28 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Олимпиячилар билан учрашган президент, Оила ва хотин қизлар қўмитасининг асосий вазифалари, “Ташаббусли бюджет”даги мажбурловлар ва Тошкент метроси бекатидаги кичик ёнғин — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Президент олимпиадачилар билан учрашди
Кўксарой қароргоҳида президент Шавкат Мирзиёев Париж Олимпиадасида иштирок этган спортчилар, уларнинг ота-оналари ва мураббийлари билан учрашди.
Давлат раҳбари ўғил-қизларни 33-ёзги Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиб, эришган улкан тарихий ғалабаси билан яна бир бор чин қалбдан самимий муборакбод этди.
"Дунёнинг 200 дан зиёд давлатидан 11 минг нафарга яқин энг машҳур спортчилар қатнашган ушбу нуфузли спорт анжумани биз учун том маънода рекордлар, мислсиз ютуқларга бой бўлди.
Аввало, мазкур Олимпиадада Ўзбекистон биринчи марта энг кўп таркиб билан, яъни 19 та спорт тури бўйича 90 нафар спортчи билан иштирок этганини таъкидлаш лозим”, - деди президент
Олимпия медаллари, мамлакатнинг спорт оламида эришаётган ютуқлари давлатнинг умумий ривожланиш ва инсоний тараққиёт даражасини билдириши таъкидланди.
"Чиндан ҳам, сизлар ғоят кескин беллашувларда юксак жасорат ва матонат кўрсатиб, 8 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медални қўлга киритганингиз мамлакатимизнинг тараққиёт борасидаги юксак салоҳиятини ифода этадиган ёрқин натижадир. Бу тарихий ғалаба Янги Ўзбекистон ёшлари қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир марта амалда намойиш этди", - деди давлат раҳбари.
Мамлакат иштирокчи давлатлар орасида умумжамоа ҳисобида 13-ўринни, Осиё қитъасида 4-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда МДҲ бўйича 1-ўринни эгаллади.
Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг асосий вазифалари
Вазирлар Маҳкамасининг “Оила ва хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Низом билан қўмитанинг вазифа ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ҳисобдорлик ва бошқа органлар билан ҳамкорлик тартиби белгиланмоқда.
Қўмитага 12 та асосий вазифа юклатилмоқда, улар қаторида: хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш; эркаклар ва хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини таъминлаш; хотин-қизларга иш топишда кўмаклашиш, уларнинг тадбиркорлигини ривожлантириш; оила аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бошқалар бор.
Шунингдек, ходимлар учун кўп йиллик ишлаганлик учун қўшимча ҳар ойлик устама тўланади.
ОТБ билан янги ҳамкорлик стратегияси
Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг Ўзбекистон бўйича янги стратегияси мамлакатнинг яшил иқтисодиётга ўтишини қўллаб-қувватлашни назарда тутади.
Янги беш йиллик стратегия доирасида ОТБ Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакатнинг яшил иқтисодиётга ўтишида ёрдам бериш, хусусий сектор ривожланиши ва рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлаш ва инсон капиталига сармояларни рағбатлантириш бўйича яқин ҳамкорлик қилади.
ОТБнинг Ўзбекистон учун янги ҳамкорлик стратегияси мамлакатнинг 2030 йилгача бўлган яшил иқтисодиётга ўтиш бўйича стратегик мақсадларига эришишда қўллаб-қувватлайди. ОТБ Ўзбекистоннинг кўп йиллик ишончли ҳамкори сифатида ташқи глобал ва минтақавий зарбаларга қарамай, мамлакатга барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва кам таъминланганликни камайтиришга ёрдам беришга содиқ қолади.
ОТБ, шунингдек, тўғридан тўғри суверен бўлмаган молиялаштириш ва давлат-хусусий шериклик орқали хусусий секторни қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.
«Ташаббусли бюджет»да мажбурлов ҳолатлари
“Ташаббусли бюджет”да овоз йиғишга мажбурлаш ҳолатлари юзасидан 39 та шикоят тушди. Агар мазкур шикоятлар ўз тасдиғини топса, лойиҳалар овоз бериш босқичидан четлатилади ёки ғолиблар рўйхатидан чиқарилиши мумкин.
Қайд қилинишича, энг кўп шикоят Фарғона вилоятида (7 та) тушган. Шунингдек, Тошкент шаҳрида 6 та, Наманган ва Жиззах вилоятларида 5 тадан шикоят тушган.
Энг кўп шикоят умумтаълим мактаблари (19 та) ва тиббиёт ташкилотлари бўйича (16 та) қайд этилган.
Вазирликнинг эслатишича, барча мурожаатлар тегишли туман (шаҳар) Халқ депутатлари Кенгашларига юборилади ҳамда ҳолат ўз тасдиғини топса, мазкур лойиҳалар овоз бериш босқичидан четлатилади ёки ғолиблар рўйхатидан чиқарилиши мумкин.
«Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 2024 йил 2-мавсумидаги лойиҳаларга овоз бериш жараёни 22 августда бошланди ва 31 август соат 23:59 га қадар давом этади. Лойиҳалар учун 2 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.
«Ўзгариш» метро бекатида ёнғин
Тошкент метрополитенининг “Ўзгариш” метро бекатида ёнғин ёз берди. Бунга релслардаги қисқа туташув сабаб бўлгани, носозлик тезда бартараф этилгани таъкидланмоқда.
«Тошкент метрополитени» изоҳига кўра, 27 август куни соат 19:28 лар атрофида «Ўзгариш» бекатининг контакт релсидаги қурилмалардан бирида қисқа туташув содир бўлган. Юзага келган носозлик машинист ҳамда бекатдаги метрополитен ходимлари томонидан зудлик билан бартараф этилган. Бу вақт давомида поезд ичидаги йўловчилар бекатга туширилган ва 4 дақиқадан сўнг поезд ҳаракати қайта тикланган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқлиги таъкидланмоқда.
Тошкент метросига оид яна бир хабар. Чилонзор йўлининг “Миллий боғ” бекатининг Адиблар хиёбони олдидаги ерости ўтиш йўли ҳам очилмоқда.
Мавзуга оид
21:41 / 22.11.2024
22 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:40 / 21.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:49 / 20.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:05 / 19.11.2024