Ўзбекистон | 07:50 / 26.08.2024
3050
2 дақиқада ўқилади

Профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери ташаббус тартибида берилиши йўлга қўйилади

Жорий йил 6 ойи давомида жиноятдан жабрланган хотин-қизлар сони 4 734 нафарни ташкил этди, шундан 385 таси шахсга қарши қаратилган жиноятлар ҳисобланади.

Фото: ИИВ

“Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги 3-сон қарори билан тасдиқланган Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида” ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2023 йилда маъмурий ҳамда жиноят судларида низолашаётган 257 128 нафар оилалар доирасида жами 1 301 та жиноят содир этилган бўлса,, 2024 йил давомида бу рақам 222 706 нафар низоли оилалар доирасида 2 938 тани ташкил этди.

Шунингдек, 2024 йилда эса 222 706 нафар низоли оилалардан жами 5 815 нафарига ҳимоя ордери расмийлаштирилиб берилган, яъни низоли оилаларнинг 2,6 фоизигина ўз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ордер олишни лозим топган.

Низоли оилаларни ўрганиш жараёнида ҳимоя ордери бериш талаб қилинадиган вазиятларда оилалар томонидан ҳимоя ордери олишдан бош тортиш ҳолатлари натижасида оила-турмуш жиноятлари сони ошиб бораётганлиги кузатилган.

Шу билан бирга, жорий йил 6 ойи давомида жиноятдан жабрланган хотин-қизлар сони 4 734 нафарни ташкил этди, шундан 385 таси шахсга қарши қаратилган жиноятлар ҳисобланади.

Бир календар йил давомида икки ва ундан ортиқ марта тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолати бўйича мурожаат қилинганда профилактика инспектори томонидан ҳимоя ордери ташаббус тартибида берилиши аёлларга нисбатан оиладаги зўравонлик ҳолатларининг такрорланиши олдини олиш, жабрланганлар ҳимояси таъминланишига янада хизмат қилади.

Бундан кўзланган мақсад – зўравонлик ҳолатини назорат қилишнинг янада самарали механизмни яратиш бўлиб саналади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид