Спорт | 22:40 / 28.08.2024
25667
2 дақиқада ўқилади

Баҳодир Жалолов ва Ҳасанбой Дўсматовга муддатидан олдин подполковник унвонлари берилди

Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси бўлган ҳар икки боксчи, шунингдек, «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар билан ҳам тақдирланди.

Фото: Миллий гвардия

Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Рустам Жўраев «Париж-2024» Олимпия ўйинларида иштирок этган Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари капитан Баҳодир Жалолов ва капитан Ҳасанбой Дўсматовга муддатидан олдин подполковник ҳарбий унвонларини топширди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.

Тантанали тадбир давомида Миллий гвардия қўмондони буйруғи билан «Париж-2024» XXXIII ёзги Олимпиада ўйинларида муносиб иштирок этган Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари, уларнинг мураббийлари ҳамда ғолибларнинг ота-оналари рағбатлантирилди.

Жумладан, Миллий гвардиянинг «Аъло хизматлари учун» кўкрак нишони ва эсдалик қимматбаҳо совғаси билан, Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчиси капитан Баҳодир Жалолов ҳамда Миллий гвардиянинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчиси капитан Хасанбой Дўсматов тақдирланди. Шунингдек, ҳар икки боксчининг оналари Миллий гвардия эсдалик қўл соати билан тақдирланди.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев, Ўзбекистон терма жамоаси катта мураббийи Раҳматжон Рўзиохунов ҳамда бокс бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси бош мураббийи, Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув маркази катта ўқитувчиси подполковник Элшод Расулов «Миллий гвардия фидойи ходими» кўкрак нишонига муносиб кўрилди.

Бундан ташқари, Миллий гвардия шахсий таркиби орасида ўзларининг садоқати, жасорати ва мардлиги билан ўрнак бўлиб, устоз-шогирд анъаналарига мувофиқ ҳарбий хизматчилар ва ёшлар орасида спортни тарғиб қилишга қўшган улкан ҳиссаси учун, капитан Баҳодир Жалолов ва капитан Хасанбой Дўсматовга Қуролли Кучлар Олий бош қўмондонининг рухсати билан навбатдан ташқари подполковник ҳарбий унвони муддатидан олдин берилди.

Мавзуга оид