чегара бўйлаб Суджадан шарқ томон кенгайтиришга бўлган уринишлари муваффақиятга эришмаган. Россияликларнинг мазкур ҳудудга етиб келган захира кучлари (масалан, Русская Конопелкада доимий жойлашув манзили Улан-Удеда бўлган 11-десант-штурм бригадасининг камида битта бўлинмаси ҳаракатланмоқда; бригада баҳорда Часив Ярни штурм қилишда қатнашганди) Суджадан бир неча километр масофада украинлар ҳужумини тўхтатган. РФ қуролли кучлари Борки ва Спалное қишлоқлари яқинида Украина қуролли кучлари позицияларига қарши ҳужумлар уюштиришга интилмоқда.
  • Воқеалар ривожи Украина қуролли кучлари Лгов — Рилск трассаси йўналишидаги юриш йўлини тўсиб турган Коренево қишлоғини эгаллай олиш-олмаслигига боғлиқ. Бундан ташқари, Коренево эгалланмаса, украинларнинг Курск областидаги плацдарми россияликларнинг келгусидаги эҳтимолий қарши ҳужуми қаршисида заиф бўлиб қолади. Шунингдек, Украина қуролли кучлари Россия Суджадан шарқда қўшин тўплаётганини ҳисобга олган ҳолда эҳтиёт чораларини кўриши керак бўлади.

Покровск фронти

  • Бир ой муқаддам Авдийивка — Покровск темирйўли бўйлаб ёриб кирган рус қўшини кутилмаганда асосий зарба йўналишини Покровскдан (Украина қуролли кучларининг Донбасс марказий қисмидаги асосий логистик тугуни) жанубга — Селидово ва Курахово шаҳарлари йўналишида ўзгартирди, Донбасс фронти жанубидаги участкалар — Вуҳледар, Красноҳоривка ва Марйинкага ушбу икки шаҳар орқали таъминот етказиб берилади.
  • 22 август куни Россия қўшини Селидовога бориш йўлидаги сўнгги шаҳар Новогродовкани штурм қилишни бошлади. Бундан ташқари, улар Новогродовкани шарқдан айланиб ўтишга ҳаракат қилмоқда.
  • Бир томондан, бу юриш истиқболли кўринмоқда — Россия қўшини аллақачон Марйинка ва Красноҳоривкани эгаллаган ҳамда Вуҳледарга нафақат жанубдан, балки шарқдан ҳам яқинлашиб келган. Курахово йўналишидаги зарба Украина қуролли кучларининг Донбасс жанубидаги мудофаасини буткул қулатиши мумкин.
  • Бошқа томондан, Россия гуруҳининг асосий кучлари жанубга бурилиши украин қўмондонлигига Покровскнинг ўзида мудофаани кучайтириш имконини бериши мумкин. Ҳозирча Покровск яқинидаги Россия кучларининг бир қисми Гродовка посёлкасини (Покровскни тўсиб турувчи) штурм қилиш билан банд.

Торецк агломерацияси

РФ қуролли кучлари Торецкдан жанубдаги Дружба, Пивденне, Пивничне ва Зализне посёлкаларини (қарийб тўлиқ) эгаллаган. Рус қўшини Дружба ва Пивничне томондан Торецкнинг ўзига етиб келган ҳамда унинг жанубий-шарқий чеккаларига ҳужум қилишни бошлаган.

РФ қуролли кучлари Торецкдан жануби-ғарбда Ню Йорк посёлкасининг катта қисмини эгаллаб олган. Улар посёлканинг шимолий чеккасидаги Фенол заводи саноат ҳудудининг қанча қисмини эгаллагани аниқ эмас. Завод ҳудудида россиялик ҳарбийлар бўлиб турганини тасдиқловчи видеолар пайдо бўлмаган. Шу билан бирга, заводдан шимолроқда — Нелеповка қишлоғи ҳудудида жанглар кетмоқда. Агар айрим украин манбаларида айтилганидек Ню Йоркда украин кучлари қолган бўлса улар қарийб тўлиқ қуршов ҳолатида қолган бўлади.

Часив Яр

Баҳорда Часив Яр ҳамда унинг атрофидаги қишлоқ ва посёлкаларни штурм қилишга ҳаракат қилган бир неча тузилма (ёки уларнинг қисмлари) Курск областига ташланган. Хусусан, Бахмут ва Часив Яр ўртасидаги ҳудудда юқорида тилга олинган 11-десант-штурм бригадаси ҳаракатланган, эндиликда унинг таркибидаги бўлинмаларни Суджа шарқида учратишган. Суджа атрофида асирга тушганлар орасида Часив Яр шимоли-шарқида жанг қилган 200-мотоўқчилар бригадасига мансуб бўлган ҳарбийлар бор. Шунингдек, ҳозирда Вуҳледар атрофидаги юришда 150-мотоўқчи дивизия фаол ҳаракатланмоқда, ушбу тузилма ҳам баҳорда Бахмут атрофида жанг қилганди; Вуҳледар фронтида у 155-денгиз пиёдалар бригадаси ўрнига келган, бу бригада жангчилари эса Харкив атрофида, Белгород областида ҳамда Суджадан шарқда кўзга ташланган.

Часив Яр йўналиши Курск ҳамда бошқа фронтлар учун захира кучлар «донор»ига айлангани у Россия қўмондонлиги учун иккинчи даражали аҳамиятга тушганини кўрсатади — камида унга қўшни бўлган Торецк эгалланмагунича. Аммо бу 98-ҳаво-десант дивизиияси ва унга бириктирилган қисмлар Часив Ярни «рўпарадан» штурм қилишига халал бермаяпти. Россия қўшини Северский Донец — Донбасс каналининг ғарбий соҳилидаги плацдармни шаҳар четига қадар кенгайтиришга муваффақ бўлган. РФ қуролли кучлари май ва июн ойларида  кварталлар ҳудудида шу тахлит аста-секинлик билан куч тўплаб, кейин ҳал қилувчи ҳужумга ўтиш орқали каналдан шарқдаги микрорайонни эгаллаб олганди.

Мавзуга оид