Ўзбекистон | 21:54 / 26.08.2024
9666
2 дақиқада ўқилади

«Толибон» Ўзбекистондаги элчисини алмаштирди

Аввалгиси Афғонистон саноат вазирлиги раҳбари билан қариндошлик муносабати туфайли ишдан олинди.

Фото: VOA

Афғонистоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси этиб Абдулғаффор Тировий тайинланди. Бу ҳақда Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги учинчи сиёсий департаменти директори Зокир Жалолийга таяниб TOLOnews хабар берди.

Тировийнинг миллати ўзбек бўлиб, дипломатик миссия раҳбари этиб тайинланишидан олдин Афғонистон Олий судида тадқиқот бўлими директори лавозимида ишлаган. У Ўзбекистондаги элчи лавозимида Муғфуруллоҳ Шаҳоб ўрнини эгаллади.

Қайд қилинишича, Шаҳоб Афғонистон кон ва нефт вазири Шаҳобиддин Диловар ўғли сифатида танилган. «Толибон» етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода мансабдор шахсларнинг оила аъзолари ёки қариндошларини давлат лавозимларига тайинлашни тақиқлаганидан кейин Шаҳоб лавозимини тарк этди.

«Толибон» радикал ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни 2021 йил август ойи ўрталарида қўлга киритган эди. «Толибон» ҳукумати дунёнинг ҳеч бир давлати томонидан тан олинмаган. Халқаро ҳамжамият «Толибон»дан Афғонистондаги турли этник-сиёсий кучлар вакиллари ва аёллардан иборат коалиция ҳукумати тузишни талаб қилмоқда.

2023 йил сентябр ойида Хитой «Толибон» ҳокимият тепасига келганидан кейин Афғонистонга расман янги элчи тайинлаган биринчи давлат бўлган эди.

Мавзуга оид