Жаҳон | 13:18 / 27.08.2024
3741
10 дақиқада ўқилади

Муваффақиятсиз тугаган Қоҳира музокаралари, Россиянинг Украинага ёпирилма зарбаси ва 12 та жиноятда айбланаётган Дуров — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Фаластиндаги вазият

Геноцидда айбланаётган Исроил армияси қамал қилинган Ғазодаги иккита турар жойга ҳужум уюштирди. Кўплаб фаластинликлар ҳалок бўлгани ва яралангани маълум қилинмоқда.

Гувоҳларнинг маълум қилишича, Ғазонинг ғарбий қисмидаги аш-Шуҳада мавзесидаги турар жойга қарата ўт очилиши бир қанча фаластинликларнинг ўлимига сабаб бўлган.

Хон Юнус шаҳридаги Абасан ал-Кабийра шаҳарчасига Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Абу Рида оиласининг уйига бомба ташлаган. Бу ерда жабрланганлар тўғрисида аниқ маълумот йўқ.

Шунингдек, Исроил ҳамасчилар ўрнашиб олган, деган важ билан Ғазодаги «Ал-Ақсо шаҳидлари» касалхонасини эвакуация қилишни талаб қилмоқда.

Дайр ул Балаҳ шаҳридаги «Ал Ақсо шаҳидлари» касалхонаси беморлари ва тиббий персонали эвакуация тўғрисидаги Исроил талабларини бажаришга мажбур бўлиб, у ерни тарк этишмоқда.

Ҳолбуки, бу тиббиёт муассасаси аввал Исроил томонидан «хавфсиз зона» деб эълон қилинган 128-блок таркибига киради.

Урушнинг 325-кунига келиб Ғазодаги қурбонлар сони 40 минг 435 кишига етган, ярадорлар сони 93 минг 534 киши.

Сўнгги бир сутка ичида Исроил иккита оммавий қирғин ўтказган ва унда 33 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 66 киши яраланган.

Исроил кучлари босиб олинган Ғарбий соҳилда яна бир кишини ўлдиришди. 46 ёшли Ияд Айид Абдуннакир бошидан ўқ еб оламдан ўтган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра Исроил аскарлари унга қарата ажратувчи чизиқ деб аталувчи чегара яқинида ўқ узишган. Шундай қилиб, 7 октябрдан буён Ғарбий соҳил ва Шарқий Қуддусда Исроил қурбонлари сони 646 нафарга етган.

Ғазо бўйича музокаралар

Миср пойтахти Қоҳирада бўлиб ўтган Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларнинг навбатдаги босқичи натижа бермади, бироқ жараён давом этади. Бу ҳақда Times of Israel америкалик расмийга таяниб хабар берди.

Нашрга кўра, Қоҳирадаги музокаралар «конструктив бўлиб, якуний ва амалга ошириш мумкин бўлган келишувга эришиш руҳида ўтган ва барча томонлар шу нуқтайи назарга қўшилган». Унинг сўзларига кўра, «жараён яқин кунларда қолган масалалар ва тафсилотларни кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳлар доирасида давом этади».

АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Канаданинг Ҳалифакс шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Вашингтон Қоҳирада Миср ва Қатар воситачилари, шунингдек, исроилликлар билан «ҳали қизғин» ишлаётганини айтди.

ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Иззат ар-Ришқ якшанба куни баёнот бериб, «ҲАМАС делегацияси Миср ва Қатар воситачилари билан учрашгандан сўнг Қоҳирани тарк этди», деди. Ар-Ришқ таъкидлаганидек, «ҲАМАС Байден режасини амалга оширишга тайёрлигини тасдиқлайди».

ҲАМАСга кўра, Исроил Филаделфия ва Нетзарим йўлакларидан қўшинларини олиб чиқиш мажбуриятидан воз кечган ва ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирганидан кейин анклав шимолига қайтган фаластинликларни текшириш каби қўшимча талабларни қўйган.

Музокаралар муваффақиятсиз ўтгани ҳақидаги хабарни олган АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин минтақада иккита авиаташувчи зарба берувчи гуруҳнинг қолиш муддатини узайтиришни буюрди.

Россиянинг Украинага ёпирилма зарбаси

26 куни Россиянинг дрон ва ракеталардан иборат комбинациялашган ёпирилма зарбаси оқибатида Украинанинг 15 та области жабр кўрган. Ҳалок бўлганлар ва ярадорлар бор, деган Украина бош вазири Денис Шмигал.

Унинг сўзларига кўра, Россия дронлар, қанотли ракеталар ва гипертовушли баллистик ракета «Кинжал»дан ҳам фойдаланган.

Бош вазир ҳужумдан мақсад Украина энергетик инфратузилмаси бўлганини айтган.

«Афсуски, Укрэнергонинг бир қатор ҳудудлари объектлари аниқ нишонга олинган. Тизимни барқарорлаштириш учун электр энергиясининг шошилинч узилишини қўллашга мажбурмиз», деган Шмигал.

Россиянинг Украина шаҳарларига 26 август эрталабки ёпирилма комбинацион зарбаси чоғида Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 102 та ракета ва 99 та дронни уриб туширишган. Бу ҳақда Украина ҳаво кучлари қўмондони Микола Олешчук хабар берган.

Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский Россия 100 та дрон ва шунга яқин ракета билан ҳужум қилганини айтган эди.

Украина мудофаа вазири Рустам Умеров Россиянинг ёпирилма зарбасига албатта жавоб қайтарилишини таъкидлаган.

