Жамият | 08:50 / 27.08.2024
19634
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада профилактика инспектори пичоқ билан ҳужум қилиниши оқибатида вафот этди

Данғара туманида ўз хизмат вазифасини бажараётган ходим фуқаро томонидан пичоқ билан ҳужум қилиниши натижасида вафот этди.

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг 26 август куни соат 20:45 да Фарғона вилояти Данғара тумани ИИБ профилактика катта инспектори Н.М. ўз ваколати доирасида муқаддам ЖКнинг 276-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) 1-қисми билан судланиб, соат 18:00 дан соат 06:00 га қадар яшаш жойини тарк этмаслик тақиқи билан озодликни чеклаш жазосини ўтаётган туманнинг Шодлик маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Э.ни яшаш хонадонига бориб, текширган.

Бироқ, фуқаро Х.Э. хонадонида йўқлиги, жазони ўташ тартибини бузганлиги аниқланган.

Шу вақтда фуқаро Х.Э. маст ҳолда яшаш хонадонига ташқаридан келиб, жанжал кўтарган ва хонадонда бўлган ошхона пичоғини олиб чиқиб, кутилмаганда Н.М.нинг кўкрак қафасига санчиб, унга оғир тан жароҳати етказган ҳамда воқеа жойидан қочиб яширинган.

Профилактика инспектори Н.М. кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан шифохонада вафот этган.

Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида Х.Э. қўлга олинди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид