Ўзбекистон | 20:57 / 27.08.2024
4035
6 дақиқада ўқилади

27 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Самарқандда очилган халқаро мусиқий фестивал, туманларга ҳоким этиб тайинланган банкирлар, Туркияда фавқулодда қўнишни амалга оширган самолёт ва Humoʼга қизиқиш билдираётган Kaspi — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Самарқандда «Шарқ тароналари» фестивали очилди

Шавкат Мирзиёев 26 август куни Самарқандда «Шарқ тароналари» ўн учинчи халқаро мусиқа фестивалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Давлат раҳбари нутқининг аввалида меҳмонларни кўришдан мамнунлигини билдириб, уларга ўзбек халқи саломи ва эзгу тилакларини етказди.

“Кўҳна Шарқ бағрида туғилган мусиқий қадриятлар анжуманимиз туфайли халқаро миқёсда кенг эътибор ва эътироф қозонди. Фестивал ўнлаб маҳоратли хонанда ва созандаларни, истеъдодли ёшларни кашф этди, уларнинг парвозига қанот, ижодига куч ва илҳом бағишлади”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари фестивал тарихи ва мусиқа маданиятига доир маълумотларни ўзида мужассам этадиган алоҳида энциклопедия ва унинг виртуал шаклини яратиш, анжуманнинг халқаро «Дўстлар клуби»ни ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Маросимда ЮНЕСКО, ТУРКСОЙ, Туркий маданият ва мерос фонди ва бошқа ташкилотлардан фахрий меҳмонлар иштирок этди. Умуман, бу йилги фестивалда 80 га яқин давлатдан 400 нафардан зиёд санъаткор ва олимлар қатнашди.

Икки туманда банкирлар янги ҳоким бўлди

“Агробанк” АТБ Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи вазифасида фаолият юритган Учқун Элмуродов Учқудуқ тумани ҳокими этиб тайинланди.

Туманнинг аввалги ҳокими Соли Ҳамроев президент раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда фаолиятидаги тизимли камчиликлар сабабли ишдан олинганди.

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманига ҳам банк раҳбари ҳоким бўлди.

“Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банки Сирдарё вилояти филиали бошқарувчиси лавозимида ишлаб келган Ориф Раҳмонқулов туман ҳокими этиб тайинланди.

Бу туманнинг аввалги ҳокими Сарвар Султонов ҳам президент ўтказган йиғилишда ишдан олинганди.

Мустақиллик байрамидаги дам олиш кунлари

Мустақиллик байрами муносабати билан ўзбекистонликлар кетма-кет 4 кун — 31 августдан 4 сентябргача дам олади.

Дам олиш кунлари Шавкат Мирзиёевнинг «2024 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги фармонида белгиланган. Унга кўра:

31 август — олти кун ишлайдиган ходимлар учун қўшимча дам олиш куни;

1 сентябр — Мустақиллик байрами куни;

2 сентябр — кўчирилган дам олиш куни (байрам якшанба кунига тўғри келиши сабабли);

3 сентябр — барча учун қўшимча дам олиш куни.

4 сентябрдан барча ходимлар яна тўлиқ ишга қайтади.

Мактаб, академик лицей, коллеж ва техникумларда дарслар 4 сентябрдан, олий таълим муассасаларида эса 9 сентябрдан бошланади.

Байрам муносабати билан 6 та шаҳарга қўшимча авиарейслар қўйиладиган бўлди. 31 августдан 3 сентябргача Нукус, Бухоро, Термиз, Фарғона, Наманган, Урганчга 30 фоиз чегирма билан қўшимча авиақатновлар амалга оширилади.

Туркиядаги фавқулодда қўниш

Истанбулдан Самарқандга учаётган самолёт кеча Туркияда фавқулодда қўнишни амалга оширди.

«Qanot Sharq» авиакомпаниясининг HH572 рейси билан Истанбул – Самарқанд йўналишида учган Airbus А320 учоғи Туркия осмонида бортида авариявий ҳолат содир бўлгани учун йўлидаги энг яқин захира аэропорти — Амася вилоятидаги Мерзифон аэропортига қўнган.

Самолёт Истанбул аэропортидан маҳаллий вақт билан 16:52 да парвоз қилган. Самарқандга режа бўйича 23:10 да қўниши кутилаётганди. Худди шу самолёт 27 август куни соат 01:10 да Самарқанддан Санкт-Петербургга парвоз қилиши лозим эди. Бу рейс эрталаб 8:20 да бошқа самолётда амалга оширилган.

Авиакомпания расмий сайтида қўниш техник носозлик туфайли амалга оширилгани таъкидланиб, йўловчилардан узр сўралган ва йўловчиларни Мерзифон аэропортидан келтириш учун бошқа самолёт жўнатилиши маълум қилинган.

Нукус халқаро аэропортига қарши иш

Рақобат қўмитаси Нукус халқаро аэропортига қарши иш қўзғатди. Қўмита аэропорт 120 млн сўмлик танлов савдоларини ўтказишда қонунлар талабларига риоя қилмаганини аниқлаган.

Ўрганишлар натижасида, мазкур МЧЖ Давлат харидлари портал орқали амалга оширган 120 миллион сўмлик танлов савдоларини ўтказишда «Давлат харидлари» ва «Рақобат тўғрисида»ги қонунлар талабларига риоя қилмагани аниқланган.

Шунга кўра, қўмита махсус комиссияси томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 225-сонли низом талабларини бузиш аломатлари билан Нукус халқаро аэропортига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилган.

Унинг натижаси юзасидан тегишли таъсир чораси қўлланган.

Humoʼга қизиқиш билдираётган Kaspi

Қозоғистоннинг Kaspi компанияси «Humo» тўлов тизимини сотиб олишни режалаштиряпти. Компания раҳбари Михаил Ломтадзе Ўзбекистонда технологиялар учун «катта сармоя» киритиш ниятида эканини билдирди.

Kaspi.kz томонидан ушбу хусусийлаштириш жараёнига Давлат активларини бошқариш агентлигининг халқаро консултанти сифатида жалб қилинган Delloite’га расмий қизиқиш хати юборилган.

Компания раҳбари Михаил Ломтадзенинг сўзларига кўра, Kaspi.kz нақд пулсиз тўловлар ўсишига ҳисса қўшадиган тўлов технологиялари ва хизматларини ривожлантириш бўйича катта тажриба олиб кириб, жорий «Humo» бизнес моделини ривожлантиришни режалаштиряпти.

Унинг қўшимча қилишича, Kaspi Ўзбекистонда технология ва ходимларга «катта сармоя» киритиш ниятида, бу «Humo» тўлов хизматларини барча иштирокчилар учун янада самарали ва қулайроқ қилади.

Мавзуга оид