Жаҳон | 21:00 / 27.08.2024
3180
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш бўйича референдум ўтказилади

АЭС қуриш ғояси жамоатчилик томонидан муҳокама қилинди. Экологлар ва фаоллар радиоактив чиқиндиларни нотўғри утилизация қилиш билан боғлиқ хавфлар туфайли лойиҳани амалга оширишга қарши чиқишди.

Фото: Pixabay

Қозоғистон ҳукумати мамлакатда атом электр станциясини (АЭС) қуриш бўйича умумхалқ референдумини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қарор ҳукуматга Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Сатқалиев томонидан киритилди. Бош вазир Ўлжас Бектенов қарор лойиҳасини президент маъмуриятига юбориш бўйича топшириқ берди. Овоз бериш санаси ҳали белгиланмаган.

Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев 2023 йил сентябрида АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказишни таклиф қилган эди. Унинг таъкидлашича, бир томондан, Қозоғистон дунёдаги энг йирик уран ишлаб чиқарувчиси сифатида «ўз атом генерациясига эга бўлиши керак». Бошқа томондан, «Семипалатинск ядровий полигонининг фожиали меросини» ҳисобга олган ҳолда, президент референдумни зарур деб ҳисоблади.

Қозоғистонда референдум эълон қилинишидан аввал АЭС қуриш ғояси жамоатчилик томонидан муҳокама қилинди. Тингловларда экологлар ва фаоллар радиоактив чиқиндиларни нотўғри утилизация қилиш билан боғлиқ хавфлар туфайли лойиҳани амалга оширишга қарши чиқишди.

Атом электр станциясини Балхаш кўли қирғоғида қуриш режалаштирилган. Лойиҳанинг қиймати 10-15 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид