Жаҳон | 23:05 / 26.08.2024
4176
2 дақиқада ўқилади

Австралия авиакомпанияси хатолик туфайли 300 дан ортиқ чиптани арзон нархда сотиб юборди

Сиднейдан АҚШнинг бир нечта шаҳарларига бориш-қайтиш рейсларининг биринчи-класс чипталари 2,9 минг доллардан сотиб юборилган. Аслида эса мазкур йўналишдаги биринчи-класс чипталари нархи 21 минг долларни ташкил этади.

Фото: samchui.com

Австралиянинг Qantas авиакомпанияси хатолик туфайли АҚШга парвоз қиладиган рейсларидаги биринчи класс чипталарини ўз қийматининг 15 фоизи нархида сотиб юборди, деб хабар беради BBC.

Қайд этилишича, бронлаш тизимидаги хатолик сабаб Сиднейдан АҚШнинг бир нечта шаҳарларига бориш-қайтиш рейсларининг 300 дан ортиқ биринчи-класс чипталари 2,9 минг доллардан сотиб юборилган — бу уларнинг ҳақиқий қийматининг 15 фоизи демак.

«Афсуски, бу ҳолатда нархлар ҳақиқатга мос келмайдиган даражада яхши», — дейилади авиакомпания матбуот хизмати хабарида. Авиакомпаниядагиларнинг маълум қилишича, улар хатолик сабаб сотиб олинган чипталарни биснес-классга қайта бронь қилиб беради ёки пулларни қайтаради.

Ҳозирда Qantas’нинг АҚШга парвоз қиладиган рейсларидаги биринчи классда бориш-қайтиш чипталари нархи 21 минг долларни ташкил этади. Ушбу йўналиш бўйича биснес-классда парвоз қилиш эса 16,3 минг доллар. Эконом-класс чипталари бўлса 3,2 минг доллар атрофида туради.

Австралия авиакомпанияси олдин ҳам чипталарни сотишда хатоликка йўл қўйганликда айбланган эди. 2023 йил августда Рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат қўмитаси Qantas’ни мижозларини бекор қилинган рейсларга чипта сотишда айблаган. Компания узоқ текширувлардан кейин 66 миллион доллар жаримага тортилган ва жабрланувчи йўловчиларга 13,3 миллион доллар тўлаш мажбуриятини олган эди.

Мавзуга оид