Ўзбекистон | 14:33 / 27.08.2024
4037
2 дақиқада ўқилади

Давлат ташкилотлари икки ой ичида 11 млрд сўмлик ноқонуний давлат харидларини ўтказмоқчи бўлди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги июн-июл ойларида давлат харидлари бўйича ўтказган текширувларида манфаатлар тўқнашуви, аффилланганлик ва нотўғри баҳолаш ҳолатлари аниқланган. Агентликка кўра, жами 11 млрд сўмлик қонунбузилиши ҳолатларига доир тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Фото: Kun.uz

Агентлик матбуот хизматининг маълум қилишича, қуйидаги ташкилот ва муассасалар давлат харидларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган:

- Ўзйўлкўприк кластери Жиззах филиали давлат муассасасининг 2,9 млрд сўмлик;

- Шаҳрисабз шаҳар 20-сон болалар мусиқа ва санъат мактабининг 885,9 млн сўмлик;

- Наманган давлат ўрмон хўжалигининг 605 млн сўмлик;

- Тошкент тумани тиббиёт бирлашмасининг 551,9 млн сўмлик;

- Ички ишлар вазирлиги қошидаги «Қурилиш-таъмирлаш гуруҳи» ДУКнинг 520 млн сўмлик;

- Термиз тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасасининг 500 млн сўмлик;

- Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалининг 407 млн сўмлик;

- Қумқўрғон туман Ободонлаштириш бошқармасининг 275,5 млн сўмлик;

- Сариосиё туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасининг 200 млн сўмлик;

- Республика Ўлат карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар муҳофазаси маркази Қашқадарё филиалининг 190 млн сўмлик;

- Андижон илмий-тажриба станцияси давлат муассасасининг 169,1 млн сўмлик;

- Нарпай тумани ободонлаштириш бошқармасининг 82 млн сўмлик;

- Олтинсой тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг 76,5 млн сўмлик давлат харидларида.

Шунингдек, қуйидаги давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг талабларига зид равишда баҳолаш жараёнида қонунбузилиши ҳолатларига ҳам йўл қўйилган:

- «Оқолтин дон маҳсулотлари» АЖнинг 3 млрд сўмлик;

- Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳар касб-ҳунар мактабининг 403 млн сўмлик давлат харидларида.

Бундан ташқари, Наманган касб-ҳунарга ўқитиш марказининг 269 млн сўмлик давлат харидида қонунчилик талабларига зид равишда ўзаро аффилланган шахслар иштирок этгани аниқланди.

Агентлик тақдимномаларига асосан харид комиссияларининг ғолибни аниқлаш ҳақидаги баённомалари бекор қилиниши таъминланди, шу тариқа қайд этилган давлат харидлари ноқонуний ўтказилишининг олди олинди. Қайд этилган қонунбузилиши ҳолатларига оид тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Мавзуга оид