«Бу тунда Россия яна шаҳарларимизга зарба берди. Тинч аҳоли жабр тортди, уйлар ва критик инфратузилмалар вайрон қилинди», - деб ёзган вазир.

Умеровнинг сўзларига кўра, бу яна душманнинг ҳарбий объектларига зарба бериш учун узоқни нишонга ола билувчи имкониятлар зарурлиги ва бундай зарбаларга жорий этилган чекловлар бекор қилиниши кераклигини англатади.

«Украина ўз жавобини тайёрламоқда. Ўзи ишлаб чиқарган қуроллар воситасида», - деган Умеров.

Украина Ғарб томонидан етказиб берилган F-16 қирувчи самолётларини Россияга қарши ишлатишга тайёрланмоқда, деган Володимир Зеленский.

«Бугун мен кунни Сирский билан алоҳида узоқ суҳбатдан бошладим: биз бу ракета ҳужуми учун Россияга жавоб беришга тайёрланяпмиз. F-16’дан фойдаланиш ва Курск вилоятидаги операция учун сўнгги 24 соат ичида назорат зонасини кенгайтирдик ва алмашинув фондини тўлдирдик», - деган Зеленский.

Ҳибсдаги Павел Дуров

Икки кун аввал Франция пойтахти Парижда ушланган Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров кибержиноятчиликка оид тергов доирасида ҳибсга олинган. Бу ҳақда Париж прокуратураси 26 август, душанба куни кечқурун маълум қилди.

Идора маълумотларига кўра, у, хусусан, уюшган гуруҳларнинг жиноий фаолиятига кўмаклашиш, маълумотларни расмийларга топширишдан бош тортиш ҳамда болалар порнографияси, гиёҳванд моддалар савдоси, фирибгарлик ва жиноий даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ жиноятларга шерикликда гумон қилинмоқда.

Reuters таъкидлаганидек, терговни кибержиноятчилик билан курашиш миллий бўлинмаси ва фирибгарликка қарши кураш бўлими олиб бормоқда. Дуров Telegram платформаси орқали амалга оширилган молиявий ва кибержиноятларга нисбатан ҳаракатсизликда айбланмоқда, деди агентликка Франция полицияси вакили.

Ҳозирда бу иш юзасидан 12 та жиноят бўйича тергов олиб борилмоқда, Дуровга нисбатан Францияда суд жараёни 8 июл куни бошланган. Париж прокуратураси пресс-релизида айтилишича, ҳибсга олиш муддати 96 соатгача, яъни 28 августгача давом этиши мумкин.

Франция суд органлари 25 август, якшанба куни 39 ёшли Telegram асосчиси Павел Дуровни ҳибсда сақлаш муддатини яна 48 соатга узайтирди.

Telegram жамоаси ижтимоий тармоқ асосчиси ва бош директори Павел Дуровнинг ҳибсга олинишига биринчи марта изоҳ бериб, якшанба куни кечқурун расмий баёнотни эълон қилди, унда «платформа ёки унинг эгаси ушбу платформадаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгар эканлигини даъво қилиш бемаънилик» экани айтилган.

Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам Павел Дуровнинг ҳибсга олиниши ҳақида баёнот берди ва бу сиёсий қарор эмаслигини, балки тергов билан боғлиқлигини айтди.

«Франция сўз ва мулоқот эркинлиги, инновациялар ва тадбиркорликка ҳар қачонгидан ҳам содиқдир. Бу ёғига ҳам шундай бўлиб қолади», деб ёзди Макрон Х ижтимоий тармоғида.

«Францияда Telegram раҳбарининг ҳибсга олиниши давом этаётган суд тергови доирасида содир бўлди. Бу ҳеч қандай сиёсий қарор эмас. Қарорни судялар қабул қилади», деб қўшимча қилди Макрон.

Волгоград колониясидаги исён

Аввалроқ Россиянинг Волгоград областидаги маҳбуслар исёни натижасида эгалланган 19-сонли ахлоқ колония ходимларини гаровга олишда ўзбекистонликлар иштирок этмагани маълум бўлди.

«Рамзидин Тошев ва Темур Хусинов Волгоград областидаги 19-сон ахлоқ тузатиш колониясида ходимлар ва маҳбусларни гаровга олишда иштирок этмаган. Улар рўйхатга нотўғри киритилган. Гаровга олишда иштирок этганларнинг шахси улар йўқ қилинганидан кейин маълум бўлди», — деб ёзди Россия кучишлатар тизимларига яқинлиги иддао қилинадиган Baza Телеграм канали.

Аввалроқ, ушбу қонунбузарликда 4 нафар маҳбус иштирок этгани, уларнинг икки нафари — Рамзиддин Тошев ва Темур Хусинов ўзбекистонлик, қолган икки нафари — Рустамжон Наврўзий ва Назиржон Тошев тожикистонлик экани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Baza хабарига кўра, ҳужумда Наврўзи Рустамжон ва Назиржон Тошевдан ташқари Шобдулкаримхон Каримов ва Шоҳижахон Сайфиев ҳам қатнашган. Улар ҳам Тожикистон фуқароси экани таъкидланмоқда.

19-сонли ахлоқ тузатиш муассасасида тўрт нафар маҳбус 23 август куни колония ходимларини гаровга олганди. Маҳбуслар ходимлардан тўрт нафарини тиғ билан жароҳатлаган, шундан уч нафари воқеа жойида, тўртинчиси шифохонада ҳалок бўлган. Кейинчалик Росгвардиянинг махсус бўлинмаси колонияни штурм қилиб, одамларни гаровга олган тўрт маҳбусни ҳам йўқ қилди.

Мавзуга оид