Сирский Курск областида 600 га яқин россиялик ҳарбий асир олинганини айтди
Генералнинг сўзларига кўра, Россия Курск йўналишига Украинадан 30 минг ҳарбийни олиб ўтган. Украинлар Курск областида 100 та аҳоли яшаш манзилини назорат қилмоқда.
Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский Курск областидаги амалиёт чоғида украин ҳарбийлари 594 нафар россиялик аскарни асир олгани ҳақида маълум қилди. Сирскийнинг сўзларига кўра, Россия Курск йўналишига 30 минг ҳарбий ташлашга мажбур бўлган ва бу рақамлар ўсишда давом этмоқда.
«Украина 2024. Независимость» форуми чоғида Сирский Украина қуролли кучлари Курск областига юриш қилишини Россия кучлари Украинанинг чегара ҳудудларини айнан шу йўналишда мунтазам равишда ўққа тутиб келгани билан изоҳлади.
«Бундан ташқари, душман ушбу йўналишга катта миқдорда қўшин тўплаган ва шу йўналишда юриш амалиёти ўтказишни режалаштирганди», — деган бош қўмондон.
«Қўшинларимизнинг муваффақиятли ҳаракатлари туфайли биз алмашув фондини тўлдириб олдик. Бугунги кунга қадар ушбу йўналишда РФ қуролли кучларининг 594 нафар ҳарбий хизматчиси асирга олинган», — деган Сирский.
Россия ҳарбий идораси ҳозирча Украина қуролли кучлари бош қўмондонининг асир тушган россиялик ҳарбийлар ҳақидаги сўзларига муносабат билдирмади.
Дам олиш кунларида Американинг Washington Post газетаси Украина қўшинининг Курск областидаги амалиёти чоғида олинган, россиялик асирлар акс этган видеокадрларни ўрганиб, украин ҳарбийлари РФ армиясининг камида 247 аскарини асир олгани ҳақида хулосага келганди.
Шу билан бирга, мақолада россиялик ҳарбий асирларнинг янги видеолари чиқишда давом этаётгани ва ҳисоблашда фақат мухбирлар тасдиқлай олган кадрлардаги аскарлар ҳисобга олингани айтилган. Шу туфайли газета асир тушган РФ ҳарбийларининг ҳақиқий сони бундан кўпроқ бўлиши мумкинлигини истисно қилмаганди.
Мақола муаллифлари россиялик асирларнинг кўпчилиги муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ёш аскарлар эканини қайд этишган.
Ўтган ҳафтада BBC мухбирлари Украина қуролли кучларининг Курск областидаги юриши бошланганидан буён чегарани қўриқлаш учун жойлаштирилган ўнлаб аскарлар алоқага чиқмаётганини аниқлаганди. Ҳарбий комиссариатлар сукут сақлаётган, ҳукумат эса йўқотишлар йўқлиги ҳақида ҳисоб бераётган маҳалда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлардан камида 38 нафари Украина асирлигида ва аллақачон бундай аскарлардан икки нафарининг ўлими тасдиқланган.
BBC очиқ манбалар асосида Курск областида украин ҳарбийлари юриш бошлаганидан кейинги даврда алоқага чиқмай қолган 81 нафар аскарнинг рўйхатини тузган.
24 август куни Украина ва Россия «115 га 115» формуласида навбатдаги асирлар алмашувини ўтказди. Россия телеграм-каналлари маълумотига кўра, бунинг натижасида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган ва Курск областида жанглар бошлангач, асир тушган аскарларнинг бир қисми уйга қайтган.
«Рақибнинг катта кучларини жалб этиш»
Сирский юриш заруратини Украина «хавфсиз зона ҳосил қилиш, РФ ҳудудидан туриб ўққа тутишни тўхтатиш, Суми областидаги фуқаролик объектларини ҳимоялаш, шунингдек рақибдан ўтиб кетиш» истаги билан изоҳлаган.
Шу билан бирга, Украина қуролли кучлари бош қўмондони «Курск йўналишидаги юриш мақсадларидан бири рақибнинг сезиларли даражадаги кучларини бошқа йўналишлардан, биринчи навбатда Покровск ва Курахово йўналишларидан чалғитиш бўлгани»ни тан олган.
Сўнгги ойларда Донецк областидаги Россия кучлари стратегик муҳим шаҳар Покровскка аста-секинлик билан яқинлашиб келмоқда. Ҳарбий ҳисоботларга кўра, бу йўналишда РФ армияси ташаббусга эгалик қилмоқда ва украин қўшинларидан сон жиҳатдан ҳам, ўт очиш кучи бўйича ҳам устунлик қилмоқда.
«Албатта, душман буни тушуниб турибди, шунинг учун у ўзининг асосий жанговар бўлинмалари тўпланган Покровск йўналишида асосий кучларини жамлашда давом этмоқда, — деган Сирский бу борада. — Албатта, Курск операцияси унинг кучларининг катта қисмини бошқа томонга йўналтирди. Айни вақтда шуни айтишимиз мумкинки, тахминан 30 минг ҳарбий хизматчи аллақачон Курск йўналишига ўтказилган ва бу рақам ўсиб бормоқда».
Шунга қарамай, Россия қисмлари Покровск йўналишини тарк этмаяпти, Москва эса, аксинча, у ердаги қўшинлари сонини оширмоқда.
Сирский Украина Курск областида 1294 км квадрат ҳудуд ва «ушбу ҳудуддаги 100 та аҳоли яшаш манзиллари» устидан назорат ўрнатганини қўшимча қилган.
Россиянинг расмий манбалари Курск областида айни вақтда Украина қуролли кучлари назоратига ўтган аҳоли яшаш манзиллари сонини келтирмаган. Россия томони бу борада охирги бор 12 август куни маълумот берганди, ўшанда Путин ҳузуридаги йиғилишда Курск области губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов 28 та аҳоли яшаш манзили украин армияси томонидан назорат қилинаётганини айтганди.
Мавзуга оид
13:30
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
23:26 / 09.11.2024
“Ғарбнинг геосиёсий очкўзлиги келишмовчиликлар бош сабаби” – Путиннинг “Валдай”даги чиқиши
17:00 / 09.11.2024
The Telegraph: Трамп режаси Британия қўшинларини Украина чегарасига жойлаштиришни назарда тутади
11:08 / 09.11.2024